Яратилиш санаси 14.04.2025

Набавий Тафсир...

Ислом уммати Қуръони Каримни фақат тиловат қилиш эмас, балки уни тушуниш ва ҳаётга татбиқ этиш масъулиятини ҳам зиммасига олган. Буни англашда энг муҳим манба — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Чунки Аллоҳ таоло У зот ҳақида: «У зот нафс ҳавосидан гапирмайди. Бу нозил қилинган ваҳийдан бошқаси эмас» (Нажм сураси, 3–4-оятлар), — деб марҳамат қилади.

Шундай экан, Қуръонни тўғри англаш учун Набавий тафсир — яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан берилган изоҳ ва тафсирларни ўрганиш зарур. У зотнинг сўзлари, амали, ва таълимотлари Қуръоннинг амалиётда қандай татбиқ этилишини кўрсатади.

Набавий тафсир — бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Карим оятларига қилган шарҳ ва изоҳларидир. 

Бу тафсир: Бевосита ҳадислар орқали, У зотнинг амалий ҳаёти орқали, Саҳобаларга берган таълимотлар орқали маълум бўлади.

Нима учун Набавий Тафсир муҳим?
1. Ваҳийнинг амалиётдаги шакли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ҳаётга татбиқ этиб, унинг реал маъноларини кўрсатиб берганлар.
2. Тушунмовчиликларни бартараф қилиш: Баъзи оятларнинг маънолари умумий ёки муташобиҳ бўлиши мумкин. Уларнинг маъносини Набийнинг изоҳисиз тушуниш хатарлидир.
3. Саҳобаларнинг англаш услуби: Улар Қуръонни Пайғамбаримиздан бевосита ўрганган, бу эса энг ишончли тушуниш манбаи ҳисобланади.

Бир Мисол:  Нур сураси 35-оят «Аллоҳ осмонлар ва ернинг Нуридир...» Бу оят тасаввуфий ва каломий йўналишда турлича изоҳланган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг маъносини тушунтириб: «Аллоҳнинг нури — У Зот бандаси қалбига ҳидоят нурини солади» деганлар. (Тафсир Ибн Касир)

Бу ерда Пайғамбаримиз оятни руҳий-маънавий маънода изоҳлаб, У Зотнинг нури инсон қалбидаги ҳидоят, имон ва маърифат эканини баён қилдилар.

Набавий тафсир Қуръонни тўғри ва чуқур тушунишда ажралмас манбадир. У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва амали орқали Қуръони Каримни ҳаётимизга қандай татбиқ этишни ўргатади. Бугунги кунда ҳам Қуръоннинг маъносини излаб, унга амал қилиш истагида бўлган ҳар бир мусулмон Набавий тафсирга мурожаат қилиши лозим.

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси