Яратилиш санаси 22.04.2025

Наҳв илмининг ривожланишида Басра мактабининг тутган ўрни

Араб тили грамматикаси – наҳвнинг  ривожланишига, Ироқнинг икки - Басра ва Куфа шахарларидаги илмий мунозаралар ва уларнинг жўшқин фаолиятлари катта таъсир кўрсатди. 

Бу борада “Зияус-солик ила авзоҳ ал-масалик” китобида шундай дейилади:  “Ироқ Дажла ва Фурот дарёларининг орасида жойлашган, иқлими мусаффо, ерлари хосилдор ўлкадир. У ерда Эрон, Калдон, Бобил каби илм-фан ва маданият ривожланган давлатлардан кириб келган турли хил миллатга мансуб аҳоли истиқомат қилар эди. Кейинчалик эса, Робиъ ва Музор каби араб қабилалари аста секин кўчиб кела бошлади. Бу қабилалар ичида оддий аҳоли қаторида олий насаб, зиёли табақа вакиллари ҳамда турли хил тарафлардан келган олимлар ва адиблар ҳам кўпчиликни ташкил қилар эди. Шу  сабабли тарихчилар эътироф қилишича, жуда қисқа давр мобайнида Ирок илм-фан ва маданият ўчоғи, қолаверса, наҳв ва сарф илмлари ривожланган дастлабки шаҳардир. Ироқ иқлими мусаффо, ерлари унумдор ва яшаш учун қулай минтақа бўлганлигидан ҳар хил миллатга мансуб аҳоли кўпайиши натижасида, энди у ерда янги шаҳарлар бунёд этила бошланди.

Дастлаб, ҳижрий 14/635-йил Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида, Ироқнинг Нажд саҳросига яқин жанубий ғарбида Басра шаҳри  бунёд этилган бўлса, ҳижрий 17/638-йилда эса Ироқнинг саҳродан узоқроқ шимолий қисмида жойлашган Куфа шаҳрига асос солинди. Шаҳарлар бунёд этилгандан кейин уларда истиқомат қилувчи турли хил миллатга мансуб аҳолилар орасида қабилавий зиддиятлар келиб чиқа бошлади. Кейинчалик бу келишмовчиликлар сиёсий, ҳаттоки, илмий тортишувларга ва шаҳарлар аро хилма хил фикрларни юзага келтирди.  

Дарҳақиқат, араб тилшунослигининг яратилиши, ривожланиши ва тез фурсатда мукаммал даражага етишлигида Басра тилшунослик мактаби муҳим аҳамият касб этган. Тан олиш керакки, наҳв илми Басрада вужудга келди ва энг кўзга кўринган олимлар ҳам айнан шу юртда ўз иқтидорларини намоён қилишди.

Маҳмуджонов Жавоҳир

таълим муассасаси ўқитувчиси