ҒИЙБАТ САБАБЛАРИ ВА УНИ ДАВОЛАШ
Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзисини эсга оламиз:
1. Аччиғини тўкиб солиш.
Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.
2. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб-қувватлаш.
Таниш-билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни, ўзича, «одамгарчилик» деб ўйлайди. Аслида, гуноҳга шерик бўлган бўлади.
3. Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш. Мисол учун, «фалончи жоҳил, фаҳми йўқ» деб,
ўзини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.
4. Ҳасад.
Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб обрўсини тўкиш пайидан бўлади.
5. Ўйин-кулгу ва ҳазил.
Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.
Аввало, ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.
Шунингдек унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гунохлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.
Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холий билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб — ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.
Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабини йўқ қилиш ила бўлади.
Қобилжон Ахунжанов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси