Яратилиш санаси 29.09.2021

Инсоний табиатимизни англаш

Нафсимиз фақат роҳат ва лаззатланишни истайди. Нафсимизга бунга сабаб бўладиган нарсаларнинг ҳалол ёки ҳаром эканлигининг заррача аҳмияти йўқ. Қандай қилиб бўлса ҳам роҳатланса, лаззат олса бўлди. Ачинарлиси шундаки биз ўз нафсимизни ҳалол покиза иш(сўз ва амал)лар билан роҳатланишига ўргатмаслигимиздир... 
Бировларни ғийбат қилиб, ҳаёсиз қизиқчилардан беҳуда ва фахш сўзларни эшитиб мазза қиладиган нафсимизни биз ўзимиз тарбияладик...
Турли хил сериалларнинг бошланишини интиқлик билан кутиб, ойлаб ва йиллаб томаша қилиб роҳат оладиган нафсимизни ким шунақа нарсалардан тоттириб лаззатланишга ўргатди?...
Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкинлигини барчамиз биламиз. Мақсадимиз бу ҳолатларни бирма-бир санаб чиқиш эмас. Ҳар ким ўз нафсини бошқалардан кўра қай бир иш(сўз ва амал) билан роҳат олаётганини яхши билади. Ана шуларни бир кўздан кечирайликчи: Аллоҳ таоло ва Росули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рози бўладиган, ҳалол покиза ва гўзал иш(сўз ва амал)лармикин?!
Атрофни тун зулмати қоплаб, ҳаммаёқ сукунатга чўмиб инсонлар ширин уйқуга бош қўярканлар Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг энг чиройли ва покиза либосларини кийиб, хушбўй мискларидан суртиб меҳроблари томон борардилар. Нафслари ўзларини йўқдан бор қилган ва энг буюк неъмат-иймон неъматини туҳфа қилган Зот Оламлар Роббиси Аллоҳ таоло билан холи қолиб сўзлашиш учун ошиқар ва “Аллоҳу акбар“, дея такбир айтиб намоз ўқишни бошлар эдилар...
Ана шундай зотлар ҳам ўтиб кетишди(Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин). Биз ҳам бир кун дунёдан ўтамиз. Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганимизда нафсимизни роҳатлантиришга ўргатган нарсаларимиз ошкора қилинганда уялиб қолмаймизни...?!

Аллоҳим! Нафсларини ҳалол покиза ризқ ва иш(сўз ва амал)лардан лаззат олишга Ўзинг берган тавфиқ ила бурадиган бандаларингдан қилгин! 

Маҳмудов Калимуллоҳ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси