Яратилиш санаси 13.03.2025

Мусҳафга қараб тиловат қилиш хосияти

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш кимни хурсанд қилса, Мусҳафга қараб (Қуръон) ўқисин”, деганлар[1]

Аллоҳни, У Зотнинг Расулини яхши кўриш қайси биримизни хурсанд қилмайди? Қалбимизда Меҳрибон Парвардигоримизга, мушфиқ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан муҳаббат пайдо бўлишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Ким мана шу неъматга эришмоқчи бўлса, қўлига Қуръон олиб, хулуси ният билан тиловат қилсин. 

Мусҳафга қараб ўқиган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини кўзи билан кўради, тили билан муборак сўзларни талаффуз этади. Кўз ва тил ёрдамида қилинган зикр қалбга кучлироқ таъсир қилади. Тиловат чоғида инсон қалбида секин-аста Аллоҳга, Расулига муҳаббат пайдо бўлади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кишининг Мусҳафга қарамай қироат қилиши 1000 даража, Мусҳафга қараб ўқиши 2000 даражагача кўпайтирилади[2]”. Бундан чиқди, Қуръонга қараб тиловат қилинса, ёддан ўқигандан кўра икки баравар кўп савоб олинади. 

Ривоят қилинишича, амирул мўминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйига кирса, Қуръонни очиб қироат қиларди[3]

Нофеъ исмли тобеиндан сўралди: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу уйда қандай юмушлар билан банд бўларди?” Шунда Нофеъ: “Бунга биронтангиз тоқат қилолмайсиз. Ибн Умар ҳар бир намоз вақтида таҳоратни янгилар, орада Мусҳафни очиб тиловат қиларди”, деб жавоб берди. 

Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб кўз оғриғидан шикоят қилганида, ул муҳтарам зот: 

– Мусҳафга доим назар солиб тур! – деб тавсия этганлар[4].

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Кўзларингизга ибодатдан насибасини беринглар!” дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, кўзнинг ибодатдан насибаси нима?” деб сўралди. У зот: “Мусҳафга назар солиш, у ҳақида тафаккур қилиш, ажойиботларидан ибрат олиш” деб айтдилар.

Кўпчилик салафлар ёддан ўқигандан кўра Мусҳафга қараб тиловат қилишни афзал билишган. Чунки бунда кўз билан тил биргаликда иштирок этади. Қолаверса, кўз билан кўриш кишини тадаббурга ундайди. 

Имом Нававий: “Бизнинг устозларимиз ҳам шундай дейишган. Аммо бу мутлақ эмас. Агар қори ёддан ўқиганда Мусҳафга қараб ўқигандан кўра кўпроқ тадаббур ҳосил қила олса, ёддан ўқигани яхши. Агар иккаласи тенг бўлса, Мусҳафдан ўқиш афзал”, деган[5]

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Отага назар солиш – ибодат. Каъбага назар солиш – ибодат. Мусҳафга назар солиш – ибодат. Биродарингга Аллоҳ йўлида меҳр-муҳаббат билан назар солишинг ибодатдир[6]”.

Мазкур амаллар бежиз ибодат саналмайди. Чунки инсон ота-онаси юзига меҳр-шафқат билан қараса, олдиларида ўзини хокисор тутса, падари бузрукворини, волидаи муҳтарамасини рози қилса, Аллоҳ ундан рози бўлади. 

Каъбага назар солиш ҳам ибодат. Айтилишича, Каъбатуллоҳга қараш бир йиллик ибодат савобига тенг экан[7]

Мусҳафга назар солиш ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Бу ерда айтилишича, Мусҳафга назар солган одамнинг номаи аъмолига савоб ёзилади. 

[1] Аҳмад ибн Абдуллоҳ Абу Нуайм Исфаҳоний. “Ҳилятул авли ё ва табақотул асфи ё”, 10 жуз. – Байрут.:Дору китобил арабий, 1405 ҳ. 

[2] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ.             

[3] Кандеҳлавий, “Ҳаётус саҳоба”.

[4] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ. 

[5] Абдурауф Муновий. “Файзул қодир”, 6 жуз. – Миср.:Ал-Мактабатут тижория, 1356 ҳ. 

[6] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ. 

[7] Абдурауф Муновий. “Файзул қодир”, 6 жуз. – Миср.:Ал-Мактабатут тижория, 1356 ҳ.

Султонмаҳмудов Абдулмажид

таълим муассасаси ўқитувчиси