
“Қай бир мусулмон экин экса...
Инсон фарзанди дунё ҳаётида умр кечириб яшар экан, унга Аллоҳ таоло томонидан бир қанча неъматлар туҳфа этилиб борилади. Бу ҳам инсонни бошқа жонзотлардан азизу-мукаррам эканлигига нишонадир. Бунинг эвазига ундан ер юзида Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига тўғри ва тўлиқ амал қилиш талаб этилади. Ушбу кўрсатмалар сирасига инсонни табиатга ва теварак атрофга бўлган муносабатидир. Бу ҳақда нафақат ўзга динларда, хусусан, Ислом динида ҳам тартибли гўзал амаллар баён этилган. Жумладан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётларида теварак атроф ва табиатга бўлган муносабатларини биз умматга намунали қилиб, ўз кўрсатмаларини берганлар.
Баҳор фасли эшик қоқиб келар экан, дарахт куртаклари аста секин очилиб, яшил либосга буркана бошлайди. Аста секин яратганнинг амри фармони ила ҳар бир дарахт ва экин-тикинлар инсоният учун ўз хизматини бажо айлайди. Курраи-заминда барча нарсани Аллоҳ таоло бир-бирига боғлиқ ҳолда яратиб қўйди. Мисол учун, дарахтга мева берадиган ҳолгача бир неча сабабларни яъни, унга ер, ҳаво, сув, қуёш ва ойдек борлиқ биргина меванинг пишилиб етгунича хизматда. Шу каби, инсон ҳам бир мева ёки экин-тикинларни пишиб етилгунича, уларни парвариш қилиб, меҳрини беради. Буюк саркарда бобомиз Амир Темур ўз сўзларида бир дарахт кесишдан олдин ўрнига ўнтасини экишни тавсия қилар эканлар. Ҳикматларда келтирлишича, “Кимки бир дарахт экса, у (дарахт) унса, Аллоҳ таоло у (эккан киши) учун жаннатда дарахт экади”. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло бандани бажарган амали эвазига ўз жинси билан мукофотлаши Унинг фазл соҳиби ва адолат эгаси эканлигининг далилидир. Бу ҳикмат ҳам банданинг умр бўйи қилган яхшиликлари фақат ўзининг фойдаси эканлигига нишонадир.
Ислом динида биргина кўчат ва зироъат экишдек ҳаракатларни ҳам ибодат даражасига олиб чиқилган. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келтирилади:
عن جابر رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم ما من مسلم يغرس غرسا إلا كان ما أكل منه له صدقة وما سرق منه له صدقة ولا يرزؤه أحد إلا ان له صدقة إلى يوم القيامة
Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қай бир мусулмон экин экса, ундан ейилса, унга (унинг номига) садақа бўлади. Ундан ўғирланса (ҳам), унга (номига) садақадир. Кимики ундан олса, (истеъмол қилса) токи қиёматгача садақа бўлади”.
Албатта, ҳар бир нарсани ўз тартиб ва қоидаси бўлганидек, экин, кўчат ва дарахтларни ўстиришга лойиқ ўрин ва муносиб ҳаракат бўлиши керак бўлади. Биз эккан кўчатлар келажакда мева бермаган даражада ҳам теварак атрофга ўз гўзаллиги, кўрки ва манзарасидан баҳраманд қилиб туриши кўзланган мақсаднинг маҳсулидир. Бироқ бундай хайрли ишлар жараёнида ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари доим риояда бўлиб адо этилса, ундан нафақат инсон балки, жонзотлар ҳам нафланадиган бўлса, шу экин бор экан, меҳнат ва ҳаракат қилган кишига савоби тинмасдан бориб туради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир муборак ҳадисларида шундай келтирилади:
وعن معاذ بن أنس رضي الله عنه عن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال من بنى بنيانا في غير ظلم ولا اعتداء أو غرس غرسا في غير ظلم ولا اعتداء كان له أجر جاريا ما انتفع به من خلق الرحمن تبارك وتعالى رواه أحمد من طريق زبان
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот айтадилар: “Кимки зулм ва тажовуз қилмасдан бир бинони тикласа ёки зулм ва тажовуз қилмасдан экин экса модомики, Раҳмоннинг яратганлари (махлуқот яъни, тирик жонзот) манфаат олар экан, унга ажр бориб туради” .
Инсониятга яшаб турган ҳаётда манзарали ва мевали дарахт ва экинлардан кўриниши ва унинг соясигина эмас, балки, кўз илғамайдиган даржада ўзга катта манфаати ҳам мавжуддир. У ҳам бўлса, табиатдаги дарахтлардан чиққан фойдали тоза ҳавони қабул қилиб олади. Олимлар фикрича, баҳор фаслида еттита хислат бор экан. Биринчи, баданга қувват ҳосил бўлади. Иккинчи, инсон ризқи зиёда бўлади. Учинчи, турмуш тарз ижобийлашади. Тўртинчи, мақсадлар ҳосил бўлади. Бешинчи, дил шодон бўлади. Олтинчи, уйқу морамида бўлади. Еттинчи, янги сафарлар уюштириш бошланади.
Бир шоир ўз шеърида баҳор фаслини мадҳ қилиб, шундай дейди:
سقوط الغمام بفصل الربيع ... ففي البر بر وفي البحر در
Маъноси: “Баҳор фаслида булутлар(дан ёмғир) ёғур, унинг қуруқлигида яхшилик, денгизида дур-маржон мавжуд”.
Аҳмаджанов Иброҳимжон
таълим муассасаси ўқитувчиси