Яратилиш санаси 11.01.2025

“ИСЛОМ” НИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ШАРЪИЙ МАЪНОСИ

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбаримизнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ Таоло ихтиёр қилган. Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло: “Ва сизга исломни дин деб, рози бўлдим”, дейди. (“Моида” сураси, 3-оят).

 Ислом сўзининг луғавий маъносига келсак, бу сўзни луғат олимлари, тафсирчилар ва бошқа олимлар чуқур ўрганиб чиққанлар ва бу сўз қуйидаги маъноларни англатишини уқдириб ўтганлар. 

  • Ихлос.
  • Турли офатлардан саломат бўлиш.   
  • Сулҳ ва омонлик
  • Итоат ва бўйсунишдир.

Исломнинг шаръий маъноси, Ислом “Аллоҳ ягона”деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқликдир. 

Қуръони Каримда ислом ширкка (Аллоҳнинг шериги бор, деб ишонишга) қарши қўйилган. Бошқа оятларда Ислом Аллоҳга ихлос қўйиш ва унга бўйсуниш, итоат қилиш маъноларида ҳам келган.

Аллоҳга итоат қилган ва Аллоҳ юборган Пайғамбарларга эргашган киши мусулмон дейилади.

Нуҳ пайғамбар тўғрисида Қуръонда Каримда шундай дейилади: “Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман”  (Юнус сураси 72- оят).

Иброҳим пайғамбар ҳақида шундай оят бор: “Чунки Робби унга: Мусулмон бўл!” – деганида у: “Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим”, деди     (Бақара сураси 131- оят).

Юсуф пайғамбар ҳам Аллоҳ қараб шундай деган: “Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин” (“Юсуф” сураси 101-оят). 

Яна, Қуръони каримда Мусо (а.с) тилидан шундай дейилган: “Эй қавмим агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат унгагина таваккал қилинг”. (“Юнус” сураси 84-оят).          Исо пайғамбар ҳақида шундай дейилган: “Исо улардан кофирларни сезиб қолганда: “Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!”-деди. Хаворийлар: “Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизлар мусулмонлигимизга гувоҳ бўл”-дедилар” (“Оли имрон” сураси 52-оят). 

Мана шу оятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни тавҳидига даъват қилиш учун юборган. Муҳаммад (с.а.в) пайғамбар бўлганларидан сўнг бу ҳақиқат юзага чиқди. Барча одамларни ислом дини атрофига йиғилишга чорловчи даъват янгради. “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин исломдир. Китоб берилганлар, фақат, уларга илм келгандан сўнг, ўзаро ҳасад қилишибгина, ихтилоф қилдилар.” (“Оли имрон” сураси 19-оят). 

Агар дин битта бўлса, унда келишмовчилик туғулиши мумкин эмас. Христиан, Яхудий, Ислом динига эргашувчиларнинг ўзаро келишмовчиликлари Аллоҳнинг таълимотига хилофдир. 

Динларнинг асли бир эканлиги Қуръони карим эълон қилган хақиқат бўлиб, динлар орасидаги ихтилофларга қараб туриб “Дин бекор гап” деювчиларнинг шубхасини чиппакка чиқаради. Уларнинг айтишича, ҳар бир пайғамбар ўз хохишига бир дин ихтиро қилиб, ўзидан аввалги ўтган пайғамбарларга қарши чиқар эмиш. Бу, хақиқатдан ўзга гапдир. Хақиқатда эса Қуръон нуқтаи назаридан, динларнинг асли бир бўлиб, шариатлар турличадир. Аллоҳ таоло ислом дини охирги дин бўлишини ихтиёр қилди. Муҳаммад (а.с)нинг шариатлари эса, ўзидан олдинги барча шариатларни насх (бекор) қилади. Бу шариат ниҳоятда ривожланган инсонлар учун барча замон ва маконга мос келадиган шариатдир. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади: “Ким Исломдан бошқа динни ҳоҳласа, бас, ундан бу харгиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардан бўлади.” (“Оли имрон” сураси, 85-оят)

Отаханов Адҳамжон

таълим муассасаси ўқитувчиси