
Мухтасар ул-виқоянинг ёзилиши
Бухоролик ўнлаб атоқли фақиҳлар орасида, Содруш шарийъалар оиласи ўзларига хос мавқега эга бўлиб, Ислом ҳуқуқшунослигида мумтоз ўрин тутган ҳанафий мазҳабининг йирик намояндалари сифатида хизмат қилдилар ва Марғинонийнинг шоҳ асари "Ҳидоя" га катта диққат ва эътибор қаратдилар. замонасининг машҳур ҳуқуқшунос олими бўлган Содруш шарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдулло ал-Маҳбубий ал-Бухорий бўлиб, у XIII асрда яшаб ижод этган ва муҳим фиқҳий асарлар, жумладан, "Ҳидоя" устидан ёзилган шархлардан бирининг муаллифи сифатида танилган. Унинг ўғли Тожуш шарийъа лақаби билан шухрат қозонган Маҳмуд ибн Содруш шарийъа ҳам ўз отаси сингари, ажойиб ҳуқуқшунос олим бўлиб, ҳанафийлар фиқҳи соҳасида ўзидан унутилмас илмий асарлар қолдирди. Тожуш шарийъа, ўз набираси (Содруш шарийъа Ас-Соний, яъни Иккинчи ёки Кичик Содруш шарийъа)ни ислом ҳуқуқи бўйича яхши тарбиялаб, фиқҳий масалаларни унинг миясига сингдириш мақсадида Бурҳонуддин Марғинонийнинг шоҳ асари бўлмиш "Ҳидоя" нинг энг асосий масалаларини қисқартириб, бир китобда ижодий шаклда жамлади ва уни "Виқоятур-ривоя фи масоилил-Ҳидоя" ("Ҳидоя масалаларида ривоятларини сақлаш") деб атайди. Шу ўринда ҳидоя китоби ва унинг муаллифи Бурҳонддин ал-Марғиноний рохматуллоҳ алайхни таништириб ўтишликни ўзимизга лозим деб топдик.
Ўрта осиёлик фақихларнинг ҳар бири ўз илмий услуби ва яшаган даври шароитига қараб ислом ҳуқуқи, айниқса, ҳанафий мазҳаби ривожи йўлида унутилмас хизматлар қилиб, ўзларидан барҳаёт асарлар қолдирганлар. Улар орасида имом Марғиноний ёзган қимматли ҳуқуқий кодекс "Ал-Ҳидоя" ўз ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа суннийлик мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритганлиги учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этади.
"Ал-Ҳидоя" китоби VIII - асрдан буён ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим ва мўътабар қўлланма сифатида барча мусулмон мамлакатлари , мадрасалари ва исломий олий ўқув юртларида ўқитилиб келинмоқда. Унинг матни ва қисқартмалари устидан машҳур фақихлар томонидан 60 дан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар ёзилиб, ушбу мазҳабнинг тарқалиши йўлида таъсирчан омил сифатида хизмат қилиб келгани ҳаммага маълум.
Шунингдек, "Ал-Ҳидоя"нинг форс, инглиз ва рус тилларига таржима сифатида қўлланилиб, ғарб олимлари учун ҳам мазҳабимизни ўрганишда аҳамиятли манба саналади.
Имом Бурҳонуддин Абул-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдужалил ал-Фарғоний ал-Марғиноний 1123 йил ҳозирги Марғилон яқинида Риштон туманида туғилиб, 1197 йил Самарқандда оламдан ўтган.
Марғиноний ўз оиласи тарбиясида ўсиб, энг машҳур ва иқтидорли олимлардан дарс олиб, юксак истеъдоди ва изчил фаолияти туфайли Ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳ ва мужтаҳид даражасига кўтарилди, шайхулислом лақабига сазовор бўлди.
Абдуллаев Азимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси