Яратилиш санаси 19.02.2025

ТАВБА ФАЗЛИ

Ибн Аббос ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз с.а.в.нинг мамакилари Ҳамзанинг қотили Ваҳший Расулуллоҳ с.а.в.га Маккадан хат ёзди: “Мен мусулмон бўлишни хоҳлайман, лекин сизга тушган бу оятлар мени қайтараяпти:

وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آَخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَامًا

Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биттаси)ни қилса, уқубатга дучор бўлур[1]

Мен оятда айтилган шартларнинг уччаласини ҳам қилганман, мен тавба қилсам бўладими?”

Сўнгра бу оят тушди:

إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُولَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا

Магар ким тавба қилса ва имон келтириб, яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик – гуноҳларини яхшилик – савобларига айлантириб қўюр[2]

Пайғамбар с.а.в. шуни Ваҳшийга ёздилар. Ваҳший: “Албатта, оятда шарт бор экан. Бу шарт амали солиҳдир, билмайманки, амали солиҳга қодир бўламанми ёки йўқ?” деб ёзди. Сўнгра Аллоҳнинг бу сўзи тушди:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا

Албатта, Аллоҳ ўзига шерик қилинишини кечирмас, шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалар учун кечирур. Ким Аллоҳга шерик келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳ қилибдир[3]

Пайғамбар с.а.в. шуни Ваҳшийга ёздилар. Ваҳший жавоб қилдики: “Бу оятда яна бир шарт бор экан, билмайманки, Аллоҳ менинг гуноҳларим кечирадими ёки йўқми?” кейин Аллоҳ бу оятни нозил қилди:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

(Эй Ҳабибим) Менинг ўз жонларга жиноят қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳмати-марҳаматидан ноумид бўлманглар! Албатта, Аллоҳ (ўз хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир[4]

Буни Ваҳшийга ёздилар. Ваҳший бу хатда шарт топмагандан кейин Мадинага келиб мусулмон бўлди.

Аллоҳ таоло бандаларига имкониятни кегн қилиб берган:

وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُوا فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ ذَكَرُوا اللَّهَ فَاسْتَغْفَرُوا لِذُنُوبِهِمْ وَمَنْ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا اللَّهُ وَلَمْ يُصِرُّوا عَلَى مَا فَعَلُوا وَهُمْ يَعْلَمُونَ (135) أُولَئِكَ جَزَاؤُهُمْ مَغْفِرَةٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَجَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَنِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ

(У тақводорлар) қачон бирон бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки (қандайдир бир гуноҳ иш қилиб қўйишлик билан) ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари – Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!”[5]

يُحَدِّثُنَا رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- حَتَّى قَالَ :« إِنَّ مِنْ قِبَلِ الْمَغْرِبِ بَابًا مَسِيرَةُ عَرْضِهِ أَرْبَعُونَ أَوْ سَبْعُونَ عَامًا فَتَحَهُ اللَّهُ لِلتَّوْبَةِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضَ ، وَلاَ يُغْلِقُهُ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْهُ ».

“Албатта, мағриб томонда тавба учун Аллоҳ таоло бир эшик яратди, унинг кенглиги қирқ ёки етмиш йилликдир. Доим очиқ бўлади, қуёш ғарбдан чиққан вақтгача (яъни қиёматгача) ёпилмайди”

Баҳоуддин Нақшбанд қ.с. байтларида:

Эй фазли ту дастгири ман, дастамгир,

Сер омадаам зи хейштан дастамгир,

То чанд кунам тавбаву то кай шиканам,

Эй тавбадиҳу, тавбшикан, дастамгир.

Таржимаси 

Эй фазли ила қўллаб келган, қўлимдан тут,

Тўйиб кетдим ўзимдан қўлимдан тут,

Қачонгача тавба қилиб, аҳдим бузгум,

Эй, аҳд қилдирган, ҳам буздирган қўлимдан тут

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ ، أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ


 

[1] Фурқон 68

[2] Фурқон 70

[3]Нисо 48

[4] Зумар 53

[5] Оли Имрон 135-136

Султонмаҳмудов Абдулмажид

таълим муассасаси ўқитувчиси