Яратилиш санаси 20.05.2025

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ

Отаси ва боболари Сиваслик[1] бўлган Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ отасининг Мисрга кўчиб ўтганидан сўнг, 790/1388 йилда Искандарияда туғилди. Искандария қозиси бўлган отаси у 10 ёшга тўлганида вафот этди. Сўнгра онасининг онаси қарамоғида вояга етган Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ у билан бирга Қоҳирага кўчди ва Шиҳобиддин ал-Ҳайсамий ҳузурида Қуръонни ёд олди. 

Бир муддат яна Искандарияга қайтиб, у ерда қозилик қилган Жамолиддин ал-Ҳумайдийнинг ҳузурида наҳв ва фиқҳ, Зайниддин ал-Искандарийнинг ҳузурида фиқҳ илмларини таҳсил қилди. Қоҳирага қайтиб, у ерга доимий равишда жойлашди ва Қори’ул-Ҳидоя Сирожиддин Умар ҳузурида фиқҳ, Муҳаммад ал-Бисотий ҳузурида усул ва калом, Бадриддин ал-Айний ҳузурида ҳадис ва адабиёт, Ибн ал-Ироқий ҳузурида ҳадис, Бадриддин Оқсароий ҳузурида тафсир илмларини ўрганди. 

Қоҳирада энг кўп фойда кўрган устозларидан бири Зайниддин ат-Тафоҳаний бўлди. У ҳеч қандай моддий мукофот олмасдан “Сарғатмишийя[2]” мадрасасида ат-Тафаҳонийнинг дарсларига қатнашди, ундан "Кашшоф" ва "Ҳидоя" асарларини ўқиди ва ҳатто у билан бирга Қуддусга сафар қилди.

813 йилда Абул Валид ибн ал-Шиҳна Қоҳирага келганида, ундан усул илмини ўрганди ва бир йил ўтиб, Ибн ал-Шиҳна Ҳалабга қайтганида унга ҳамроҳлик қилди. Қисқа вақт ичида устозининг вафоти сабабли Қоҳирага қайтди. 

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ ақлий ва нақлий илмларда ўз замондошлари орасида ажралиб турарди. Шогирдларидан Саховий, агар соғлиғи билан боғлиқ муаммолари бўлмаганида, ижтиҳод даражасига етган бўларди, деб баҳолаган. Қоҳирада дарс бериш, фатво бериш ва илмий фаолият билан шуғулланган. Эндигина қирқ ёшга етмасдан, 829 йилда Ашрафийя мадрасасига мударрис этиб тайинланган ва машҳур асари "Фатҳул Қодир"нинг муқаддимасидан тушуниладики, мударрислик муносабати билан бошлаган "Ҳидоя" асарига шарҳини бу шарафли вазифани эслатиш мақсадида "Фатҳул Қодир ли ожизил Фақир" номини берган.

 

Илм йўли

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг бошқалардан ажралиб турувчи хусусиятларидан бири, ақлий ва нақлий илмларда етакчи бўлиши эди. Табақот муаллифлари уни муҳаққиқ, илмий асослар ила мужодала этувчи ва қобилияти ўткир зот сифатида таърифлашган. 

“Маъқулотда ҳеч кимга тақлид қилмайман” – деган сўзи унинг ақлий илмларга бўлган ёндашувини акс эттиради. Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ ҳанафий-мотуридий мазҳабига мансуб бўлсада, шофэъий-ашъарий йўналишларидан ҳам сезиларли даражада таъсирланган. Бу таъсир натижаси ўлароқ усул ва калом соҳасидаги асарларида икки мазҳабни биргаликда жамлаган жиҳатлари ҳам кўзга ташланади.

 

Усулул фиқҳ

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг машҳур усул асари "Ат-Таҳрир"ни, ҳанафий ва шофэъий мазҳабларининг қарашларини тўлиқ тушунтириш мақсадида ёзганини таъкидлайди. Гарчи ўзи очиқчасига ифода этмасада, Фахриддин ар-Розий ва Омидий каби олимларнинг таҳқиқ қилиш методидан таъсирлангани асаридан англашилади. 

Бундан ташқари, мантиқ илмини усул китобларига муқаддима қилиш анъанасига амал қилганидан билинадики, Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг бундай таъсирланишини Имом Ғаззолийга қадар етказиш мумкин. 

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг усул асарида калом илмига оид илмларга тез-тез мурожаат қилиши фуқаҳолар методига зид равишда мутакаллимларнинг методидан таъсирланганининг белгиларидан бири сифатида қаралади. Гарчи у асарнинг муқаддимасида “илми калом мавзуларидан фақат "ҳоким" ва "ҳусн-қубҳ" каби мавзулар усул илмига киради” – деб айтсада, асар ичида кўплаб бошқа мавзуларда калом илмига оид қарашларга мурожаат қилиши, калом илмига алоҳида ёндашганини англатади. Бундан ташқари асар муқаддимасида китобнинг охирги бўлими бўлмиш ижтиҳод ва тақлид масалаларини “ҳам фиқҳий, ҳам эътиқодий жиҳатдан тўлдирувчи хусусиятга эга масалалардан” – деб айтади.

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ калом илмининг баъзи ўринларида метод жиҳатидан ашъарийлардан таъсирланган бўлсада, усул илмининг "омм лафзлар мужмал эмас, далолати қатъийдир", "амр сийғаси вужубга далолат қилади, таваққуфга ўрин йўқ", "наҳий сийғаси, муомалатда бутлонни эмас, фасодни талаб қилади", "Қуръонни – хабари воҳид ила тахсиси жоиз эмас", "мурсал ривоятлар қабул қилинади", "ижмони ҳужжат қилишда инқирози аср шарт эмас", "сукутий ижмоий қатъий ҳукм ифода этади" каби муҳим масалаларда ўзининг ҳанафий йўналишини давом эттирган.

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ усулул фиқҳ асарига ёзган мантиқ муқаддимасини "Мабодиул Каломийя" деб аталишини тўғри эмаслигини таъкидлайди. Чунки, мантиқ илмининг илми калом ва бошқа илмларга нисбатан ўрни баробардир. Шунга кўра, "далил келтириш" маъносидаги тадқиқ, ҳар бир илм соҳасининг ўзига хос хусусияти бўлганлиги туфайли ва бу "далил келтириш" фаолиятининг соғломлиги ёки бузилиши тадқиқотчининг мавзуга ёндашувининг соғломлиги ёки бузилишини талаб қилганлиги, ақлий хулосалар орқали олинган натижаларнинг нотўғри ёки тўғрилигини фарқлай олишга эҳтиёж бор ва фарқлай олиш мантиқ илми билан ҳосил бўлади.

 

Калом илми

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг Шофэъий-Ашъарий йўналишидан таъсирлангани, унинг илми каломдаги қарашларида янада равшанроқ кўринади. Энг аввало, у калом илмидаги асари бўлган “ал-Мусояра”ни Имом Г’аззолийнинг “Ар-Рисолатул Қудсийя” номли асарини асос қилиб ёзганини асарнинг муқаддимасида ўзи баён қилади. Шу боис, Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг “ал-Мусояра” ҳамда усул илмидаги “Ат-Таҳрир” китобини аралаш (яъни турли мактаблардан олинган) методга эга асарлардан деб айтиш мумкин.

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ айрим калом илмига оид қарашларида ўз анъанавий мактабидан чекиниб, ашъарий йўлини танлагани кузатилади. Бу ҳолатни калом илмидаги «таквин» (яратиш сифати) ва усул илмидаги «ҳоким» масалаларида аниқ кўриш мумкин.

Аллоҳнинг феълий сифатларидан бири бўлган таквин (яратиш) сифати ашъарийларга кўра ҳодис (яъни пайдо бўлувчи) бўлиб, таквин (яратиш) билан мукавван (яратилган) бир хил нарсадир. Мотуридийлар эса таквин сифатини азалий (яъни қадимий, доимий) деб ҳисоблайдилар ва таквин билан мукавванни бир-биридан фарқли деб биладилар. Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ эса бу масалада ашъарийларнинг фикрини қувватлаган. У Абу Ҳанифанинг асарларида бу масала ҳақида аниқ мулоҳазалар йўқлигини, кейинги ҳанафийларнинг эса бу борада чуқур кетганликларини айтган.

Усул илмида «ҳоким» (яъни ҳукм берувчи) масаласи остида муҳокама қилинадиган калом илмига оид баҳс “ақл шар’ий ҳукмни белгилай оладими йўқми?” – деган масала атрофида айланади. Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг “Ат-Таҳрир” асарига қараганда, у бу масалада ҳам ашъарийлар йўлини афзал кўрган. Яъни: «ҳоким» сифати Аллоҳга хослигида ихтилоф бўлмасада, ашъарийлар пайғамбар юборилмасдан туриб ҳеч қандай шар’ий ҳукм бўлиши мумкин эмаслигини, шу сабабдан куфрни ҳаром, иймонни вожиб деб бўлмаслигини айтганлар. Мотуридийлар эса пайғамбарсиз даврда ҳам иймон вожиб, куфр ҳаром деб ҳисоблаганлар. Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ эса Бухоро мактаби бу масалада ашъарийлар каби фикр билдирганини ва танланишга арзигулик қараш ҳам шу эканини айтади.

Гарчи у калом илмидаги “Ал-Мусояра” асарида Мотуридийларни ҳимоя қилгандек кўринсада, “Ат-Таҳрир” асари “Ал-Мусояра”дан кейин ёзилган деб ҳисоблангани сабабли, усулдаги қараш (яъни Ат-Таҳрирдаги қарашлар) асосий деб эътибор қилиниши тўғрироқ бўлади.

 

Фиқҳ

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ тарихан жуда кеч даврда яшаган бўлишига қарамай, ҳанафий мазҳабининг етакчи мужтаҳидларидан бири сифатида тан олинган. У ҳанафий мазҳабининг машҳур фиқҳий асарларидан бўлган Марғилоний ёзган “Ал-Ҳидоя” китобига “Фатҳул Қодир” номи билан ёзган шарҳ-у таълиқ (яъни шарҳ ва изоҳ) асари Ҳидояга ёзилган бошқа шарҳлар орасида юксак ўрин эгаллаган.

Устозининг (яъни Бадриддин Айнийнинг) ал-Биноя номли шарҳида бўлгани каби, “Фатҳул Қодир”да ҳам ҳадислар ҳақида кўп мулоҳазалар мавжуд. Шу боис “Фатҳул Қодир” ҳанафий мазҳабининг ҳадисларга муносабатини ўрганишда бой манба ҳисобланади. Бошқа томондан, Ибнул Ҳумом баъзи масалаларда, масалан «ғасб қилинган молнинг фойдаси ҳам қоплаб берилиши лозим» деган фатво бериши, баъзан ўз мазҳабининг қарашларига зид ижтиҳодларга қилиши – унинг фиқҳий билимларда ижтиҳод даражасининг юксаклигини кўрсатади.

Камол ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ 858 йилда сўнгги дарс берган ўрни бўлмиш Шайхунийя жомеаси шайхлигидан истефога чиқиб, ҳаж нияти билан Ҳижозга сафар қилди ва тахминан икки йил у ерда қолди. 860 йил Рамазон ойида қайтганидан тахминан бир йил ўтиб, 7 Рамазон 861/29 июль 1457 йилда Қоҳирада вафот этди. Қарофия қабристонига Ибн Атоуллаҳ ас-Сакандарий мақбарасига дафн этилган.

[1] Туркиянинг марказий қисмидаги шаҳар

[2] "Мамлукийлар даврида исломий илмларни ривожлантириш мақсадида давлат амалдорларидан, “Сарғатмиш” номи билан машҳур амир Сайфиддин ан-Носирий (вафоти: 759/1358) томонидан қурилган мадрасанинг номи."

Калимуллоҳ домла Маҳмудов

Таълим муассасаси ўқитувчиси