Яратилиш санаси 24.05.2025

Мулло Али ал-Қорининг ҳаёти, илмий-ижодий  фаолияти.

Исми ва насаби. Тўлиқ исми – Нуриддин Абу ал-Ҳасан Али ибн Султон ибн Муҳаммад ал-Қори ал-Ҳаравий ал-Маккий ал-Ҳанафий бўлиб, “Мулло Али ал-Қори” номи билан машҳурдир .  

Мулло Али ал-Қорининг Ҳиротда туғилганлиги тўғрисида ҳеч қандай хилоф бўлмасада, туғилган санасини ҳақида маълумот қолдирилмаган. Чунки ўша даврларда чақалоқ туғилганда унинг туғилган санасига эътибор бўлмагани сабабли инсонлар буни тайин қилишга аҳамият бермас эдилар .  

Аммо ҳижрий 1014 (милодий 1636 йил) санада Макка шаҳрида вафот этганлиги тўғрисида эса барча тарихчилар бир хил фикр билдирганлар..  

Таълими. Мулло Али ал-Қори туғилиб ўсган юрт – Ҳиротда дастлаб Қуръони карим илмини ўрганди. Сўнг уни ёд олди, тажвид илмини ўрганди ва устози – ўз даврининг етук олимларидан бўлган Муийнуддин ибн ал-Ҳофиз Зайниддин ал-Ҳаравийдан дарс олди. У асосий илмини Ҳиротдаги ўша даврнинг энг машҳур шайхларидан ўрганди. Илм ўрганишининг илк давридаёқ кўпгина катта китобларни ўқиб ўрганиб пухта ўзлаштириб олди . Ҳирот шаҳри Темурийлар ҳукмронлиги даври (уларнинг ҳукмронлиги ҳижрий 817 санадан ҳижрий 912 санагача давом этган)да давлат пойтахти, маънавият ва маданият ўчоғи ҳисобланар эди.  

Мулло Али ал-Қори туғилган вақтлар эса, Ҳиротда илм-фан гуллаб-яшнашининг орқага кетаётган ва маънавий муҳит инқирозга юз тутиб бораётган бир давр эди.  

“Пошо Исмоил” номи билан танилган Сафавийларнинг биринчи подшоҳи Исмоил ибн Ҳайдар ас-Сафавий Ҳиротга келганда мусулмонларни зулм билан қатл қила бошлади. Шу сабабли Ҳиротдан кўплаб уламолар ўз юртларини ташлаб чиқиб кета бошлади. Шулар қатори Сафавийлар зулм-истибдоди кучайган бир даврда Мулло Али ал-Қори ҳам ўз юртини тарк қилиб, Маккаи Мукаррамага ҳижрат қилди. У сафар давомида кўплаб шаҳарларда бўлиб, у ерлардаги илмий давраларда қатнашади, уламолар билан суҳбат қуриб, уларнинг илмидан баҳраманд бўлди. 

Тарихчилар унинг Маккага риҳлат қилган санасини зикр қилмаганлар. Аммо, ҳижрий 952 йилда Маккага кириб борганини айтганлар.  

Мулло Али ал-Қори Балад ал-амин – Маккаи мукаррама шаҳрига кириб истиқомат қила бошлади. Шу кундан бошлаб унинг ўз илмий фаолиятини олиб бориши учун тинч ва осуда ҳаёт бошланди. Машойих ва уламоларнинг дарс ҳалқаларида иштирок этди. Шу асрнинг кўпгина уламоларининг илмларидан баҳраманд бўлди ва илм олиш йўлида юксалиб борди. Бу даврда Макка шаҳри ва хусусан, араб диёрларида кўпроқ Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари тарқалган эди. Мазкур мазҳабларга эргашган баъзи кишилар етук аллома Имом Аъзам мазҳабини камситиб, уни “фақат раъйга асосланган” деган гапларни тарқатишарди. Баъзилар эса, ҳатто Абу Ҳанифанинг ўзига маломат тошини отиб, у зотни ҳадис илмида нўноқлиги борасида ножўя сўзлар билан айблашарди. Мулло Али ал-Қори Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлгани учун ҳам, мазҳаб ҳимояси йўлида уларга қарши кескин курашиб раддиялар ёзди, Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто инкор этилиш даражасига етган ҳанафия мазҳабини ҳимоя қилишга уринди, бунинг уддасидан чиқди ҳам. Чунончи, у “ан-Ниқоя мухтасар ал-виқоя” номли фиқҳга оид ҳанафий мазҳабидаги “Мухтасар ал-виқоя” китобига ёзган шарҳида барча аҳкомларни оят ва ҳадис билан исботлаб берган.

Маҳмуджанов Жавоҳир

Таълим муассасаси ўқитувчиси