Яратилиш санаси 24.01.2025

Беҳуда сўзлардан тилни тийиш - Исломнинг гўзал ахлоқларидандир!

Исломнинг гўзал ахлоқларидан бири бу беҳуда-бекорчи сўзлардан тилни тийишдир. Буни ҳадиси шарифда Сарвари коинот Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مِنْ حُسْنِ إِسْلاَمِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لاَ يَعْنِيهِ ».

Ўзига кераксиз нарсани тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир” 

Яъни беҳуда нарсаларни, яъни у хоҳ сўз бўлсин, хоҳ у амал бўлсин мусулмон киши ўша нарсани қилмаслиги бу ахлоқининг гўзаллигидан далолат қилади. Ислом динини ҳақиқатини англаган бўлади.

Мусулмон киши оғзидан ортиқча бекорчи сўз чиқармасин. Динига фойдали гапларнигина гапириши, бирон фикр айтишдан аввал унинг оқибатини ўйлаши, фойда-зарарини мулоҳаза қилиши лозим. Агар бефойда бўлса, ундай сўздан ўзини тийиши, агарда фойдали бўлса ҳам мабодо шу сўзни айтса, ундан кўра фойдалироғи қолиб кетмасмикин, деб тафаккур қилиши ва у сўзни зое кетказмаслиги керак. Дилдаги нарсани тилнинг ҳаракатидан билиб олиш мумкин, чунки соҳиби хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, тил қалбдаги асрорлардан хабар беради. Яҳё ибн Маоз айтадилар: “Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарса билан қайнаб туради, тиллар эса, унинг чўмичидир. Бирон киши гапираётганида унга назар солиб тургин, чунки унинг тили қалбида бор нарсани олиб чиқади. Хуллас, дилнинг таъмини баён қилади”. Яъни, тил чўмичи билан қозондаги таом мазаси билингани каби, инсоннинг қалбидаги нарсани гапидан билиб олиш мумкин.

Ва яна бир ҳадисда айтилганидек: “Ким сукут сақласа, нажот топади”.

Қуръони азим уш шуаънда Худои таборак ва таоло мусулмон киши ўзаро ҳамсуҳбат бўлганда чиройли одобда бўлишини буюраяпти:

وَقُل لِّعِبَادِي يَقُولُواْ الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ الشَّيْطَانَ يَنزَغُ بَيْنَهُمْ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلإِنْسَانِ عَدُوًّا مُّبِينًا

Менинг бандаларимга айт, (ўзаро сўзлашганда) яхши сўзларни сўзласинлар. Албатта, шайтон уларнинг орасига душманлик солиб туради ва албатта, шайтон инсонга очиқ душмандир[1]

Дарҳақиқат, ҳаётимизда учрайдиган ҳолат кўп эътибор берганмизки, қўпол одамларнинг дўстлари жуда кам бўлади. улар ўзларининг ёмон муомаласи билан бор дўстларини ҳам йўқотадилар. Оятга кўра шайтон инсонларни ширинсўз бўлишдан узоқлаштириб, шу йўл билан уларнинг орасига душманлик солиши ва шунинг натижасида лаъин икки тараф орасини бузиш учун, уларнинг қалбларига бир-бирларига нисбатан васваса солади. Кейин улар бир-бирларини камситувчи, таҳқирловчи сўзлар билан ҳақоратлайдилар ва охир оқибат жанжал билан тугаб, орадаги дўстликка барҳам топади. Бир оғиз ширинсўз ишлатилмагани учун.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " من كفَّ لسانه ستر اللهُ عورته ومن ملك غضبه وقاه الله عذابه ومن اعتذر إلى الله قبَّل الله عذره

Ким тилини сақласа, Аллоҳ таоло айбларини беркитади. Ким ғазабини бошқара олса, Аллоҳ таоло азобидан сақлайди. Ким Аллоҳ таолодан кечирим сўраса, Аллоҳ таоло узрини қабул қилади

Суфёни саврий дейдилар: “Менга камоннинг ўқини отгани тили билан отгандан кўра яхшироқ. Чунки тилниннг хато қилмайди, аммо ўқни отса гоҳида хато кетади”.

Муҳтарам жамоат, инсон зоти, яъни сизу биз мукаллафмиздир. Ҳар бир сўзимиз ва ишимиз учун эрта қиёматда жавоб берамиз. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида: 

مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

“(Инсон) бирор сўз айтмас, магар (айтса ҳам) олдида ҳозиру нозир (фаришта)лар бор (у сўзни ёзиб олурлар)[2]

 Имом  Нававий айтадилар: “Билгинки, вояга етган ҳар бир инсон барча сўзлардан тилини тийиши лозим, фақат фойдали гапларнигина айтиш керак. Мабодо бирон сўз фойда ҳам, зарар ҳам келтирмайдигани маълум бўлса, ундай сўздан ўзини сақламоқлик суннатдир. Чунки бундай мубоҳ – ҳеч зарарсиз сўзлар ҳам гоҳо ҳаром ёки макруҳ ишларга сабабчи бўлиб қолади. Салафи солиҳлар ҳаттоки “Кун иссиқ ёки кун совуқ” каби сўзларни ҳам аввал мулоҳаза қилиб сўнгра айтар эдилар”.

Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: “Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ”.

Абу Дардо р.а. айтадилар: “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғизу иккита қулоқ берилган”.

Тилни тийиш ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бир неча ҳадислари бор:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ

 

Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман

أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : مَنْ كَثُرَ كَلامُهُ كَثُرَ سَقَطُهُ ، وَمَنْ كَثُرَ سَقَطُهُ كَثُرَتْ ذُنُوبُهُ ، وَمَنْ كَثُرَتْ ذُنُوبُهُ كَانَتِ النَّارُ أَوْلَى بِهِ. مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ

Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди. Кимни гуноҳи кўпайса, дўзахга тушиши бор. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим ўтирсин”.

Ибн Масъуд р.а. Аллоҳнинг номига қасам ичиб айтар эдиларки: “Ер юзида узоқ муддат қамаб қўйишига энг муҳтож нарса тилдир”.

Амирал муъминийн ҳазрати Абу Бакр р.а. тилларидан бирон ортиқча сўз чиқиб кетмаслиги учун, оғизларига доимо тош олиб юрар эдилар.

Мухаллад ибн Ҳусайн: “50 йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим”. 

Ҳакимлардан бири: “Тил йиртқич ҳайвон каби. Агар уни қўйверсам, мени еб қўяди”.

Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Сизни бунчалик ҳикматга нима етказди?”, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жавоб берган экан.

Айримларимиз касод учраётганимиз ёки бошимизга балоларнинг келишилиги ёки ишимизнинг юришмаслигининг сабаби бу тилдан қилаётган гуноҳларимиздадир. Мана шу тил билан ношукрчилик қилинади, туҳмат, бўҳтон қилинади. Бировни ғийбат ёки бир дўстни бошқа бировга чақишлик ва яна жуда катта гуноҳлардан бири бу ёлғончиликдир. Аллоҳ таоло дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا ! يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَن يُطِعْ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا !

Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ таоло) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди[3]

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ رَفَعَهُ قَالَ « إِذَا أَصْبَحَ ابْنُ آدَمَ فَإِنَّ الأَعْضَاءَ كُلَّهَا تُكَفِّرُ اللِّسَانَ فَتَقُولُ اتَّقِ اللَّهَ فِينَا فَإِنَّمَا نَحْنُ بِكَ فَإِنِ اسْتَقَمْتَ اسْتَقَمْنَا وَإِنِ اعْوَجَجْتَ اعْوَجَجْنَا ».

Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: “Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз”, дейдилар”.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، أَنَّهُ ارْتَقَى الصَّفَا فَأَخَذَ بِلِسَانِهِ، فَقَالَ: يَا لِسَانُ، قُلْ خَيْرًا تَغْنَمْ، وَاسْكُتْ عَنْ شَرٍّ تَسْلَمْ، مِنْ قَبْلِ أَنْ تَنْدَمَ، ثُمَّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:أَكْثَرُ خَطَايَا ابنِ آدَمَ فِي لِسَانِهِ.

“Абдуллоҳ Сафо тоғига чиқиб, тилларини кўрсатиб дедилар: “Эй тил, фақат яхши сўзни гапир, бой бўласан. Пушаймон бўлишдан олдин, ёмон гаплардан сақлан, саломат қоласан”. Сўнгра дедилар: “Мен Расулуллоҳ с.а.в.дан эшитдим: “Одам фарзандининг кўпгина хатоси ўзининг тилидандир”, деб марҳамат қилганлар”.

عَنْ جَابِر أَنَّ رَسُول اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " إِنَّ أَبْغَضكُمْ إِلَيَّ وَأَبْعَدكُمْ مِنِّي يَوْم الْقِيَامَة الثَّرْثَارُونَ وَالْمُتَشَدِّقُونَ وَالْمُتَفَيْهِقُونَ "

Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадинингиз

Авзоъий дейдилар: “Мўмин гапини камайтириб, амалини кўпайтиради. Мунофиқ гапини кўпайтириб, амалини камайтиради”.

Луқмони Ҳаким ўғлига айтди: “Эй ўғилгинам, ким ёмон кишининг суҳбатида бўлса, саломат бўлмайди. Ким ёмон жойга кирса, туҳматланади ва кимики тилига эгалик қилмаса, пушаймон ейди”

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинди: “Ҳаким кишининг тили қалбининг орқасидадир. Агар гапирмоқчи бўлса, қалбига қарайди, мабодо у сўзда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмайди. Аммо нодоннинг қалби тилининг атрофида, у қалбига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади”.

[1] Исро 53

[2] Қоф 18

[3] Аҳзоб 70-71

Султонмаҳмудов Абдулмажид

таълим муассасаси ўқитувчиси