
Қуръони карим назми ва тартибига доир истилоҳлар
Муносабат илми. Қуръони каримдаги муносабат илми деганда, Қуръон калималари, жумлалари, оятлари ва сураларини бир боғликда ўрганиб, улар бир маъно ва бир назмдек тушунилади. Шунда келиб чиқиб, баъзи олимлар уни Қуръон жузларини тартиблаш сабаблари ўрганиладиган илм дея таърифлаганлар.
Сурадаги мавзулар боғлиқлиги илми. Сурадаги мавзулар боғлиқлиги илми деганда сурада келган мавзулар, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ягона бир мавзу доирасида ўрганилиши ва бу билан Қуръоннинг буюклиги ва мўъжизакорлиги зоҳир бўлишига айтилади. Бу илм билан суранинг турли мавзулари, уларнинг ўртасидаги тартиби, кетма-кетлиги ва бир мавзу доирасида келиши ўрганилади.
Сурадаги мавзуларнинг бирлиги илми. Бу илм сурадаги барча мавзуларни умумий бир бир мавзу доирасида ўрганади, мақсад ва ғояларини боғлайди ҳамду бу билан сура бошидан охиригача бир мақсадга хизмат қиладиган гўё бир жумла каби эканлиги очиб берилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, муносабат илми боғлиқлик илмига олиб борса, боғлиқлик илми мавзуларнинг бирлиги илмига олиб боради.
Сиёқ илми. Сиёқ илми деб, бир жумла маъносини тушунишда ўша жумладан олдинги ва кейинги келган гапларга қараб умумий бир мазмунни тушунишга айтилади. Баъзилар уни Қуръон лафзлари назми ва маъноларининг кетма-кетлиги орқали жумлаларда ҳеч қандай узилиш бўлмай гапдаги маънони англаб олиш дея таърифлаганлар. Бошқачароқ айтганда, сиёқ илми жумлаларнинг кетма-кет келишига қараб маънони тушуниб олишдир.
Қуръон назми. Назм деб, тизимли бўлиш ва бир нарсани бошқасига боғлаш орқали бир тартибга келишига айтилади. Қуръон илмлари фанида эса Қуръон назмига оятлари баъзиларининг баъзилари билан бир калимадек маъно ва сўз тузилиши жиҳатидан боғланишига айтилади. Олимларнинг таъкидлашларича, сурадаги масалалар қанчалик турли бўлмасин суранинг охири билан аввали бир бирига боғланади ва бир мақсадга олиб боради.
Абдураҳманов Муҳаммадхон,
таълим муассасаси ўқитувчиси