Яратилиш санаси 26.02.2025

Алоуддин ал-Ҳаскафий: ҳаёти, илмий мероси ва фиқҳий Ўрни

Алоуддин Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ал-Ҳаскафий ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳларидан бири ҳисобланади. У ҳозирги Туркия ҳудудида жойлашган Ҳасанкейф (Ҳасн-Кайфа) шаҳрида ҳижрий 1025 йилда (мил 1616) туғилган. Шунинг учун "Ҳаскафий" нисбаси билан машҳур бўлган.

Ёшлигидан илм талабида бўлиб, ҳанафий фиқҳининг машҳур уламоларидан таълим олган. Фиқҳ, ҳадис, тафсир ва усул илмларини пухта ўзлаштирган. Замонасининг етук олимларидан бири сифатида ҳанафий мазҳабини тадвин ва баён қилишда катта ҳисса қўшган.

Ал-Ҳаскафийнинг  "Ад-Дурр ал-Мухтор" – асари Ҳанафий Фиқҳидаги энг мухим асар бу асар машҳур фиқҳий матнлардан бири бўлган "Танвир ал-Абсор" (Тамурташий асари) га ёзилган шарҳдир.

Ҳанафий мазҳабидаги энг муҳим масалаларни жамлаб, уларни ўзаро таққослаш ва изоҳлаш орқали фақиҳлар учун қулай манбага айлантирган.

Бу асарнинг машҳурлиги унинг Ибн Обидийн томонидан "Радд ал-Мухтор" номи билан кенгроқ шарҳ қилинишидан келиб чиқди.


Бундан ташқари Ал-Ҳаскафий ҳанафий фиқҳига оид бир неча муҳим китоблар ёзган. Унинг асосий мақсади фиқҳий масалаларни енгил ва тушунарли усулда баён қилиш бўлган. У ижтиҳодий жиҳатдан бой ва фиқҳий мулоҳазалари мукаммал бўлган олим сифатида танилган. Имом Ал-Ҳаскафий "Ад-Дурр ал-Мухтор" асарини ёзишда ҳанафий мазҳабининг асосий манбаларидан бўлмиш "Ал-Ҳидоя" (Марғиноний) "Ал-Фатово ал-Ҳиндия" "Ал-Баҳр ар-Роиқ" каби асарлардан фойдаланган: Мазҳаб ичидаги ихтилофларни ёритиб, қайси фикр фатвода энг мўътабар эканлигини кўрсатиб ўтган.

Фиқҳий масалаларни қисқа ва аниқ баён қилишга ҳаракат қилган, бу эса унинг асарларини ўрганишни осонлаштирган.

Ҳукмларнинг сабаб ва далилларини ҳам келтирган, бу эса талабалар ва фақиҳлар учун жуда фойдали бўлган.

"Ад-Дурр ал-Мухтор" Асари Ҳанафий мазҳабининг энг нуфузли манбаларидан бири бўлиб, фатво ва қонунчилик ишларида асосий манба сифатида ишлатилади.

Ҳанафий мазҳабининг асосий мактабларида ўқитилади ва уламолар учун зарурий қўлланма ҳисобланади.

Бу асарнинг нуфузи Ибн Обидийн томонидан ёзилган "Радд ал-Мухтор" орқали янада ошди ва бу икки китоб биргаликда "Фиқҳий Фатволарнинг Энг Муҳими" сифатида қабул қилинган. Алоуддин ал-Ҳаскафий 1088 ҳижрий (1677 милодий) йили вафот этган.

У ўзидан кейин ҳанафий фиқҳи бўйича йирик илмий мерос қолдирган ва унинг асарлари ҳанузгача дунё бўйлаб ўқитилмоқда.

Ҳанафий мазҳабининг муфтийлари ва фақиҳлари ҳали ҳам унинг асарларига таянадилар ва фиқҳий масалаларни ундан олинган билимлар асосида ечим топадилар.

Алоуддин ал-Ҳаскафий ҳанафий мазҳабининг энг муҳим уламоларидан бири ҳисобланади. Унинг "Ад-Дурр ал-Мухтор" асари ҳанафий фиқҳини ўрганувчилар учун энг ишончли манбалардан бири бўлиб, Ибн Обидийн томонидан ёзилган шарҳ орқали ҳанафий мазҳабининг энг асосий дарсликларидан бирига айланган.

Ҳаскафийнинг илмий мероси ҳозиргача исломий фиқҳда кенг қўлланилади ва унинг асарлари ҳали ҳам талабалар ва олимлар учун муҳим ўқув манба бўлиб қолмоқда.

Исмоилов Акромхон

таълм муассасаси ўқитувчиси