Яратилиш санаси 21.05.2025

Аҳли сунна вал жамоада эътироф этилган мазҳаблар

Мазҳаблар орасида биринчи мазҳаб бу ҳанафийлик мазҳабидир. Абу Ҳанифа бирор нарсани ҳам Қуръони карим ва Суннати набавия кўрсатмаларидан устун қўйган эмас. У ўз мухолифларига шундай рад жавобини берар эди: “Кимки, бизни Қуръон ва Ҳадис таълимотларидан Қиёсни устун қўяди деб айбласа, Аллоҳга қасамки, у ёлғончи ва туҳматчидир. Қуръон ва Ҳадис турган жойда ким ҳам Қиёсга эҳтиёж сезади?! Биз қиёслаш услубини ўта зарур бўлганидагина татбиқ этамиз. Бирор масала учун Қуръон ва Ҳадисда далил топа олмаганимиздагина, уни  бошқа далилу ҳужжати бор масала билан қиёслаймиз. Биринчи навбатда далил ва ҳужжатни Қуръондан, сўнгра Ҳадисдан излаймиз ва улардан топа олмаган тақдиримиздагина, саҳобалар сўзларига мурожаат қиламиз. Саҳобалар ҳам мазкур масалада ҳамфикр бўлмаган тақдирларидагина, маънонинг ойдинлашиши учун икки масаланинг уммумий иллатини топиб, бир ҳукмни иккинчи ҳукмга қиёс қиламиз”.

Абу Ҳанифа вафотидан сўнг уламолар ва уларнинг пешқадами Имом Шофеъий қиёсни Абу Ҳанифанинг фикри асосида бойитиб, унга шундай таъриф бердилар:“Ҳукми номаълум бўлган ҳолат ҳукмини, ҳукми  Қуръон карим, Суннати набавия ва ижмоъ билан маълум бўлган ҳолат билан, ҳукм сабабида муштарак бўлганлиги учун, баён қилиш — қиёсдир”.

Аҳкомларнинг далилларини ҳадисларнинг қаъридан бўлса ҳам, суғуриб олишга моҳир бўлган Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Абу Юсуф устози ҳақида шундай деган эди: “Ҳадис ва ундаги фиқхга оид нуқталарни изоҳлаб беришда устозим Абу Ҳанифадан кўра олимроқ одамни кўрмаганман”.

Абу Ҳанифа мазҳабининг моҳияти ва мазмунида одамларга енгиллик яратиб беришдек олий мақсад ўз аксини топган. У ҳеч қачон мусулмонларга қийинчилик ва машаққатни раво кўрмаган. Хоҳ ибодатда бўлсин, хоҳ муомалот масалаларида бўлсин, Абу Ҳанифанинг бундай ёндашуви диққат ва эътиборга сазовордир. 

Масалан, Абу Ҳанифа кўйлакдаги нажосатни гул ёки узум суви билан тозалаш жоиз дейдилар. Шунингдек, у тунда қиблани аниқлай олмаган намозхоннинг намози, гарчи у тонгда бошқа тарафга қараб намоз ўқиб қўйганини билиб қолса ҳам, дуруст эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, у закот масаласида ҳам мусулмонларга енгил бўлишини истаган. Тилла ва кумушдан ясалган нарсалардан закот беришлик вожиб эканлиги масаласида ҳам Абу Ҳанифа камбағаллар томонида бўлган ва қарзи ҳамма молларини қамраб оладиган қарздорга закот вожиб эмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, Абу Ҳанифа бўйи етган қиз турмуш ўртоғини танлашида ихтиёр мутлақо унинг ўзида эканлигини  ва ҳатто ота-онаси ҳам, оға-иниси ҳам унинг хоҳишини инкор этишга ҳаклари йўқлигини баён қилган. Инчунун, у турмушга чиқажак қиз никоҳ вақтида шахсан ўзи иштирок этиши мумкинлигини, никоҳ вақтида бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлиги ҳам мақбуллигини, отаси зўрлаб узатаётган қизнинг, агар у турмушга чиқишни истамаса, ёки куёвни ёқтирмаса, унинг никоҳи шариатга мувофиқ никоҳ эмаслигини қайд қилган.

Абу Ҳанифанинг фазилатларидан яна бири унинг иқтисодий масалаларни ҳал қилишга қодир ўткир ақл соҳиби эканлигидадир. Бундай фазилат унинг иқтисодга оид ижтиҳодларида яққол кўзга ташланади. Ўлик ерларни ислоҳ қилиб, экинзорга айлантиришга қодир деҳқонларга хусусий мулк қилиб бериш, меваларни хомлигида истеъмолчиларга сотишга ижозат бериш, етимларнинг молларидан уни кўпайтириш учун тижорат мақсадида фойдаланишга рухсат бериш ҳақидаги Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари фикримизнинг далилидир.

Биз юқорида Абу Ҳанифадек зотнинг улуғ шахсиятлари ҳақида сўз юритдик. Шундай буюк зотнинг мазҳабига дунёдаги сунний мусулмонларнинг кўпчилиги тақлид қилишлари ҳеч бир ажабланарли ҳол эмас. У зот ҳақидаги фикримизнинг ниҳоясида, ҳижратнинг 150 санасида вафот этгани ва шу йили яна бир мужтаҳид — Имом Шофеъийдек улуғ зот дунёга келгани, Ислом даҳоларидан бири бу дунёни тарк этиб, бошқа бир Ислом даҳоси илм ёймоқ учун дунёга келгани, бир даҳонинг кексайиб вафот этишию ва иккинчисининг туғилиб вояга етиш йилларида яна бир даҳо Имом Молик ибн Анасдек зот ҳам ҳаёт бўлганини зикр қилиб ўтишни истадик.

Ҳозир ҳам Ҳанафия исломдаги энг кўп тарқалган мазҳабдир. Маълумки, фиқҳ марказларидан бири Ироқдаги Куфа шаҳри бўлган, Пайғамбаримизнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Масъуд (ваф. 653- милодий) у ерга фақиҳ ва муаллим сифатида Халифа Умар (р.а) томонидан юборилган эди. Унинг талабалари фуқаҳо сифатида тан олинди ва уларнинг энг машҳурларидан бири Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (738- милодий) мазкур мазҳабга ном берган Абу Ҳанифанинг устози бўлган.

Имом Абу Ҳанифанинг бутун умри мобайнида эллик беш марта ҳаж қилганлиги маълум. Олим сифатидаги билимларини савдо ишларида кундалик ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этиш имконига эга бўлиб, қоида-қонунларни қиёс ва истиҳсонни ишлатиш орқали бойитади. 

Унинг шогирдларидан “Ас-соҳибон”, деб номланган Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийлар мазҳаб таъсирини ўз асарлари ва Аббосийлар давлатидаги юксак мақомлари туфайли кенг масофаларга ёйишга эришдилар. Абу Юсуф (731-798) Бағдодда қози этиб тайинланган, кейинчалик биринчи қозиул-қузот (бош қози) сифатида халифалик ҳудудларида қозилар тайинлаш ҳуқуқига эга бўлган. Унинг "Китоб ал-Харож" асари халифа Хорун ар-Рашид учун солиқлар тўплаш ва давлатнинг молиявий масалалари бўйича қарорлар тўплами вазифасини ўтаган.

Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (вафоти 804- милодий) ҳанафий мазҳабининг ҳуқуқий назариясини ёзиб қолдирган алломадир. У ҳанафий фиқҳи ҳамда Мадинада Молик ибн Анас қўлида таълим олган. Муҳаммад аш-Шайбоний қисқа муддат қози бўлган, сўнгра халифа Хорун ар-Рашид билан Хуросонга бориб, ўша ерда вафот этган. У ёзган олтита китоб ("Ал-Мабсут", "Ал-жоми ал-кабир", "Ал-жоми ас-сағир", "Ас-сияр ал-кабир", "Ас-сияр ас-сағир" ва "Аз-зиёдот") лардир.

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси