
Солиҳа аёлнинг фазилати
Абдураҳмон ибн Абул Ҳутамий розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Назар солганида сурурни (хурсандчилик) ҳис қилдирадиган, бир иш буюрганида итоат этадиган, йўқлигида иффатини сақлайдиган солиҳа аёл – мусулмон (эркак) киши манфаат оладиган энг хайрли нарсалардандир.»[1]
Ато ибн Абу Рабоҳ роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Мусулмон кишига солиҳ биродардан сўнг, манфаат келтирадиган энг хайрли нарсаларидан бири солиҳа ҳонимки – У, унга қарагани замон хурсандчиликни ҳис қилади, бир иш буюрганида итоат қилади ва йўқлигида иффати ва молини муҳофаза этади.»[2]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳуа алайҳи ва салламдан: «Аёлларнинг энг фазилатлиси ким?» дея сўрадилар. У зот марҳамат қилдилар: «Назар солинганда сурур бахш этадиган, бир иш буюрилганда итоат этадиган, сен ва молинг ҳақида сенга ёқмайдиган иш ила хилоф қилмайдиган – аёлдир»[3]
Луқмони Ҳаким[4] шундай деганлар: «Эй ўғлим! Дунёда сен ҳаракат қиладиган ишлардан энг биринчиси, солиҳа жуфт ҳалол ва солиҳ дўст бўлсин. Солиҳа жуфтингни ҳузурида бўлсанг роҳатда бўласан. Унинг ёнидан чиқганингда солиҳ дўст ила роҳатинг давом этади. Билгинки, шубҳасиз бир кун ушбу неъматларга эришсанг – неъматларни энг хайрлисига эришган бўласан...»[5]
Довуд алайҳиссаломнинг шундай дуо қилганлари ривоят қилинади: « Эй Аллоҳим! Ҳонимимни ёмон хулқли аёл қилмаки, мен ҳам ёмон хулқли эр бўлиб қолмайин.»
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Яхшиликлар учта нарсададир: Аллоҳга иймон, динни англаш (фиқҳ илми) ва солиҳа аёл. Ёмонликлар ҳам учта нарсададир: Аллоҳга ишонмаслик, динни тушунмаслик ва ёмон аёлдир»
Саид ибн Айюб розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга жаннатий аёллар ҳақида хабар берайми?» – дедилар. Саҳобалар: «Албатта Ё Росулуллоҳ» – дедилар.
Шунда У зот алайҳиссалом: “Сизни севадиган ва кўп фарзандли аёлдир. У хато қилган вақтида олдингга келиб, қўлини сенинг қўлингни устига қўйиб: «Мени кечиринг ёки менга лойиқ кўрганингизни қилинг!» – дейдиган аёлдир.”[6]
Имом Абдулмалик ибн Ҳабиб ал-Моликий роҳимаҳуллоҳнинг «Китобул ғоя ван-Ниҳоя» ёки «Китобу адабин ниса» номли китобларидан Маҳмудов Калимуллоҳ Масъуд ўғли таржимаси
[1] Ҳадисни исноди саҳиҳдир. Бунга ўхшаш ҳадис: Имом Ибн Можа (1857), Имом Насаий (6/68) Имом Абу Довуд (1664) Имом Ҳоким (1/567) ва бошқалар ривоят қилишган.
[2] Ҳадис мурсалдир. Муттасил ривоят учун қаранг: Имом Ибн Можа (1857), Ат-Тижон Туҳфатул Арус (52-бет), Мажмауз Завоид (4/272), Қуътул Қулуб (4/304).
[3] Имом Насаий (6/68) буни Қутайба – Лайс – Ибн Ажлан – Саид ал-Мақбурий – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – санадлари ила муттасил ўлароқ ривоят қилган.
[4] Луқмони Ҳаким – Қуръон Карим ва Ҳадиси Шарифларда ўғлига қилган насиҳатлари зикр қилинган машҳур ҳаким зот. Қуръони Каримда «Луқмон» сураси ҳам мавжуд.
[5] Шаъроний: «Ҳуқуқул Ухувват» асари (151-бет)
[6] Ушбу ҳадис Анас розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. Имом Табароний «Ал-Авсат» (2/206), Имом Табароний «Ас-Сағир» (1/89), «Мажмауз Завоид» (4/312), «Ат-Тарғиб ват-Тарҳиб» (3/37)
Маҳмудов Калимуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси