
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг фазилатлари
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг: «Толҳа ва Зубайр менинг жаннатдаги қўшниларимдир», деганларини эшитган». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳамма жаннатга кириш-кирмасилигини билмай ташвишда бўлгандан жаннатга кириши шубҳасизлиги ҳақида башорат берилган ўн кишининг бири бўлиш билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз оғизларидан берилган ваъдага биноан, у зотнинг жаннатдаги икки қўшниларининг бири бўлиш бахтига эга бўлган Толҳа исмли бахтли инсон ким ўзи?
Бу саодатманд инсоннинг асли ким, қаерда ўсган, Исломга қандоқ равишда кирган ва нима ишлар қилганки, бундай бахтга сазовор бўлибди?
Бу зотнинг тўлиқ исмлари Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъбдир. У кишининг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мурра ибн Каъбда бирлашади.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Саъба бинти ал-Ҳазрамий бўлганлар. Оналари машҳур саҳобий Аълаа ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳунинг сингиллари эдилар.
Имом Тобарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Абу Бакр Сиддиқ, Усмон Зуннурайн ва Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуларнинг оналари билан бирга Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Саъба бинти ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳо ҳам Исломга кирганлар. Кейин Саъба бинти ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳо ҳижрат ҳам қилганлар ва ўғилларидан кейин вафот этганлар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Муҳаммад бўлган.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз қавмлари ичида обрўли, бой ва тожир одам бўлганлар.
Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳи «Мустадрак» номли китобларида Иброҳимдан, у эса Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Муҳаммаддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу менга айтди: «Бусро бозорига бордим. Қарасам, бир роҳиб ўз ибодатхонасида ўтириб олиб: «Бу мавсум аҳлларидан сўранглар. Уларнинг ичида ҳарам аҳлидан бирор киши бормикан?» демоқда.
«Ҳа, мен борман», дедим.
«Ҳали Аҳмад зоҳир бўлмадими?» деди.
«Аҳмад ким?» дедим.
«Ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб. Бу ой унинг чиқадиган ойи. У анбиёларнинг охиргисидир. Унинг чиқиш жойи ҳарамдир. Ҳижрат жойи хурмоли, қора тошли ва шўр-тузли ердир. Сен унга шошилгин», деди.
Унинг гаплари қалбимда ўрнашиб қолди. Тезлаб йўлга чиқиб, Маккага етиб келдим ва: «Бирор ҳодиса бўлдими?» деб сўрадим.
«Ҳа. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ набийликни даъво қилди. Унга ибн Абу Қуҳофа эргашди», дейишди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига кирдим ва:
«Анови кишига эргашдингми?» дедим.
«Ҳа, сен ҳам унинг олдига бор. Ҳузурига кир. Унга эргаш. У ҳаққа чақирур», деди.
Толҳа унга роҳиб айтган гапларнинг хабарини берди. Абу Бакр Толҳани етаклаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. Толҳа мусулмон бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга роҳиб айтган гапларнинг хабарини берди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масрур қилди.
Абу Бакр билан Толҳа мусулмон бўлганларида иккалаларини Навфал ибн Хувайлид ибн ал-Адавий тутиб, бир арқонга боғлади. Бани Тамийм иккисини ҳимоя қилмади. Навфал ибн Хувайлид «Қурайш арслони» деб номланар эди».
Ушбу ривоятдан Шомдаги машҳур Бусро бозорига тижорат учун борган Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиши Исломга киришларига ундаганини билиш билан бирга, у киши ўз қавмларида олий мартабали бўлишларига қарамай, мусулмон бўлгани учун азобга учрашдан четда қолмаганларини ҳам билиб оламиз.
Ҳа, мусулмон бўлиш осон эмас. Жаннатга кириш учун унинг йўлидан чиқиб турган тиконларни босиб ўтишга тўғри келади. Ислом йўлида чекилган азоб-уқубатлар ва машаққатлар эса, мўмин банданинг иймонини тоблайди, холос. Иймони тобланган мўмин эса, Аллоҳ таолонинг дини йўлида тортаётган азобни ҳузур-ҳаловат ўрнига қабул қилади.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам ўз дини йўлида дучор бўлган азобларни ана шундоқ қабул қилиб олар эдилар.
Имом Бухорий тарихларида Масъуд ибн Харрош розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Сафо билан Марва орасида саъйи қилиб юрсак, кўпчилик одамлар қўли бўйнига боғлаб қўйилган ёш йигитни ҳайдаб ўтиб қолишди.
«Бунга нима бўлди?» деб сўрадим.
«Бу Толҳа ибн Убайдуллоҳ, диндан чиқди», дейишди.
Бир аёл ортидан ғазабланган ҳолда уни сўкиб борар эди.
«Бу аёл ким?» деб сўрадим.
«Саъба бинти ал-Ҳазрамий, унинг онаси», дейишди».
Қурайшликлар Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни бир муддат азоблаганларидан кейин ўзларидан ўзлари уялиб кетишди. Ҳа, ўша жоҳил мушриклар ҳам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни бардавом азоблашга уялдилар. Агар улар бир марта ўз қилмишларидан уялишган бўлса, айни шу уялишлари бўлган бўлса керак.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қавмнинг энг обрўли кишиларидан бўлиши билан бирга, дину диёнат йўлидаги ҳар қанча хорлик ва зорликка ҳам жон деб чидашлари мушрикларни ҳам уялтириб юборган эди.
«Мустадрак» ва «Исоба» китобларида Мусо ибн Толҳадан қилинган ривоятда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагича васф қилинади:
«Отам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу оппоқ юзига қизғиш ранг уриб турадиган ўртабўй одам эдилар. Бир оз пастбўйликка мойил эдилар. Кўкрак ва елкалари кенг эди. Бурилсалар, бир йўла бурилар эдилар. Икки оёқлари катта, юзлари гўзал, қирғийбурун эдилар. Юрганда тезлаб юрар эдилар. Сочларини ўзгартирмас эдилар».
Дину диёнат йўлида ҳижрат қилишга амр бўлганда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳижрат қилиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Каъб ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида қатнашдилар. Фақат узрли сабабга кўра Бадр жангида қатнаша олмадилар. Ўша пайтда у киши Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан бирга алоҳида топшириқ билан бошқа томонга юборилган эдилар.
Икковлари топшириқни шараф билан адо этиб қайтганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар билан Бадрда ғалабага эришиб, Мадинага қайтиб келиб турган эдилар. Албатта, бўлиб ўтган ҳодисадан хабардор бўлишлари билан икковларида, аттанг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Аллоҳ таолонинг йўлида савоб иш қилиш бахтидан маҳрум бўлибмиз, деб надомат чекишди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳасратни дарҳол бартараф этдилар. У зот алайҳиссалом Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва шерикларини мазкур ишда қатнашганлар етишган савобга эришишларини эълон қилдилар ва жанг иштирокчиларига тақсим қилинган ўлжалар миқдорида уларга ҳам ўлжа тақсим қилдилар.
Музаффар Мухиддинов
таълим муассасаси ўқитувчиси