Яратилиш санаси 22.01.2025

Қиз фарзанд тарбияси

Аллоҳ таоло бу дунёни яратиб, ҳамма махлуқларини жуфт-жуфт қилди. Бани башар, одамзодни ҳам бир эркагу бир аёлдан яратиб, бу дунёда тарқалди. Аллоҳ таоло кимгадир фарзанд бериб имтиҳон қилса, кимгадир бермасдан имтиҳон қилади. Фарзанд Парвардигор томонидан берилган бир омонатдир. У хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин ҳаммасига баббаравар тарбия қилиб, ўстириш лозим. Динимиз Ислом динида ўғил бола ва қиз болалар тарбиясига алоҳида – алоҳида эътибор берилади.

Ҳаётда кўпинча қиз ва ота бир-бирига мойил бўлишади. Қиз бола бу дунёнинг райҳони кабидир. Кўпгина шоирлар ҳам қиз болани гулга ўхшатишади, чунки қиз боланинг гул каби ифори бор, муаттарлиги бор. Беғубор кулганида дунё ёришади, хафа бўлиб йиғлаганида барчанинг кўнгли безовта бўлади. Қиз бола бу аёл дегани, аёл эса жамиятнинг, зурриётлар тарбиясининг асосидир. Ота-онага Парвардигорнинг нозик инъоми бу – қиз фарзанд беришлигидир. Аммо жоҳилият даврида араблар ва кўпчилик миллатларда қиз болани таҳқирлаш ҳаддан зиёд эди. Айниқса, арабларда шундақа ваҳшиёна урф-одатлар бор эдики, ҳатто қиз бола катта бўлиб, урушларда қатнаша олмайди, қайтага, асир тушиб бизга шармандалик келтиради, деб қиз болаларни тириклай кўмиб юборар эдилар. Шунинг учун бу ноинсоний одатларни қоралаб, Худои таоло Қуръони каримда зикр қилиб ўтади:

وَإِذَا الْمَوْؤُودَةُ سُئِلَتْ (8) بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ

Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса, у нима гуноҳи учун ўлдиралган[1]

Жоҳилият даврларида, аёл жинси ерга урувчи ахмоқона урф-одатлар бор эди. 4-5 ёшга тўлган қиз болаларни тириклайин кўмиб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб ғурур билан гердайиб юришар эди. Ўша пайтларда тарихнинг гувоҳлик беришича, қиз бола 4-5 ёшга етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига қизингни ясантириб бер, ўйнатиб келай, дер эди. Бечора она “ўйнатиб келиш” нима эканлигини яхши билса ҳам, жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. Бечора она юрак-бағри тилка пора бўлган ҳолда, қон ютиб, ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота номидаги махлуқ бўлса, қизни чеккароқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда қизни ўшанга тушиб ўйнашга амр этар ва чуқурда ўйнаб турган гўдакни ўйини, ўйинчоғи билан бирга шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Ва шунга ўхшаш муомалалар бошқа милатларда ҳам бўлган. Ана ўшандай ваҳшиёна одатларга биринчи бўлиб Ислом дини қарши чиқиб, барҳам берди.

Шунинг учун мушригу мунофиқларни Қуръонда Аллоҳ таоло шундай сифатлайди:

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالأُنثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ (58) يَتَوَارَى مِنَ الْقَوْمِ مِن سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ أَيُمْسِكُهُ عَلَى هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ أَلاَ سَاء مَا يَحْكُمُونَ

Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинур. У қизни хорликла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон[2].

Ҳозирга пайтда келиб шу хил ҳолатлар бизларда ҳам намоён бўлмаяптимикан?!

Саодат асрида Ҳаким ибн Ҳизом исмли саҳоба бор эди. Ҳазрати Хадича онамизга қариндош бўлган Ҳаким ибн Ҳизом олийжаноб, сахий ва яхшиликни севувчи бир киши бўлиб, жоҳилият даврида қизларини тириклай ерга кўмишга қасд қилган кишилардан қизларини сотиб олиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қоларди. Шу саҳоба бир куни Пайғамбаримиз с.а.в.дан: “Жоҳилият даврида қилган яхшиликларимнинг менга фойдаси тегадими”, деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Сенинг бу гўзал амалларинг Исломга киришингга сабабчи бўлди”, деб жавоб бердилар. 

وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса, Аллоҳ биладир, сиз билмассиз[3]

Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:"جَعَلَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ الرَّحْمَةَ مِائَةَ جُزْءٍ، فَأَمْسَكَ عِنْدَهُ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ جُزْءًا، وَأَنْزَلَ فِي الأَرْضِ جُزْءًا وَاحِدًا، فَمِنْ ذَلِكَ الْجُزْءِ يَتَرَاحَمُ الْخَلْقُ، حَتَّى تَرْفَعَ الْفَرَسُ حَافِرَهَا عَنْ وَلَدِهَا خَشْيَةَ أَنْ تُصِيبَهُ

Аллоҳ таоло раҳмни 100 бўлак қилиб яратди-да, ундан 99 бўлагини ўз наздида қолдириб, бир бўлагинигина ер юзига туширди. Мана шу бир бўлак раҳмат билан ҳамма махлуқотлар бир-бирига раҳм қилишади, ҳатто от ҳам ўз тойчоғига тегиб кетмасин деб аяб, оёқларини юқорига кўтариб туради”.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : مَنْ عَالَ جَارِيَتَيْنِ حَتَّى يَبْلُغَا ، جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَنَا وَهُوَ كَهَذَيْ ، وَضَمَّ إِصْبَعَيْهِ

Кимики икки қизни турмушга чиққунларича вояга етказиб тарбияласа, қиёмат куни мен ва у мана бу иккисига ўхшаб келади”, деб бармоқларини бир-бирига қўшиб кўрсатдилар.

فَقَالَ النَّبِيّ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ اُبْتُلِيَ مِنْ هَذِهِ الْبَنَات بِشَيْءٍ فَأَحْسَنَ إِلَيْهِنَّ كُنَّ لَهُ سِتْرًا مِنْ النَّار "

Кимгаики Аллоҳ таоло қиз неъмати билан сийласа, сўнгра уларни чиройли тарбияласа, улар отаси учун дўзахдан парда бўлишади”. 

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ كَانَ لَهُ ثَلاَثُ بَنَاتٍ أَوْ ثَلاَثُ أَخَوَاتٍ أَوِ ابْنَتَانِ أَوْ أُخْتَانِ فَأَحْسَنَ صُحْبَتَهُنَّ وَاتَّقَى اللَّهَ فِيهِنَّ فَلَهُ الْجَنَّةُ ».

Кимнинг 3та қизи ёки 3та синглиси бўлса ёки 2та қизи ёки 2та синглиси бўлса, сўнгра уларни гўзал ахлоқ ва чиройли муомала билан тарбият қилса, қизлари ёки сингиллари албатта унинг жаннатга киришига сабабчи бўлади”.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « من كان له ثلاث بنات ، أو مثلهن من الأخوات ، فكفهن ، وعالهن ، وجبت له الجنة » . قلنا : يا رسول الله ، وثنتين ؟ قال : « وثنتين » . ونرى لو قلنا واحدة ؟ قال : « نعم »

Кимнинг 3та қизи ёки синглиси бўлса, кейин уларни ўз қўлида тарбия қилиб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши албата муқаррадир”. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, унинг иккита қизи бўлса-чи?”-деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар.бошқа бир ривоятда: “Битта бўлса-чи?” деб сўраганларида. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа”, дедилар.

أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : « من كَانَ لَهُ ثَلاَثُ بَنَاتٍ فَصَبَرَ عَلَيْهِنَّ فَأَطْعَمَهُنَّ وَسَقَاهُنَّ وَكَسَاهُنَّ مِنْ جِدَّتِهِ كُنَّ لَهُ حِجَاباً مِنَ النَّارِ »

Кимнинг учта қизи бўлса, сабр қилиб уларни таомлантирса, ичирса, кийдирса имконияти борича, улар отаси учун дўзахдан парда бўлишади”.

Ҳазрати Оиша онамиз р.а. ҳикоя қиладилар. Ёшгина бир қиз Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: “Менга совчилар кўп келмоқдалар, уйланишни истайдилар. Аммо мен турмуш қуриш хусусида ҳеч нарсани билмайман. Турмушга чиққан қиз эрига қандай хизматда бўлиши лозим, қандай вазифаларни адо этмоғи керак? Токи турмуш қурган қиз дунё ва охират саодатига етиш йўлига кирсин”, деди.

Расулуллоҳ с.а.в. “Хотин учун энг буюк ҳақ соҳиби, эридир. Хотин қанча хизмат қила олса қилсин, аммо эрининг ҳаққини ҳеч вақт ўтай олмайдир”, деб марҳамат қилдилар. Ёш қиз: “Ё Расулуллоҳ! У ҳолда мен турмушга чиқмайинми? Бунчалик хизмат ва вазифаларни ўрнига қўя олрамиканман?” деди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Сен турмуш қур. Чунки турмуш қурмоқ хайрлидир. Лекин эр ҳурматини ўрнига қўймоқ хусусида кўп диққат қилиниши зарур. Хотин 5 вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, номус-ор ва шарафини сақласа, эрига итоат қилса Роббининг жаннатига киради”, деб буюрдилар.

Дин насиҳат биландир. Насиҳат тинглганлар динни жуда яхши ўрганадилар. Насиҳат тинглаб юрганлар дунёда хотиржам ва бахтиёр бўлурлар.

“Азизам, қизим! Агар бир қиз ота ва онасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен ҳеч замон узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат, мақом ва эътибор соҳибидир. Сен шундай бир одамнинг қизисан. Лекин ҳаёт бошқачадир. Аллоҳ таоло бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон Аллоҳ таоло берган қонунлар чегарасида ҳаётини ўтказади. Аллоҳ таоло берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўядиган вақти келганда, ҳар бир қиз бир кишига, ҳар бир йигит бир аёлга муҳтож бўлади. эракалар хотинлар учун, хотинлар эса эркаклар учун яратилгандир. Яъни бир хотин бир эркак билан, бир эркак эса бир хотин билан дўст, маҳбуб ва маҳбуба бўлиб оила қурмоқликка муҳтож шаклда чратилгандир. Бу Парвардигори олам қонунидир. Бу қонунни ҳеч ким буза олмайди ва қиёматга қадар давом этади.

Шу сабабли сен, қизим, туғулиб-ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб, ўйнаб юрган ерингдан чиқиб ўзинг билмайдиган, нотаниш бир уйга борасан. Шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига бўладиган уйга борасан.

Эй менинг жигарпорам, суюкли қизим, кўзимнинг нури, болажоним! Сенга шуларни айтаман. Сен хожангга шундай хизмат қилки, у ҳам сенга хизматкор бўлсин! Сен унга ер бўлки, усенга осмон бўлсин! Сен эрингга бир уй бўл, у сенга устун бўлсин!

Меҳрибон қизим, меҳрибоним! Энди сен мени диққат билан тингла! Сенга баъзи бир мезонларни айтиб ўтаман. Уларга яхши эътибор бергин. Ҳеч улар ёдингдан кўтарилмасин, улардан вақти келганда фойдаланасан. Бу ҳозир айтадиганларимга амал қилсанг, эринг билан гўзал ҳаёт кечирасизлар, шодон, бахтли ва саодатли бўласизлар. Бизлар ҳам ҳар икки оила – бизнинг ҳам, эрингнинг оиласи ҳам ҳузур-ҳаловатда бахтиёр бўламиз. Акс ҳолда иккала оилада ҳам ҳузур – ҳаловат йўқолади. Сен ўзинг бир жаҳаннамда яшагандай бўлсан. Жоним қизим! Энди сенга айтадиган 10 ўгитимга, насиҳатимга қулоқ сол! Буларни доимо ёдингда тут:

1. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб, хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!

2. Эрингга итоат қил, қил деган ишларини қил, қилма деганини қилма! Яъни эринг билан суҳбатлашганда, мулоқотда бўлганда итоатли бўлишингни, унинг сўзларини одоб билан тинглаб адо этишингни сенинг сўзлашиб, қулоқ солишингдан тушуниб оладиган бўлсин. Шунда Аллоҳ таоло сендан хушнуд ва уйингиз бахт нуридан порлоқ бўлади.

3. Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, хожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.

4. Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хуш бўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эринг кўз ўнгида сенинг обрўйингни туширади. Сендан жирканишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгилки, тозалик ва зарифлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига хуш кўринишлик шулар биландир.

5. Овқатни вақтида тайёрла. Яъни овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтда овқатингни тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг тез жаҳлини келтиради.

6. Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнин тайёлаб қўй. Зеро, уйқусизлик инсонни хафақон этади. Асаблари бузуқ, хафақон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини аста секин сўндиради.

7. Жуфтингнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни завжангнинг моли-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг молу дунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик иш билиш ва қадрига етиш демакдир.

8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни жуфту ҳалолингнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат, эрингнинг эътиборини қозонмоқ демакдир. Уларни ҳурмат қилиш эрни ҳурмат қилиш демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишдир.

9. Умр йўлдошингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни эрингнинг баъзи сирларин билган вақтингда эҳтиёт бўлиб, уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оилангиз бузилади.

10. Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни жуфту ҳалолингнинг динга уйғун бўлган буйруқларини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.

Шуни яхши билиб олгинки, эринг хафа бўлганда сен хурсанд бўлишдан ёки у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд бўлишинг, унинг қувончли онларида сенинг ғамгин кўринишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳм – фаросатсиз ва тарбияси ёмон одамларга муносиб ишдир. Бу сен каби юксак бир тарбия кўрган ақлли ва оқила хотинларга муносиб эмас.

Қизалоғим, жуфту ҳалолингга қанчалик кўп севги ва ҳурмат кўрсатсанг, ўзинг шунчалик муҳаббат ва ҳурматга эришасан. Айтганларини қандай бажарсанг, сўзларини тингласанг, шу даражада муҳаббат ва ҳурматга сазовор бўласан. Кўзимнинг нури, жон қизим, шуни яхши билгилки, бу ўгитларимни ўрнига қўйиб бажариб, керигачалик амал қилиб, ўзингнинг шахсий истак ва орзуларингга эришишинг учун эринг ҳам ўз истаклрига эришиши керакдир. Эринг – хожангнинг истакларини ўзингнинг орзу-истакларинг деб билсанг, у ҳолда бу насиҳатларимга амал қилган бўласан!

[1] Таҳрим 8-9

[2] Наҳл 58-59

[3] Бақара 216

[4] Таҳрим, 6

Султонмаҳмудов Абдулмажид

таълим муассасаси ўқитувчиси