Отан-онага яхшилик қилиш
Шайх Алий Тантовий айтадилар: “Бир йигит менга қуйидаги воқеани айтиб берди, “Отам билан бир масалада келишолмай қолдим. Бироз овозимни кўтаришгача бордим. Олдимда китоб-дафтарларим турган эди. Уларни столим устига улоқтирдим ва ётоқхонамга кириб кетдим. Хафалик ва қайғу қалбим ва ақлимни бутунлай чулғаб олган эди. Ётоғимга чўзилиб, ёстиққа бошимни қўйдим. Ўзи одатда бирон нарсадан қаттиқ сиқилсам, ғам-андуҳ менга етса, ухлашга ҳаракат қиламан. Одатдагидек эртаси куни универститетдан чиқдим, меҳрибон отамга эркаланиб ва кечаги қилмишимни “ювиш” мақсадида “Отажоним! Эшитишимга қараганда инсон оёғининг таг қисми устидан кўра юмшоқ ва майин бўлар экан. Бу гапни тўғрилигини аниқлаш учун муборак қадамингиз лабим билан буни тажриба қилишга изн берармикин?” деб СМС ёздим. Хонадонимизга етиб бориб эшикни очсам, отам мени даҳлизда кутиб турган эдилар. Кўзларидан оққан ёш икки юзларини ювиб тушган эди. Менга “Оёғимни ўпишингга ҳаргиз ижозат бермайман. Сен айтган гап жуда ҳам тўғри, мен уни сен гўдаклик чоғингда оёғингни усти ва тагини ўпиб, синаб кўриб билганман” дедилар. Отамнинг бу гапларидан кейин кўзимни ёшини тута олмадим.
Оталаримиз бир кун албатта Роббимизнинг берган муддатини ўтаб абадий дунёга кетишлари бор. Борликларида уларга эҳтиромни ва яхшиликларни қилиб қолишга ҳаракат қилайлик! Зеро ҳадисда “Оталарингизга яхшилик ва гўзал муомалада бўлинг, фарзандларингиз ҳам сизга яхшилик ва гўзал муомалада бўлишади” дейилган. (Табароний ривояти)
«Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт. (Исро сураси, 24 оят)
Содиқжон Мадмусаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим
юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари