
Қуръон ўқиладиган хонадон файзи
Қуръон ўқиш билан нафақат қалбимиз, балки уйларимиз ҳам нурга тўлади. Қуръон ўқиладиган хонадон таровати бўлакча. Биронта уйга кирсангиз, у ерда Қуръон ўқиладими-йўқми, шундоқ билиб оласиз. Чунки Қуръон ўқиладиган хонадон кўзингизга файзли кўринади. Каломуллоҳ тиловат қилинадиган маскан самодаги юлдузлар каби нур сочиб туради.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўкдаги юлдузлар ердагиларга қандай кўринса, Қуръон ўқиладиган уй осмон аҳлига худди шундай кўринади”, деганлар[1].
Тунда самога боқсангиз, милтиллаб турган минглаб юлдузларни кўрасиз. Қуръон тиловат қилинадиган уй осмондагиларга ана ўша юлдузлар ўхшаб кўринади. Чунки Қуръон ўқиладиган уйдан нур таралиб туради.
Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Кеча Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг уйи ёришиб кетганини кўрдингизми? – дейилди.
Шунда у зот:
- Бақара сурасини ўқиган бўлса керак, – деб марҳамат қилдилар.
Ибн Қайсдан бу ҳақида сўралганда, “Тунда Бақара сурасини ўқигандим”, деб жавоб берди[2].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уйларингизни намоз билан, Қуръон ўқиш билан мунаввар қилинглар[3]”.
Бизнинг ҳанафий мазҳабида фарз намозларини масжидда ўқиш таъкидланган суннатдир. Нафл намозларини уйда ўқиган афзал. Сабаби намоз ўқисак, Аллоҳни эсласак, хонадонимиз мунаввар бўлади.
Одамлар анча-мунча сарф-харажат қилиб, елиб-югуриб чиройли уйлар қуради. Айрим иморатлар бир қарашда кўзингизга данғиллама кўринса-да, бироқ хонадонда файз бўлмайди. Нега? Чунки у ерда Қуръон тиловат қилинмайди, намоз ўқилмайди...
Иморат қанча ҳашаматли бўлмасин, Аллоҳнинг Каломи ўқилмаса, ундай жойда файз-барака бўлмайди. Зеро, қуруқ дабдаба билан уйимизга нур кириб қолмайди. Яшаб турган жойимиз нурга тўлсин десак, Қуръон ўқийлик, ибодат қилайлик, зикр-тасбеҳ айтайлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинадиган уйнинг аҳли учун кенглик бўлади, фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан узоқлашади. Бундай хонадоннинг яхшиликлари кўпаяди. Қуръон ўқилмайдиган уйнинг аҳли учун танглик бўлади. У ерни фаришталар тарк этади. Ўрнига шайтонлар келади. Шунинг учун яхшиликлари камаяди[4]”.
[1] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ.
[2] Абулфидо Исмоил ибн Касир. “Фазоилул қуръон”.
[3]Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ.
[4] Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Абу Муҳаммад Доримий. “Сунануд доримий”, 2 жуз. – Байрут.Дорул куттоб ал-арабий, 1407 ҳ.й.
Султонмаҳмудов Абдулмажид
таълим муассасаси ўқитувчиси