Яратилиш санаси 28.04.2025

Имом Шамсул Аъимма Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сарахсий роҳимаҳуллоҳ

Исми унинг китобларининг муқаддималарида юқорида ёзилган шаклда келтирилган; ёш замондоши бўлган Нажмиддин ан-Насафий роҳимаҳуллоҳ, Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ва уни кузатган манбалар ҳам исмини шу тарзда қайд қилганлар. Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳ "Шамсул Аъимма" унвони билан танилган эди. Бу унвонни биринчи бўлиб унинг устози Имом Ҳалвоний роҳимаҳуллоҳ олган эди. Асарлари сони жиҳатидан у шубҳасиз энг буюк мусулмон фақиҳларидан биридир. Сифат жиҳатидан эса, Ибн Камол уни Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва Шайбоний роҳимаҳуллоҳдан кейин Ҳассоф, Таҳовий, Кархий ва Ҳалвоний роҳимаҳумаллоҳлар билан бирга учинчи даражадаги мужтаҳидлар табақасига қўяди.[1]

Нисбасидан кўриниб турибдики, Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳ бугунги кунда Туркманистон-Эрон чегарасида жойлашган Сарахс деган қишлоқда ёки унинг атрофида туғилган. Унинг турк наслидан бўлганига очиқ алдил бўлмасада, Бухорода таҳсил олгани, кейинчалик дарс бергани, асарларини Ўзкент (Ўзганд) қамоқхонасида ёзгани ва умрининг охирги йилларини Марғилонда (Фарғона) ўтказганини ҳисобга олсак, у Қорахонийлар давлати олимлари қаторига киради. 

У асарларида фақат араб тилидан фойдаланган; баъзида фиқҳий масалаларни тушунтириш учун, ўз даврининг бошқа Марказий Осиё фақиҳлари каби, арабча атамаларнинг форсча маъноларини келтирган, лекин бу унинг эронлик эканини англатмайди, чунки ўша даврда форс тили шаҳар зиёлилари орасида ишлатиладиган икки асосий тиллардан бири эди. У кўп маротаба булуғ ёши каби масалаларга муносабати билан турклар ҳақида сўз юритган ва бу унинг эронликдан кўра турк деб ҳисобланиши маъқулроқ эканини кўрсатади.

Энг қадимги таржимайи ҳол муаллифлари унинг туғилган йилини зикр қилмайди. Нисбатан янги муаллифлар, масалан, Абдулҳай ал-Лакнавий роҳимаҳуллоҳ[2] ва Фақир Муҳаммад Жаҳламий[3] ҳеч қандай манба келтирмай, Сарахсий 400 ҳижрий (1009-1010 милодий) йилда туғилганини ва савдо мақсадида Бағдодга йўл олган отасига ўн ёшида ҳамроҳ бўлганини айтадилар. 

Лакнавий роҳимаҳуллоҳ машҳур таржимайи ҳол энциклопедияси бўлган “ал-Фавoид ал-Баҳийя” асарида унинг ҳаёти ҳақида тафсилот келтиришига қарамай, туғилган йилини аниқ билдирмайди. Бироқ, Сарахсий таржимайи ҳоли ҳақида бошқа маълумотлар учун ўқувчини ўзининг аввалги ёзувларига ишора қилади, бу эса у келтирган туғилган йилини тасдиқлашини билдиради, акс ҳолда, илгари қилган хатосини тузатган бўларди.

Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳнинг вафот йили ҳақида таржимайи ҳол асарлари одатда 483 ҳижрий (1090-1091 милодий) йилини зикр қилади. Баъзилари "90 йили атрофида" ва "500 йили атрофида" каби ноаниқ ибораларни ишлатадилар, лекин булар аниқ сана билан зид келмайди. Фақат Абдулҳай ал-Лакнавий роҳимаҳуллоҳ[4] ҳеч қандай манба келтирмай: "Жумодул аввал 494 ҳижрийда (Март-Апрель 1101) вафот этди, лекин 483 йилда вафот этган, деган ривоят ҳам бор", дейди. 

Бу тафовут Истанбул кутубхоналаридаги қўлёзма асарларига ҳам акс этган бўлиб, уларнинг баъзилари бир санани, бошқалари эса бошқа санани тасдиқлайди. Бироқ, унинг таржимайи ҳолини ёзганлардан Ибн Қутлубуға роҳимаҳуллоҳ ва Кафавий роҳимаҳуллоҳ "У қамоқдан чиққанида умрининг охирида Фарғонага борди", дея ёзганлари 483 йилни тасдиқлайди. 

Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳ “Шарҳус-Сияр aл-кабир” асарида бу бахтли ҳодиса 480 ҳижрийда (1087 милодий) юз берганини ва дарҳол Марғилонга бориб, қамоқда бошлаган асарининг қолган қисмини у ерда тугатганини айтади.

Устози Ҳалвоний роҳимаҳуллоҳ дарсларини Бухорода берар эди. Манбаларга кўра, ушбу машҳур фақиҳнинг ёрқин вориси бўлган Сарахсий узун йиллар бу дарсларда қатнашган. Қафавий роҳимаҳуллоҳ Итқоний роҳимаҳуллоҳдан нақл қилиб, унинг фиқҳ силсиласини қуйидагича келтиради: Абдулазиз ал-Ҳалвоний — Абу Али ан-Насафий — Имом Муҳаммад ибн Фазл ал-Бухорий — Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ас-Сабазмуний — Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс ал-Кабир — Абу Ҳафс ал-Кабир — Муҳаммад ибн Ҳасан — Абу Ҳанифа. 

Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳнинг дарсларида қанча талаба бўлгани аниқ эмас; манбалар фақат энг машҳур бир неча исмларни зикр қилади: Бухорода узоқ йиллар диний ва сиёсий жиҳатдан муҳим лавозимларни эгаллаган Ал-и Бурҳон сулоласининг асосчиси Бурҳонул-аъимма Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Қозихоннинг бобоси Маҳмуд ибн Абдулазиз ал-Ўзгандий, ал-Ҳидоя муаллифи Марғилонийнинг она томондан бобоси Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб, Рукнуддин Масъуд ибн Ҳусайн ал-Кушоний, Усмон ибн Али ал-Бикандий ва Шарҳуъс-Сиярил-кабирни ривоят қилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Ҳасирий каби йирик уламолар эди. 

Давоми бор...

[1] Рисола, 308-бет

[2]  Шарҳул-Ҳидоя, Лакнавий муқаддимаси, I, 37-бет

[3] Ҳадoиқ ул-Ҳанафийя, с. 205-бет

[4] Шарҳул-Ҳидоя, I, 37-38-бетлар

Калимуллоҳ домла Маҳмудов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси