
Имом Бухорийнинг ёшлиги ва таълим тарбияга бўлган муносабати
Имом ал-Бухорий ёшлик чоғида отасидан ажрайди ва онаси қўлида тарбия топади. Ўн ёшиданоқ араб тили ва ҳадис китобларини мутолаа қилиш ва уларни ёд олишга қунт билан киришди. Кейин Бухоролик Муҳаддислар Муҳаммад ибн Саллом ал-Пайкандий, Абдуллох ибн Муҳаммад ал-Маснадий ал-Жуъфийлар ҳузурига бориб, улардан кўп ҳадисларни ёд олади. 16 ёшида онаси ва акаси Аҳмад билан ҳаж сафарига отланади. Сафар асносида, у қайси шаҳардан ўтса, ўша ердаги ҳадис олимларидан озми-кўпми дарс олади. Шу тариқа Балх, Басра, Куфа, Бағдод, Хижоз, Дамашқ, Фаластин, Макка ва Мадина каби кўплаб шаҳардаги машҳур ҳадис олимларидан шу илм асрорларини ўрганади.
Ривоятларга кўра, Имом Исмоил ал-Бухорий 16 ёшга қадам қўйганида Абдуллох ибн Муборак ал-Марваздий ва Вақиъ ибн ал-Жарроҳларнинг китобларини батамом ёд олган. У ёд олган ҳадисларнинг матнини далиллари ва ровийларнинг таржимаи ҳоллари билан бирга қўшиб ёд олади.
Имом ал-Бухорий Макка, Мадина, Дамашқ, Қайсария, Хомс, Бағдод, Куфа, Восит, Балх, Нишопур, Асқалон, Марв каби шаҳарларда бир неча йил яшаб, ҳадислар тўплаш, ёзиш ва кўплаб толибларга илм ўргатиш билан шуғулланади. Йигирма ёшидан бошлаб китоб таълиф эта бошлади. Ул зот қаламига мансуб бўлган «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ», «Ал-адаб ал-муфрад», «Ат-Тарих ал-кабир», «Ат-тарихус-сағир», «Ал-Қироату-халфал-имом», «Рафъул-йадайни фис-салоти» каби асарлар ҳозирда республикамиз китоб хазиналарида сақланмоқда.
Имом ал-Бухорий Нишопурдан асл ватани – Бухорога қайтгач, бирмунча вақт толиби илмларга ҳадис илмидан дарс берди.
Инсоният маданиятига беназир ҳисса қўшган, замину замонларда барча авлодларга маънавий озуқа бахш этган Имом ал-Бухорий ахлоқ ва одобга оид ҳадислар мужассамлашган, аҳамиятига кўра Қуръони Каримдан кейинги иккинчи диний манба деб эътироф этилган «Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ” китобидан кейин яратган “Адаб- алмуфрад”(Адаб дурдоналари)асарида ахлоқий қадрятларни баён этади.
Имом Исмоил ал-Бухорий ушбу асарида аҳлоқ, одоб хақида сўз юритар экан, одамларни ота-онага хурматда бўлишга, онани эъзозлашга, меҳр-окибатли, пок ва иймонли бўлишга даъват этади, яхшилик қилиш инсоннинг муқаддас бурчи эканини таъкидлайди.
«Ал-адаб ул-муфрад» нинг 1-24 боблари фарзандларнинг ота-она ҳурматини жойига қўйишлари, уларни эъзозлаб, дилларига озор ётказмай фарзандлик бурчларини адо этишлари зарурлиги каби масалаларга бағишланади. Масалан, асарда шундай ривоят килинади.
Одам учун энг оғир гуноҳ, бу Аллоҳга ширк келтириш, фарзанднинг ота-онага оқ бўлишидир. Имом Исмоил ал-Бухорий бу ҳақда шундай ривоят қилади: «Ҳалифа Абу Бакр Сиддиқ айтадилар: «Расулуллоҳ саҳобалардан: «Мен сизларга гунохларнинг энг каттасини айтиб берайми?»-деб уч марта сурадилар. Улар: «Эй Расулулоҳ, айтиб беринг,»-дейишди. Шунда Расулуллох «У-Аллоҳга ширк келтиришдек ва ота-онага оқ бўлиш,-деб жавоб бердилар».
Имом ал-Бухорий болаларнинг солиҳ-қобил бўлишлари Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан бўлади, аммо уларга одоб-ахлоқ ўргатиш оталарнинг вазифаси дейди.
Исмоил ал-Бухорий қариндош-уруғларга яхшилик килишни, уларга нисбатан рахм-шафқатли бўлиш ва улар билан муттасил борди-келди қилиб туришни таъкидлайди. «Анас ибн Молик (розияллоху анху) айтадилар: «Ризқи кенг ва фаровон бўлишни ва хаёти узоққа боришни яхши кўрадиган киши кариндошларидан ўзини узмасин, дедилар». Исмоил ал-Бухорий раҳм-шафқат ҳусусида қилган насиҳатларида, айниқса, беморлар ҳолидан ҳабар олишни, ётим болаларга отасидек мархаматли булишни, ҳар бир одам ўз боласига қандай бўлса, кўлидаги етимга ҳам шундай қараш кераклигини уқтиради. Мутафаккирнинг таъкидлашича, мусулмон кишининг ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб, гина сақлаб, гаплашмай ва сурашмай юриши дуруст эмасдур. Улардан қай бири биринчи бўлиб саломлашса, ўшаниси яхшироқдир.
Улуғ мутафаккир мехр-шафқат ҳақидаги қарашларида одамларни ахилликка, ўзаро хурмат-эхтиромда бўлишга ундаб, кимки Аллоҳга ва охиратга иймони булса, у зинхор, кўшнисига озор бермаслиги, Аллоҳга ва охиратга ишончи бўлса, меҳмоннинг ҳурматини ўрнига қуйиши, Аллоҳга ва охират кунига ишонса, фақат яхши гаплардан гапириб, ёхуд сукут сақлаши лозимлигини айтади.
Шунингдек, Исмоил ал-Бухорий кимки фаровон ҳаёт кечириб, яхши
ном қолдирай деса, қариндош-уруғларига силаи рахм қилиши, уларнинг ҳол-аҳволларидан ҳабардор бўлиб юриши зарурлигини таъкидлайди. Исмоил ал-Бухорий одамларга тил билан, қўл билан озор бермасликни, юксак амал ҳисоблайди.
Улуғ олимнинг таъкидлашича, ҳар бир одам комил инсон бўлиш учун ўзи яхши кўрадиган нарсасини ўзгаларга раво кўрадиган, гўзал аҳлоқли бўлиши керак.
Аъробийлар: «Ё Расулуллоҳ Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яҳшиси нима?»-деб сўрашади. Расулуллоҳ: «Инсонларга берилган фазилатнинг энг яҳшиси яҳши аҳлоқдир», дедилар.
Ақилханов Саидолимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси