Яратилиш санаси 28.02.2025

Рамазон таровати

Муминларга Рамазон ойини ҳидоят ва раҳмат ҳамда ибодат мавсуми қилиб берган Аллоҳ таолога мисилсиз ва тинимсиз ҳамду саноларимиз бўлсин.

Умматларига меҳр кўрсатиб, рўза тутмоқни барча сир-асрорларини ўргатиб кетган жанобимиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловоту саломларимиз бўлсин.

Ҳар бир нарсанинг зийнати бўлгани каби, ойларнинг ҳам зийнати Рамазон ойидир. Зеро бу ойда инсонларга ҳидоят ва раҳмат улароқ Қуръон карим нозил қилингандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”[1].

Шу ўринда “Ромазон” сўзига қисқача тўхталиб ўтсак. Машҳур луғат олимларидан Куфалик Абу Закариё ал Фарро ва бошқалар: “Ромазон” сўзи “Ромадо, ярмаду” фелидан олинган бўлиб, куйдирмоқ, деган маънони билдиради дейишган. Хабарларда келадики, рўза гуноҳларни кўйдирб, йўқ қилгани учун шундай номланган.

Рамазон ойи муминга руҳий куч берадиган, уни нафсоний иллатларда тозалайдиган, камбағал ва йўқсилларга меҳру-мурувват кўрсатишни ўргатадиган  ибодат ойидир. Бу ой чин маънода муминлар учун савоблар йиғиб олиш мавсумидир. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўз Роббисига садоқати-ю саховатини, ибодати-ю муҳтожлигини кўрсатиб олиш фурсатидир. Чунки бу ойда эзгу ишларни амалга ошириш бошқа ойларга нисбатан осон қилиниб, унга бериладиган савоб кўпайтириб қўйилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам шундай деганлар: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннатларнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Бу ойда ўзбошимча шайтонлар кишиланади...[2] Салмон Форсийдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: “...Ким бу ойда бир яхшиликни (нафил ибодатни) амалга оширса, бошқа ойда фарз ибодатини бажарган ўрнида, ким бу ойда бир фарз ибодатини бажарса бошқа ойдаги етмишта фарзни бажарган ўрнида бўлади...”[3]деб марҳамат қилганлар. 

Бу ойнинг яна бир фазилати шуки, киши ўзидаги ёқимсиз феъли-атворини ўзгартириб олиш имконига эга бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси қудсийда:...Ҳеч қачон  бақириб чақирманг, хусуматлашманг ва тортишманг. Агар бошқа бир киши сизни уриб-сўкишга, сиз билан жанжаллашишга мойил бўлса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман” денг”, дея марҳамат қилинган.

Биров сиз билан беҳуда талашиб-тортишмоқчи бўлса, Раббоний кўрсатмага биноан “Мен рўзадорман, денг. Сизни гуноҳга олиб борадиган бирор ишга рубару келиб қолсангиз “Мен рўзадорман, денг. Кимнидир ҳақоратлаш ёки ғийбат қилишга ўзингизда мойиллик сезсангиз, ўзингизга ўзингиз: “Мен рўзадорман, денг. Чунки, сизнинг кунбўйи очлик ва чанқоқликка чидаб юришингиздан кўзлаган ягона мақсадингиз Аллоҳни рози қилиш ва Унинг берадиган мукофотига сазовор бўлишдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ Роббул изза: “Одам фарзандининг қилган барча амаллари ўзлари учун, фақатгина рўза мен учундир. Рўзанинг мукофотини мен бераман...деган бўлса, бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи вассаллам: “Кимки, (Рўзадор ҳолатида) “қовлаз зур”ни яъни, ман этилган сўзларни ва унга амал қилишни ташламас экан, унинг еб – ичишини тарк этишига Аллоҳ мухтож эмас” деб марҳамат қилганлар. Демак, рўзадорларга ваъда қилинган мукофотга эришишимиз учун унинг барча шартларига оғишмай амал қилмоғимиз лозим бўлади.

Рамазон ойининг зийнатини намоён этадиган энг муҳим ишларда бири Қуръони каримни кўп тиловат қилиш ёки уни тинглаш ва маъно - мазмунини тадаббур қилишдир. Чунки Қуръон шу ойда нозил бўлган. Жаноби Росулуллоҳ ўзларига нозил бўлган Каломуллоҳни айнан рамазон ойида тўлиқ ўқиб берар эдилар. Уламолардан кўплари рамозон ойини Қуръонга бағишлашгани тарихдан маълум. Бу фурсатдан унимли фойдаланиб бизлар ҳам номайи аъмолимизни солиҳ амаллар ва хайру-саховат ҳамда тиловати қуръон билан безатиш имконини қўқлдан бериб қўймайлик. 

[1] Бақара сураси 185-оят.

[2] Имом Байҳақий ривояти

[3] Мушкотул масобиҳ “Ктиобус совм”

НУРИДДИН ХОШИМОВ

таълим муассасаси ўқитувчиси