ЁШЛАРНИ ЗАРАРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАЙЛИК
Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири гиёҳвандликдир. Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни “Ихтиёрий жиннилик”, деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақли ҳушини йўқотади. Гиёҳвандлик ҳақида ҳам муқаддас динимизда керакли кўрсатмалар берилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:
Динимиз ҳалол қилиб берган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва уни истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда бундай деганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамирдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром эканлиги маълум бўлди. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
“Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади” (Имом Дорамий ривоятлари).
Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни ажримига сабаб бўлади, болаларни етим ва ногирон қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга маҳкум этади. Охир оқибат касаллик, узоқ муддат қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин ёки тез бўлсин, динимизда қатъий қайтарилгандир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюрган:“Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси 29-оят)
Ислом дини инсон манфаати ва ҳуқуқлари тўла таъминлашини тарғиб қилади. Чунончи, динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлар ҳаром қилинган. Жумладан, ҳозирда айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Чунки ушбу одат инсон саломатлигига зарарли, ҳатто инсонни ҳалок қилувчи экани, рак ва бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланган.
Ёшларимизни захарлаб, дори воситаларини савдоси билан шуғулланаётган нокаслар ҳақида тегишли масъулларга ўз вақтида хабар беришимиз, уларни жиноятини фош қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларга ўз вақтида ёрдам қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз эканини унутмайлик. Ҳар биримиз фарзандларимиз ҳамда ён-атрофимиздаги ёшларнинг тарбиясига бепарво бўлмай, уларни ҳам гуноҳ ва маъсият ишлардан огоҳлантирайлик. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан ким мункар – ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин...”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши ҳаром ва гуноҳ ишларга қарши фаол бўлиши зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).
Шундай экан, доимо ўзгаларга фойдаси тегадиган ва хайрли ишларда ҳамкорлик қилайлик ва гуноҳ ҳамда ўзгаларга зарари бор нарсаларни тарқатиш ва уларни кўпайтириш йўлида асло ҳамкорлик қилмайлик. Акс ҳолда қилмишимизга яраша икки дунёда ҳам жавобгар бўламиз.
Ҳар биримиз фарзандларимиз ва ёшларимизнинг тарбиясига, уларнинг кимлар билан ўртоқ бўлаётганига жиддий эътибор қаратишимиз даркор. Зеро, фарзандларимизни тўғри тарбияланиши учун дўстларини роли жуда катта. Шунинг учун ҳам Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ:
“Ёшларни тўғри тарбиялаш – уларни ёмон дўстлардан сақлаш билан бўлади”, деганлар (“Иҳёу улумид дин” китоби).
Шайх Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобларида дўстнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги ибратли мисрани келтирганлар:
“Нуҳ алайҳиссаломнинг (Ём исмли) фарзандлари ёмонлар билан бирга юриб, пайғамбарликдан маҳрум бўлди”.
Яъни, тарихдан маълумки, Нуҳ алайҳиссаломнинг барча фарзандлари пайғамбар бўлганлар, фақат Ём исмли фарзандлари ёмон кимсаларга қўшилиб, бу буюк мартабадан- пайғамбарликдан маҳрум бўлди.
Демак, Пайғамбарнинг ўғилларига ёмон дўстларнинг таъсири бўлганидан кейин бизу сизнинг фарзандларимизга ёмон дўстларнинг таъсир қилиши аниқ албатта. Ёшларни нашавандикка ўргатадиган ва бундай ажал уруғи савдосига аралаштирадиган кимсалардан фарзандларимизни эҳтиёт қилиш барчамизнинг муҳим вазифамиз ҳисобланади.
Юнусов Шарифхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими