ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Ислом тараққиётининг хусусиятларини баъзи олимлар қуйидагича таърифлайдилар. “У инсоннинг маданияти маҳсулини кўпайтиришга кўмаклашадиган ижтимоий низом”. Ислом цивилизацияси 4 асосий устундан ташкил топади:
1. Иқтисодий бойлик.
2. Сиёсий низом.
3. Халқнинг урф-одати.
4. Илм-фанга эътибор.
Унинг юксалишига жуғрофий, иқтисодий ҳамда дин, тил ва тарбия каби руҳий омиллар сабаб бўлади. Ислом цивилизацияси қиссаси инсон пайдо бўлиши билан бошланган. Ислом цивилизацияси ҳам инсоний ривожланиш занжиридан бир халқадир.
Ислом цивилизацияси бошқа цивилизациялардан қуйидаги хусусиятлари билан жаралиб туради:
1. У ақидада мутлоқ ваҳдоният асосига барпо бўлган, ҳукмда-ю, мулкда шериксиз ягона илоҳга даъват қилган биринчи ҳазорадир.
2. У мақсад ва интилишда инсоний урф ва рисолатда оламийдир. Қуръони карим ирқ, насаб ва ватандан қатъий назар инсон қавмининг бир эканини баралла эълон этди. “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст биродар бўлинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги ҳурматлироғингиз тақводор-роғингиздир” (“Ҳужрот” сураси 13-оят).
Албатта, Қуръон бу оламий, инсоний ваҳдониятни ҳақиқат, эзгулик ва икром чўққисида эълон қилганда унинг ҳазорасини бир маржон каби қилдики, унда барча миллат ва элатларнинг даҳолари тизилишди.
Шунинг учун исломий тараққиёт ўзининг барча миллат ва элатлардан иборат умумий оиладан чиққан даҳо ва истеъдод эгалари билан фахрланади. Абу Ҳанифа, Молик, Шофиий, Аҳмад каби фақиҳлар, Ҳалил, Себвайҳ каби тилшунослар Киндий, Ғаззолий, Форобий ибн Рушд каби Шарқ файласуфлари ва бошқаларни келиб чиқишлари, ватанлари турли-туман бўлса-да, улар мисолида исломий тараққиёт инсоният жамиятига энг гўзал инсоний тафаккур гулшанини тақдим этгандир.
3. У барча низомларда ва турли ҳаракат майдонларда биринчи ўринни ахлоқий асосларга ажратган. Ҳукмда, илмда, қонунчиликда, уруш ва тинчликда, иқтисодда ва оилада қонунан ва тадбиқан ушбу асосларга риоя қилинди.
4. У илмнинг чин манбаи ва ақиданинг соф асосига таянишидир. У давлат учун ҳақиқат ва адолат асосларига қурилган низомни тузишга қодир бўла олди. Буни тузишда у дин ва ақидага таянди. Дин давлат тараққиёти ва юксалишига тўсиқ бўлиб қолмади. Балки буларнинг асосий тараққиёт омилларидан бўлди. Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Самарқанд, Бухоро, Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) шаҳарларидан таралган илм зиёси бутун дунёга ёйилди. “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг (с.а.в) қизи Фотима ўғирлик қилганда ҳам Муҳаммад (с.а.в) унинг қўлини албатта кесарди”. “Халқнинг барчаси Аллоҳ аҳлларидир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлларига манфаатлироғидир”.
Ислом тараққиёти, унинг устида қурилган дин мана шудир. Унда бошлиққа ҳам, дин кишисига ҳам, обрўликка ҳам, бойга ҳам имтиёз йўқ. (…Эй Муҳаммад, (с.а.в) уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби одамдирман”. (“Каҳф” сураси, 110-оят).
5. Бу тараққиёт хусусиятлардан ўзига хос охиргиси ажойиб диний эркинлик бўлиб, дин устига қурилган бирор-бир цивилизация бундай эркинликни билмайди.
Отаханов Адҳамжон
таълим муассасаси ўқитувчиси