ҚАЛБ ҒИЙБАТИ ВА ТУҲМАТ
Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу, мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади. Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар», деган (12-оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам, «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмокда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу аихудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», - дедилар». Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», - дедилар». Бухорий ривоят қилган. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», - дедилар».
Ғийбатнинг зарарлари:
1. Ғийбатчи дўзахда сассиқ ва ифлос нарсаларни еб азобланади.
2. Ғийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади.
3. Ғийбатчидан иймон нури ва ислом асари кетади.
4. Ғийбат қилинган шахс кечирмагунча ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди.
5. Ғийбат бардавом ёмонликдир.
6. Ғийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир.
7. Ғийбатчи пасткаш шахсдир.
8. Ғийбат одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир.
Қобилжон Ахунжанов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси