
Рамазонда бажарилиши тавсия этилган амаллар
Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат ва саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди. Уламоларимиз томонидан муборак рамазон ойини ғанимат билиб, хайрли амаллар билан ўтказишни тавсия этганлар. Қуйида уларни асосийларини келтириб ўтамиз:
1. Қуръон ўқиш ва тадаббур қилиш
Рамазон ойи – Қуръони Карим нозил қилинган ой. Шунинг учун бу ойда Қуръонни кўпроқ ўқиш, маъноларини тушуниш ва ҳаётда амал қилиш жуда савоблидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар йили Рамазонда Жаброил (алайҳиссалом) билан Қуръонни такрорлаб ўқир эдилар (Бухорий ривояти).
2. Нафл ва тахажжуд намозларини кўпайтириш
Рамазонда нафл намозларини кўпайтириш савоблидир, айниқса:
Таҳажжуд намози
Авал намози[1]
Чошт намози[2]
Таровеҳ намози
Тахажжуд намози – кечаси ухлаб, кейин қайта туриб ўқиладиган нафл намоз бўлиб, гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади.
3. Истиғфор ва тавба қилиш
Рамазон – гуноҳларнинг кечирилиши ойидир. Шу сабабли, бу ойда:
“Астағфируллоҳ”, “Аллоҳуммағфирлий” деган сўзлар билан истиғфор кўп айтиш лозим.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Ким Рамазонда холис ният билан тавба қилиб, Аллоҳдан кечирим сўраса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”. (Бухорий ва Муслим ривояти)
4. Садақа ва хайрия қилиш
Рамазон ойида муҳтожларга ёрдам бериш, садақа бериш, закот чиқариш энг фазилатли амаллардан ҳисобланади.
Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин, хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари).
Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган.
Садақани қуйидаги шаклларда бериш мумкин;
Камбағалларга моддий ёрдам;
Етимларга ва муҳтожларга егулик бериш ваҳоказо...
5. Рўза тутганларни ифтор билан сийлаш
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга рўзадор олган савоб берилади, рўзадорнинг савоби эса камаймайди.” (Термизий ривояти)
Агар бирор киши бошқа бир рўзадорга ифторлик тайёрлаб берса, иккаласига ҳам савоб битилади.
6. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш
Қадр кечаси минг ойлик ибодатга тенг эканлиги учун, бу кечада ибодат қилиш ўта фазилатли ҳисобланади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Ким Қадр кечасини ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади.” (Бухорий ва Муслим ривояти)
Қадр кечасида қуйидаги ишлар тавсия этилади:
Тахажжуд намози ўқиш;
Қуръон ўқиш;
Садақа бериш;
Истиғфор айтиш.
7. Саломатликка эътибор бериш
Рамазон пайтида инсон ўз саломатлигига ҳам эътибор бериши керак. Соғлом овқатланиш, саҳарликни тарк қилмаслик ва меъёрий ухлаш ҳам муҳимдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: “Саҳарлик қилинг, чунки саҳарликда барака бор.” (Бухорий ва Муслим ривояти)
8. Кўп дуо қилиш
Рамазон ойи – дуолар қабул бўладиган ойдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди: рўзадорнинг дуоси, одил ҳокимнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси.” (Термизий ривояти)
Дуо қилишда қуйидаги сўзларни айтиш мумкин:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ
“Аллоҳумма, инний асъалука ал-ъафва вал-ъаафийата фид-дуня вал-ахиро.” (Маъноси: “Эй Аллоҳ, мен Сендан дунё ва охиратда афв ва саломатлик сўрайман.”)
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойида ҳар бир хайрли амалнинг савоби кўпаяди. Шу сабабли, бу ойни фойдасиз нарсаларга сарфламасдан, ибодат ва яхшиликлар билан ўтказиш керак. Қуръон ўқиш, садақа бериш, дуо қилиш ва инсонларга яхшилик қилиш бу ойнинг энг улуғ фазилатларидан биридир.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойини ибодат ва хайрли амаллар билан ўтказиб, икки дунё саодатига эришган бандалардан қилсин! Омин!
[1] Авал намози – бу нафл (ихтиёрий) намоз бўлиб, қуёш чиққандан сўнг 15-20 дақиқа ўтгач ўқилади. У яна “Ишроқ” намози ҳам деб аталади.
[2] Чошт намози – бу нафл (ихтиёрий) намоз бўлиб, кундузи қуёш чиққандан кейин ва пешин намозигача ўқилади. У яна “Зуҳо” намози ҳам деб аталади.
Муҳаммадали Каттабаев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ходими