Яратилиш санаси 22.02.2025

Тафсир илмида қўлланиладиган иборалар

Тафсир илмида умумий бўлган атамалар борки, уларни ҳам билиб ўтиш фойдадан холи бўлмади. Улар қуйидагилар: Қуръон мақсади – Қуръони каримнинг нозил бўлишидан кўзланган мақсад бўлиб, ундан Аллоҳ азза ва жалланинг маъбуди барҳақ эканлиги, Унга ибодат қилиш йўллари ва тоат қилган ва қилмаганнинг оқибатлари баён этилган бўлади.

Суранинг мақсади – сурадаги оят ва мавзулардан мўлжалланган маънодир. Масалан, Ихлос сурасининг мақсади Аллоҳ таолонинг яноналигининг баён этиш, Масад сурасининг мақсади Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га озор бериш оқибатининг ёмон бўлишидир. Демак, сура мавзулари сурадаги зоҳир бўлиб турган маънолар бўлса, суранинг мақсади манашу мавзуларни жамлаш саналади. Ушбу маъно мазкур мавзулар орқали рўёбга чиқади.

Муфассирлар наздида ихтиёр қилинган маъно – оятдаги бир нечта эҳтимоли бўлган маънолардан бирини танлаш ёки уни бошқаларидан авло, азҳар (мувофиқроқ ва маъқулроқ) каби қисқа сўзлар билан ажратиш.

Муфассирлар наздида таржиҳ, яъни маъқул топилган маъно – бир нечта маънолардан қоидалар натижасида битта маънони мақбул топиш.

Истидрок – олдинги ўтган муфассирларнинг фикрларини тафсирларда келтириб, сўнгра бу фикрлар бўйича айрим мунозара ва тўғрилашларни амалга ошириш. Бошқача айтганда, ўша фикрларни ёритгач, кейин уларнинг хатоли жойларини тўғрилаш ёки айрим нуқсонларини такомилига етказиш ёки нима сабабадан ушбу фикр берилганини баён этишдир. 

Тафсирнинг тузи (милҳут тафсир) деб номланган атама ҳам тафсир илмида қўлланилиб, ушбу илм тафсирнинг латифлари ва нозик жойлари деб ҳам аталади. Бунда баъзи оятларнинг латиф ва нодир услубда тафсир қилиниши тушунилади. Аслида ҳар қандай тафсирда ҳам ушбу жиҳатлар кузатилади. Бироқ, кимдур уни кўпроқ ёки камроқ қўллайди. Жумладан, аз-Замахшарий, ар-Розий, Абус Сауд, ал-Қосимий, Ибн Ошур кабилар бунга кўпроқ эътибор қаратадилар. Олимлар бир қанча мисоллар келтирадилар. Масалан:

- Мужодала сурасининг ҳар бир оятида «Аллоҳ» сўзи келади;
- Қомар, ар-Роҳман, Воқеа сураларида «Аллоҳ» сўзи умуман учрамайди;
- Юсуф сураси катта бўлишига қарамай, унда бирорта ҳам буйруқ ёки таъқиқ, ҳалол ёки ҳаром учрамайди;
- Фатҳ сурасидаги 29-оятда ва Оли Имрон сурасидаги 154-оятда араб алифбосидаги барча ҳарфлар учрайди;
- Ҳаж сурасидаги охирги еттита кетма-кет келувчи оятда Аллоҳ таолонинг иккитадан исми учрайди (59-оятдан «Уларни улар рози бўладиган жойга киритади. Албатта Аллоҳ Алим ва Ҳалим зотдир» 65-оятгача «Албатта Аллоҳ одамларга Рауф ва Раҳим зотдир»);
- Шуаро сурасидаги кетма-кет келувчи тўққиз оят «қоф» ҳарфи билан бошланиб, «нун» ҳарфи билан тугайди;
- Қасос сурасининг 7-оятида икки буйруқ, икки наҳйи, икки хабар ва икки башорат ўртаси боғланган. 

Бидъат тафсирлар – оятларни тафсир қилишда бирор бир нақлий ва ақлий ёки луғавий далилга таянмаган хато ва бидъат сўзлардир.
Тафсирга кириб қолганлар – тафсирга кириб қолган заиф ва тўқима ривоятлар ҳамда ботил фикрлардир.
Ғариб тафсирлар – нақл, ақл ва далилга таянмаган камдан кам учрайдиган сўзлар. Бунга мисол тарзида Бақара сураси 260-ояти – «Лекин қалбим хотиржам бўлиши учун»даги “қалб” сўзини “дўст” деб тафсир қилишни келтириш мумкин.
Тафсирлардаги мувозанат – тафсирлардаги ўхшаш ва қарама-қаршиликлар, ихтилоф ва йўқотишларни ажратиб олиш учун муфассирларнинг фикрлари ва сўзлари орасини мунозанатлаштириб, солиштириб олиш.
Тафсирларни қиёслаш деганда, муфассирларнинг сўз ва фикрлари ичидан энг ёрқинларини ажратиб олиш учун уларни таққослаш тушунилади. 

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси