Яратилиш санаси 09.10.2021

ЎЛГАНЛАРГА ДУО ҚИЛИШ ВА УЛАРГА САВОБ АТАШ

“Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”. 

Шарҳ: Аҳли сунна ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.

Мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг номидан қилган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир. Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган. Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат. 

1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) “Баданий ибодат савоби ўлганга етади”, дейдилар.

 2. Шофеъий ва Молик “Етмайди”, дейдилар. Ўлганга ўзидан бошқанинг амали савоби етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:

 Қуръондан далил: 

وَٱلَّذِينَ جَآءُو مِنۢ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا ٱغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلْإِيمَٰنِ 

“Улардан кейин келганлар: “Роббимиз, бизга ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарламизни мағфират қилган”, дерлар” (Ҳашр сураси, 10-оят).

 Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

Суннатдан далил: Имом Абу Довуднинг “Сунан” китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб, “Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади”, дер эдилар”. 

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган. Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида келган ҳадис бунга мисолдир: “Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?” деб сўрадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар: “Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз”.

“Сунний ақийдалар” китобидан. 

Абдулазиз Бобамирзаев