
Қуръон мўжизадир
Аллоҳга Ўзи рози бўлгунча ҳамду-сано,ортларидан набий йўқ зот соллаллоҳу алайхи васалламга чексиз саловату дурудлар бўлсин!
Қуръон ўқувчи ундан зерикмайди, малолланмайди. Балки тиловати ва қироатига борган сари берилиб кетаверади. Унга нисбатан муҳаббати ва эҳтироми ошаверади. Бошқа сўз ва гаплар қанча чиройли, балоғатли бўлмасин, қайтараверилса, ёқмай қолади, кишининг жонига тегади.
Бир киши ҳузурига аёли кирганида намоз ўқишни бошлабди. Тонг отиб кетибди, лекин у аёлига қиё ҳам боқмабди. Бу иши ҳақида маломат қилинганида, у киши: «Мен эр кишининг аҳли унинг ҳузурига кирганда ўқиладиган икки ракъат суннат намозини ўқишга турган эдим. Лекин Қуръоннинг ажойиблигига берилиб, аёлимни ҳам унутиб қўйибман», деган экан.
Жоҳиз айтади: «Аллоҳ таоло Ўз Китобини араблар ўз гапларини жумла ва фаслларга ажратиб атаган номларининг акси билан номлади. Яъни улар гапларини «девон» деб номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло Ўз Каломини «Қуръон» деб номлади. Аллоҳ таоло унинг айрим бўлагини «сура» деб номлади, улар эса шундай бўлакни «қасида» деб номлашган. Улар ўз гапларининг бир бўлагини «байт» деб аташса, Аллоҳ таоло суранинг бир бўлагини «оят» деб номлади. Аллоҳ таоло суралар охиридаги мослашувни «фосила» деб номлади, улар бундай ҳолатни «қофия» деб номлашарди».
Қиёматгача боқий қолиши, йўқолмаслиги ҳам Қуръоннинг мўъжизасидир, чунки Аллоҳ таоло уни сақлаш кафолатини Ўз зиммасига олган: «Албатта, Зикр (Қуръон)ни Биз нозил қилдик ва албатта уни Биз муҳофаза қиламиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).
Бошқа оятда: «Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У Ҳаким ва Мақталган Зотнинг нозил қилганидир» (Фуссилат сураси, 42-оят), дейилган.
Маълумки, барча пайғамбарларнинг мўъжизалари ҳақида вақт ўтиши билан хабар ва ривоятлардан ўзга нарса қолмади. Аммо Қуръони Карим нозил бўлган кундан бошлаб, мана ўн тўрт асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, ёрқин мўъжиза бўлиб келмоқда. То дунё тугагунча ҳужжатлари ғолиб ҳолда йўқолмай туради. Унга қарши чиқиш, у билан баҳслашиш мумкин эмас.
Ҳар бир аср ва давр тилшунослар, балоғат ва фасоҳат аҳллари, сўз чавандозлари, моҳир гап усталари, сўз санъатининг ўткир билимдонлари билан тўла. Улар ичида динга қарши бўлганлари, нияти бузуқлари ҳам кўп. Лекин уларнинг ҳеч бири Қуръонга ўхшаш бирор нарса тузгани ёки тақдим қилгани ривоят қилинмаган.
Узининг ожиз зеҳнини ишга солиб чиранганлари ҳам мўрт суякдан чақмоқтош ўрнида фойдаланиб, чиқара олмаган одамдек ноумид бўлишди.
Улуғ имомлар, буюк уламолар Қуръони Каримнинг мўъжизаларига қуйидагиларни ҳам қўшишган:
• Қуръон ўқувчи ундан зерикмайди, малолланмайди. Балки тиловати ва қироатига борган сари берилиб кетаверади. Унга нисбатан муҳаббати ва эҳтироми ошаверади. Бошқа сўз ва гаплар қанча чиройли, балоғатли бўлмасин, қайтараверилса, ёқмай қолади, кишининг жонига тегади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан устунлиги Аллоҳнинг Ўзи яратган нарсаларидан устунлиги даражасидадир», деганлар.
Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни шундай сифатлаганлар: «У кўп такрорлаш билан эскирмайди. Унинг ибратлари тугамайди, ажойиботлари тамом бўлмайди. У (ҳақ билан ботил орасини) ажратувчидир, ҳазил эмасдир. Уламолар ундан тўймайдилар. У сабабли хоҳиш-истаклар четга чиқмайди, тиллар чалкашмайди. Уни тинглаган вақтларида жинлар: «Албатта, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади» (Жин сураси, 1-2-оятлар), дейишдан ўзларини тўхтата олмаганлар».
Араблар ҳам, пайғамбар бўлишларидан олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, яҳудий ва насронийларнинг олимлари ҳам билмаган, самовий китобларда баён қилинмаган илм-маърифатни ўзида жамлаши Қуръоннинг мўъжизаларидан ҳисобланади.
Қуръони Каримда шариат илмлари, ақлий далиллар, адашган умматларга қаратилган аниқ ва лунда, лафзлари осон, очиқ-равшан, кучли ҳужжат ва кучли раддиялар мужассамки, манаман деган билимдонлар ҳам унга ўхшашини келтиришдан ожиздир.
Мисол тариқасида баъзи оятларни келтирамиз:
Ёсин сурасининг 81-оятида: «Осмонлару ерни яратган Зот уларга ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У яратувчи ва билувчи Зотдир».
Шунингдек, 79-оятида: «Сен: “Уларни илк марта йўқдан бор қилган Зот тирилтиради ва У ҳар бир яратилган нарсани яхши билувчидир”, деб айт», — дейилган.
Анбиё сурасининг 22-оятида: «Агар у (осмонлару ер)ларда Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида, бузилиб кетар эди. Аршнинг Робби улар сифатлаган нарсадан покдир».
Бундан ташқари, Қуръони Каримда ваъз-насихатлар, ҳикматлар, охират ҳаётига оид хабарлар, гўзал ахлоқлар ва яхши сифатларнинг баёни ҳам ўрин олган.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 38-оятида: "Ер юзидаги ҳар бир юрувчи жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббларига жамланурлар."
Хулоса ўрнида ушбу ҳадисни келтириш билан кифояланамиз:
Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бу Қуръонни буюрувчи, қайтарувчи, эргашиладиган йўл ва зарбулмасал қилиб нозил қилди. Унда сизлардан олдингиларнинг ҳам, сизлардан кейингиларнинг ҳам хабарлари ва ораларингиздаги нарсаларнинг ҳукмлари бор. Узоқ такрорлаш уни эскиртирмайди. Унинг ажойиботлари тугамайди. У ҳақдир, ҳазил эмасдир. Ким у билан гапирса, рост гапирибди. Ким у билан ҳукм қилса, адолат қилибди. Ким унга суянган ҳолда баҳс қилса, ғолиб бўлади. Ким унинг айтгани бўйича тақсим қилса, тўғри тақсим қилибди. Ким унга амал қилса, ажрга эга бўлади. Ким уни маҳкам тутса, тўғри йўл топади. Ким ундан бошқасидан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни адаштиради. Ким ундан бошқаси билан ҳукм қилса, Аллоҳ уни ҳалок қилади. У ҳикматли эслатма, очиқ-ойдин нур, тўғри йўл, Аллоҳнинг мустаҳкам арқони, фойдали шифо, мустаҳкам ушлаганлар учун ҳимоя, эргашганлар учун нажотдир. Ҳақдан оғишмагани учун уни тўғрилашга, адолатдан четга чиқмагани учун уни ислоҳ этишга ҳожат йўқдир».
Саттаров Маъруфжон
таълим муассасаси талабаси