
Ҳажнинг фазилатлари
Аллоҳ таоло шаввол зулқаъда ва зулҳижжа ойларини ҳаж ойлари этиб белгилади. Ҳозирда шаввол ойини ниҳоялаб юртимиздан ҳожилар муборак сафар олдидан тайёргарлик кўрмоқдалар. Шу ўринда ҳаж ибодатини нақадар улуғлиги борасида бир нечта ҳадисларни ўрганиб чиқсак:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قاَلَ: مَنْ حَجَّ ِللهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар».
Шарҳ: Яъни, ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиш лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.
Ҳажни ният қилганидан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш керак. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, ўша банда, иншааллоҳ, муродига етади.
Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إلاَّ أَبَا دَاوُدَ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар». Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.
Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. ҳаж қиладиган одам жаннатни касб қилиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган бу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ҳажни адо этса мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.
Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ҳам ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.
وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: يَا رَسُولَ اللهِ نَرَى الْجِهَادَ أَفْضَلَ الْعَمَلِ أَفَلاَ نُجَاهِدُ، قَالَ: لاَ لَكِنَّ أَفْضَلَ الْجِهَادِ حَجٌّ مَبْرُورٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَلَفْظُهُ: وَلَكِنْ أَحْسَنُ الْجِهَادِ وَأَجْمَلُهُ حَجُّ الْبَيْتِ.
Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди. «Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Насаийнинг лафзида: «Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.
Шарҳ: Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бу муборак ҳадисларида ҳаж ибодатини жиҳоддан ҳам юқори даражага қўймоқдалар.
Аввалги мусулмонларнинг барчаси энг афзал амални қилиш ва энг улкан савобни олиш иштиёқи ила ёниб яшар эдилар. Мана, уларнинг вакиласи Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» дедилар.
Демак, аёллар жамоаси ўзлари ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан исломий амалларнинг ичида энг афзали жиҳод деган хулосага келганлар. Аммо улар ўзибилармонлик қилиш дардидан холи бўлиб, ҳар бир ишни ўзларига пешво бўлган, ўзларидан илмли зотлардан сўрамай бирор иш қилмаганлар. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз ўзлари билган нарсани яна бир бор аниқлаб олиш учун сўрадилар. Аёл кишилар ҳам энг афзал амални қилиш ниятида жиҳод қилишлари лозим ёки лозим эмаслигини сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».
Демак, аёллар жамоасига ҳаж қилиш, ҳаж бўлганда ҳам ҳажжи мабрур қилиш энг афзал жиҳод бўла олар экан.
Насаийнинг лафзида: «Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.
Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод экани маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажини ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур.
وَعَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ يَوْمٍ أَكْثَرَ مِنْ أَنْ يُعْتِقَ اللهُ فِيهِ عَبْدًا مِنَ النَّارِ مِنْ يَوْمِ عَرَفَةَ وَإِنَّهُ لَيَدْنُو ثُمَّ يُبَاهِي بِهِمُ الْمَلاَئِكَةَ فَيَقُولُ مَا أَرَادَ هَؤُلاَءِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У зот яқинлашиб келади ва улар билан фаришталар олдида фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом ҳаж кунларидан бири бўлмиш арафа кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Арафа куни Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қилар экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, улар ўзларини хору зор тутишларини кўриб Аллоҳ таоло улар билан фаришталар олдида фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Ўша куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.
Албатта, У зот яқинлашиб келади ва улар билан фаришталар олдида фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».
Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло ҳажга борган бандалари билан фаришталарига фахрланади. Бу ҳажнинг улкан фазилати бўлиб, бу мақомга фақатгина ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَابِعُوا بَيْنَ الْحَجِّ وَالْعُمْرَةِ فَإِنَّهُمَا يَنْفِيَانِ الْفَقْرَ وَالذُّنُوبَ كَمَا يَنْفِي الْكِيرُ خَبَثَ الْحَدِيدِ وَالذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَلَيْسَ لِلْحَجَّةِ الْمَبْرُورَةِ ثَوَابٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек фақирлик ва гуноҳларни кетказади. ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», дедилар». Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: ҳаддодлар темир ва бошқа маъданларнинг занги ва кирини яхшилаб кетказиш учун босқонни кетма-кет босиб, болғани устма-уст урадилар ва мақсадларига эришадилар. Гуноҳларим ювилсин, фақирликдан қутилиб, бой бўлай, деган банда ҳам ҳаждан кейин умра қилса, мақсадига эришар экан.
«Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ».
Жаннатни ўзига савоб қилиб олишни истаган банда ҳажжи мабрур қилиши лозим экан. Яъни, ҳаж қилганда ҳаёсиз гап-сўзлардан тийилиб, фисқу фужурлардан холи бўлиб, сахийлик ва ҳусни хулқ ила ҳаж қилмоғи керак.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизни сафарларини беҳатар қилсин, Ҳаж ибодатларини мақбул ҳажлар қаторида қилсин, солиҳ амалларини қабул қилсин ва дуоларини ижобат қилсин. Юртимизга ҳурсандчиликда қайтишларини насиб қилсин.
Усманов Абдусамад
таълим муассасаси ўқитувчиси