Ҳанафий мазҳаби асосчиси, ҳаёти ва илмий фаолияти
Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи билан машҳур бўлган Абу Ҳанифага нисбат берилган мазҳабнинг номи. Абу Ҳанифанинг ўз исмлари Нўъмон ибн Собит ибн Зуто ал – Куфий бўлиб, Зуто Қобул шаҳрида таваллуд топганлар. Қавмиятлари, миллатлари форслардан. Зутодан Куфада Собит исмли фарзанд дунёга келади. Зуто ва ўғли Собит Куфада Али р.а.ни кўришган. Собитдан эса бизнинг имомимиз – Нўъмон ибн Собит, лақаблари Абу Ҳанифа, унвонлари Имоми Аъзам бўлган зот Куфада 80 ҳижрий йилда туғилган ва 150 ҳижрий йилда вафот этган.
Куфада савдогарчилик қилганлар. Абу Ҳанифа кўпгина таниқли уламолардан фиқҳ, ҳадис илмларини олган. Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг ҳузурида ўн олти йил илм олиб фақиҳ бўлиб етишган. У кишининг калом (ақийда) илмида "Ал Фиқҳ ал Акбар", ҳадис илмида "Муснад" китоблари бор. Лекин фиқҳ илмида у кишининг асарлари йўқ.
Кўпгина уламолар Абу Ҳанифани тобеъин эканлигига иттифоқ қилишган. Баъзи уламолар Абу Ҳанифа Анас ибн Моликни кўрган ва у кишидан:
"طلب العلم فريضة علي كل مسلم"
“Илм ўрганиш ҳар бир мўминга фарздир” деган ҳадисни ривоят қилган дейишади ва бу уламолар кўпчиликни ташкил қилади.
Абу Ҳанифа етук шогирдларни етиштириб чиқарган. Абу Юсуф, Муҳаммад аш – Шайбоний, Зуфар ибн Ҳузайл ва Ҳасан ибн Зайёдлар ана шулар жумласидандир.
Халифа ал-Мансур (754-775 мил.) Абу Ҳанифага янги пойтахт Боғдодда қозилик ёки бошқа истаган юксак лавозимни таклиф қилган. Бироқ Абу Ҳанифа бу таклифни қатъиян рад этган. Шунда халифа Мансур уни қамаб, турли қийноқларга солган. Абу Ҳанифа кўп ўтмай Боғдодда вафот этган.
Устози Ҳаммод вафот этганда Абу Ҳанифа қирқ ёшда эди. Абу Ҳанифа устозининг бўшаб қолган ўринларига ўтириб дарс бера бошлади. Абу Ҳанифанинг бу илм ҳалқаларида исломнинг ҳамма ҳукумлари, яъни ибодат, муомалат ва жазоларга оид амир ва қайтариқларини янгидан, бошдан кўздан кечирилиб ўрганиларди. Мавзуларига кўра тасниф қилиниб ёзилган бу масалаларни Зоҳир ар-Ривоя номи билан қаламга олган Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийдир. Аш-Шайбоний (ваф. 189ҳиж. / 805мил.) жуда ёшлигидан бошлаб Абу Ҳанифанинг илм мажлисларида қатнаша бошлаган. Абу Ҳанифанинг вафотидан кейин таълим олишни Абу Юсуфнинг олдида тамомлаган.
Абу Юсуф ва имоми Муҳаммад мазҳабнинг ташқил топишида катта таъсир қилган Ҳанафий мужтаҳидларидандир.
Абдуллаев Азимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси