Яратилиш санаси 23.09.2021

Устозларни эҳтиром қилиш вожибдир!

Маълумки, муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёсдир. Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси ‒ буюк шарафдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар. Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

“Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек,  яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун башариятга Устоз қилиб юборилганлари ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар: 

 “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, ‒ дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, шундай деганлар:

 Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим услублари шу қадар мукаммал ва манфаатли бўлганки, У Зот берган таълимни ўзлаштирган толиби илмлар бутун жаҳонга машҳур бўлиб, етук зотлар бўлиб етишган. Буюк саҳобаи киром Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг муаллимликларини мақтаб шундай деган:

 “Ота-онам У Зотга фидо бўсин! У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам У Зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, У Зот мени жеркимаганлар ҳам, урмаганлар ҳам ва сўкмаганлар ҳам!” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим бўлганликлари учун бугунги кунимизда барча муаллимлар У Зотдан ўрнак олишлари айни муддаодир.

Маълумки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Ҳукуматимиз томонидан таълим соҳаси ва ўқитувчи-мураббийларга кўрсатилаётган бундай эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, улар тарбиялайдиган билимли, ҳам маънавий, ҳам жисмоний кучли фарзандларимиз давлатимиз келажаги бўлади. Бизнинг мусулмонлик бурчимиз ‒ ҳар бир яхшиликка шукр айтиш ва бу хайрли ислоҳотларда фаол бўлиб, имкон борича қўллаб-қувватлашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки, вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, ҳар бир шогирд устози вафот этган бўлса, устозидан олган билимини бошқаларга тарқатиши ва устозини ҳаққига дуо қилиб туриши шогирдлик бурчларидан ҳисобланади. 

Ривожиддин Насритдинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари