Яратилиш санаси 25.03.2025

Қалб ислоҳи йўлида

Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом тилидан шундай дейилган: “У кунда на мол-давлат, на бола-чақа фойда беради. Магар Аллоҳ ҳузурига салим – тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда беради) (Шуаро сураси, 88-89-оятлар)[1].

Қиёмат куни одамлар ҳисоб қилингани қабрдан чиқади. Ана ўшанда кишига туну кун елиб югуриб тўплаган бойлиги ҳам, қўша-қўша фарзандлари, казо-казо ота-боболари ҳам фойда бермайди. Ер юзи тўла олтинни садақа қилиб юборса ҳам нафи бўлмайди. 

Охиратда кимнинг пули кўплигига, аждодлари қандай одам бўлганига қаралмайди. Бойлик ҳам, насл-насаб ҳам иш бермайди рўзи маҳшарда. Фақат қалбдаги имон, солиҳ амаллар фойда беради. Қалби пок инсон қиёмат куни нажот топади, Аллоҳ розилигига эришади. Шундай экан, зинҳор давлатимизга, фарзандларимизга ишониб қолмайлик, қалб поклигига эътибор берайлик. 

Қалб шифоси – имон. Аллоҳга шубҳасиз имон келтирган, “Аллоҳ бор!”, “Аллоҳ Ягона!” деб ишонган инсон дили пок, нияти холис бўлади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Огоҳ бўлинглар! Инсон танасида бир парча эт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар бузилса, тананинг ҳамма аъзоси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир[2]”. 

Банданинг салоҳияти, яхши ёки ёмонлиги унинг қалбига боғлиқ. Зеро, қалб тананинг амиридир. Бошлиқ яхши бўлса, раият ҳам тузук бўлади. Агар бузилса, раиятдан салоҳият кетади. 

Бу ерда қалб иши нозик экани, уни ислоҳ қилиш, қалбни поклаш муҳимлигига алоҳида урғу берилмоқда. Руҳий тарбия соҳасида ҳам энг муҳим иш қалбни тозалашдир. Бу, комилликнинг илк босқичи саналади. Қалб поклансагина банда ўзида юксак ахлоқни, мақталган сифатларни жамлай олади. Шу сабаб Динимизда қалб поклигига, руҳий тарбияга алоҳида урғу берилади. 

Ҳадисда “қалб”нинг “бир парча гўшт” дейилишига сабаб қалб қолган тана аъзоларига нисбатан кичик, нари борса, одамнинг муштидек келади. Мана шу бир парча эт инсон салоҳиятини белгилаб беради. Мана шу митти аъзони тўғрилай олган инсоннинг бошқа аъзолари ҳам тўғри, соғлом бўлади. Зеро, инсоннинг ҳамма аъзолари қалбга бўйсунади. Ҳалол ризқ топиш, ҳаромдан ҳазар қилишда ҳам қалб поклиги муҳим саналади. Агар қалб тоза бўлса, инсон ҳалолга рағбат қилади, ҳаромдан йироқ юради. 

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009. 

[2] Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Бухорий. “Саҳиҳул бухорий”, 6 жуз. – Байрут.:Дору ибни касир – Ямома, 1987. 

Усманов Абдусамад

таълим муассасаси ўқитувчиси