Яратилиш санаси 01.03.2025

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг фазилатлари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бордир. Албатта, бизнинг амийнимиз, эй уммат, Абу Убайда ибн Жарроҳдир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: «Амийн» сўзи «ўта ишончли», «омонатли одам» деган маънони англатади. Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ҳам амийн шахс­лар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу ан­ҳуни амийнларнинг амийни эканини билдирмоқдалар. У зот алайҳиссалом ҳар бир саҳобийга ўзига хос сифатни берар эдилар. Ўша сифатлар бошқа саҳобаларда ҳам бўлар эди. Лекин маълум саҳобийга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан берилган сифат ўша кишида бошқалардан кўра ажраб турадиган даражада бўларди.

Аллоҳ таолонинг охирги ва энг мукаммал дини бўлган Исломга тобеъ умматнинг амийни бўлиш шарафига муяссар бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраймиз.

Қаҳрамонимиз Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол ибн Уҳайб ибн Зобба ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр ибн Моликдир.

У кишининг насаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Феҳрда жам бўлади.

Кўриниб турибдики, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Омир бўлса ҳам, кунялари билан машҳур бўлганлар. Оталарининг исми Абдуллоҳ бўлса ҳам, боболари Жарроҳнинг исми билан машҳур бўлганлар.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Умму Ғанам бинти Жобир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аълаа ибн Омир ибн Умайра ибн ал-Вадийъа ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр бўлган. Оналари мусулмонликка кирганлар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оталари мусулмон бўл­маган.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу дастлабки мусулмонлардан ҳисобланадилар. Баъзи қавлларга қараганда, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг тарғиботлари ила Исломга кирган биринчи гуруҳда бўлганлар.

У киши Арқам ибн Аби ал-Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн Арт, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ясир, Суҳайб Румий Исломга келишларидан олдин мусулмон бўлган эди.

Дину диёнат йўлида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Аммо у киши Ҳабашистонда оз муддат турганлар. Кейин эса Мадинаи Мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидолик қилдилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши билан Муҳаммад ибн Маслама Ансорий розияллоҳу анҳуни биродар қилиб қўйдилар.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу энг шижоатли чавондозлардан эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жанг­ларида иймон ва ихлос билан иштирок этганлар.

Бадр урушида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар. Кўпчилик тарихчилар ўша урушда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу мушрик оталарини ўлдирганларини айтадилар. Уҳуд урушида эса, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша куннинг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар. Уҳуд урушининг иштирокчиларидан Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар: «Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у зот томон юрдим. Қарасам, бир одам у зотнинг олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда: «Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб борсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан. 

Расули акрам алайҳиссолату вассалом: «Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар. Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳал­қасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алай­ҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади. 

Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна: «Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўшанда тушган икки тишлари умр бўйи у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга садоқатлари нишони бўлиб қолди. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни таърифлаган ҳар бир киши, у узун бўйли, озғин, юзи очиқ, соқоли сийрак ва икки олд тиши тушган одам эди, деб айтган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қуйидагича таърифлайдилар: «Қурайшдан уч киши одамлар ичида энг очиқ юзли, энг гўзал хулқли, энг собит ҳаёлидир. Улар сен билан гаплашсалар, ёлғон гапирмайдилар. Сен уларга гапирсанг, сени ёлғончи қилмайдилар. Улар–Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳ».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни бир неча сарийяларга амир қилиб юборганлари турли ривоятларда келади. Бу ҳол ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишининг амийнликларига ишонганидан, амирлик талабларига жавоб берадиган қобилиятлари борлигидан бўлган.

«Уюунул асар» китобида зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни қирқ кишилик сарийяга бошлиқ қилиб, Зул Қисса номли жойга юборганлар. Ўшанда Бану Меҳроб ва Саълаба қабилалари бирлашиб, мадиналикларнинг Ҳайфаада боқилаётган чорва молларига ғарот қилишган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар томон Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошлиқ қирқ кишилик сарийя юбордилар. Улар Зул Қиссага етиб бориб, мазкур қавм­нинг адабини бериб қайтдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни, уч юз отлиқни Абу Убайданинг амирлигида Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. Бас, бизга шиддатли очлик етди. Ҳатто, дарахт барг­ларини едик. Гуруҳимиз барг лашкари, деб номланди. Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди. Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди. Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни бу ишдан қайтарди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ушбу маъно турли кишилар томонидан, турли шакл ва лафзлар ила энг мўътабар ҳадис китоб­ларимизда ривоят қилинган. 

Ушбу уч юз отлиқнинг юриши кўпроқ «Сайфул баҳр жанги» номи ила машҳур.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Аллоҳнинг йўлида хизматга чиққан бу саҳобийлар гуруҳи катта қийинчиликларга дуч келганлар. 

Бошқа ривоятларда айтилишича, таомлар озлигидан Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳамманинг таомини тўплаб, оз-оздан тановул қилишни йўлга қўйганлар. У ҳам тамом бўлганидан кейин, ушбу ривоятда зикр қилинганидек, дарахтларнинг баргини ейишга мажбур бўлганлар.

 Музаффар Мухиддинов

таълим муассасаси ўқитувчиси