
Тасаввуфнинг шариатга алоқадорлиги масаласи
“Сўфий” ва “тасаввуф” сўзларининг луғавий маънолари ҳақида турли хил фикрлар айтилганидек, уларнинг истилоҳий маъноси борасида ҳам турли қарашлар бор. “Қавоидут тасаввуф” китобида зикр қилинишича, машҳур тасаввуф шайхи Адмад Зарруқ (р.а.) икки мингга яқин таърифни келтирган. Уларнинг ҳаммаси “Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ” қилиш маъносидадир. Тасаввуф аҳлининг ўзлари унинг таърифидаги бундай хилма-хилликни яхшилик аломати деб биладилар.
Тасаввуф шариатга бевосита боғлиқ. Уни қуйида тасаввуф ҳақидаги баъзи таърифлар билан танишиб чиқсак, янада бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
1. Шаръий одоблар ила зоҳирда туриб унинг ҳукмини ботинда кўриш. Шунингдек, шаръий одоблар ила ботинда туриб унинг ҳукмини зоҳирда кўришдир. Шунда одобланувчи учун икки ҳукм ила камол ҳосил бўлади.
2. У бир мазҳаб бўлиб, мақсади қалбни Аллоҳ таолодан бошқа барчадан холи қилиш, Холиққа ихлос ила ибодат қилиш ҳамда Ундан бошқасидан ажралиш ила руҳни қудсият оламига олиб чиқиш.
3. Тасаввуф нафсни ахлоқий жиҳатдан тараққий эттирадиган ҳаётий фалсафа бўлиб, у муайян амалий риёзат воситасида ҳақиқатга айланади ва баъзи вақтларда олий ҳақиқатга сингиш ҳиссига олиб боради. Шунингдек, ундан завқ ва ақл ила маърифат ҳосил қилишга олиб боради.
4. Тасаввуф бир илм бўлиб, у ила нафснинг аҳволи: яхши ва ёмони, унинг ёмонини поклаш йўли, яхшини зийнатлаш йўли, Аллоҳ таолога юзланиш кайфияти ва услуби ўрганилади яъни, Ўзидан бошқадан паноҳ сўрамаслик.
5. Тасаввуф – ҳар бир ёмондан холи бўлиш, ҳар бир яхшидан ибрат олиш ила қурбат[1]га ва висол[2]га эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш ва ниятда Роббиси ила боғлашдир.
6. Тасаввуф – ахлоқни сайқаллашни ва нафсни поклашни йўлга қўяди.
7. Тасаввуф тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво ва шунга ўхшаш маъноларнинг ҳақиқатини англаб етишга ёрдам беради ва уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилиш бўйича дарслар ва кўргазмали тажрибалар олиб боради.
8. Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.
Юқорида зикр этилган таърифлар билан бир қаторда “тасаввуф” сўзи ва унга боғлиқ лафзлар қадимги луғат илми усталари томонидан ҳам синчковлик билан ўрганилганини ҳам эслашимиз ўринли.
Жумладан, “ал-Муъжам ал-васийт” номли луғaт китобида бу ҳақда қуйидагилар келтирилган:
صوَف فلانا “Саввафа фулонан” - фалончини сўфийлардан санади дегани.
تصوَف فلان “Тасаввафа фулонун” - фалончи сўфий бўлди дегани.
Тасаввуф сулук тарзи бўлиб, унинг асоси нафс пок ва руҳ олий бўлиши учун содда ҳаёт ва фазилатлар ила зийнатланиб яшашдир.
Тасаввуф илми – сўфийлар эътиқод қиладиган нарсалар ва ўз жамоаларида ҳамда ёлғиз қолганларида ушлайдиган одоблари. Сўфий тасаввуф йўлига эргашган одамдир.
Шайх Шиҳобиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ас-Суҳравардий (р.а.) сўфийни қуйидагича таърифлайдилар:
“Сўфий ҳар бир нарсани ўз жойига қўядиган, вақтлар ва ишларни илм ила тадбирини қиладиган, халқни ўз мақомига қўядиган, Ҳаққнинг амрини ўз жойига қўядиган, беркитилиши лозим бўлган нарсани беркитадиган, очилиши лозим бўлган нарсани очадиган ва ишларни қалб ҳузури ила, тўғри тавҳид ила, камоли маърифат ила, риояти сидқу ихлос ила ўз ўрнида адо этадиган шахсдир”[3].
Одатда, Ислом динининг амалий қисми, дин қоидалари “шариат” дейилади ва унинг аҳкомларини фиқҳ илми ўргатади.
Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.) эса:
الشريعة عمل بالأركان أى بالظاهر والطريقة عمل بالقلب والحقيقة عمل بالسر
“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир” деганлар.[4]
Шариат ва тасаввуфнинг бир-бирини тақозо қилиши ҳақида Имом Молик (р.а.)нинг қуйидаги сўзларини эслаш кифоя: «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибди. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибди. Ким иккисини жамласа муҳаққиқ бўлибди.[5]
[1] Аллоҳ таолога яқинлашиш.
[2] Аллоҳ таолонинг жамолига етишиш.
[4] Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат / Янги топилган намуналар. – Т.: Мовароуннаҳр , 2004. Б.148.
[5] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 33.
Усманов Абдусамад
таълим муассасаси ўқитувчиси