
Абдулғоний ал-Ғунаймий (ал-Ғанимий) ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳ
Машҳур ҳанафий олими Абдулғоний ибн Толиб ибн Ҳамада ибн Иброҳим ал-Ғунаймий (ал-Ғанимий) ад-Димашқий ал-Майдонийроҳимаҳуллоҳ 1222 ҳижрий (1807 милодий) йилда Шом (ҳозирги Сурия) пойтахти Дамашқ шаҳрининг Майдон маҳалласида туғилган. Майдоний нисбати туғилган маконига берилган.
Абдулғоний ал-Ғунаймий ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳ бошланғич таълимни отасидан олган ва Қуръон Каримни тўлиқ ёд олган. СаййидМуҳаммад аш-Шурафонинг мактабини тамомлагандан сўнг, уламолардан Умар Афанди ал-Мужтаҳиддан ҳанафий фиқҳи, фароиз (мерос илми), ҳадис ва наҳв (араб тили грамматикаси) фанларини ўрганган.
Абдулғоний ал-Ғунаймий ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳ 1244-1252 ҳижрий йиллар (1828-1836 милодий) оралиғида машҳур ҳанафий олими Муҳаммад Амин ибн Обидийнинг хизматларида бўлиб, ундан фиқҳ, усул, ҳадис ва араб тилидан сабоқ олган. Шунингдек, ҳаж сафарлари давомида Ҳижоз уламоларидан ҳам фойдаланган.
Бундан ташқари фиқҳ, усул ва мунозара соҳаларида обрўли мақомга эга бўлган. Илмий мажлисларда кўп кўзга ташланишни ёқтирмаган, бироқ саволларга жавоб беришдан тортинмаган, илмни яширмаган. Шу билан бирга, шоирлик истеъдодига ҳам эга бўлган.
Абдулғоний ал-Ғунаймий ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳ 1860 йилда Дамашқда мусулмонлар ва насронийлар ўртасида чиққан тўқнашувда у ўзининг таъсирли ваъзлари билан одамларни тинчлантирган ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлиши мумкин бўлган фожианинг олдини олган.
Зуҳд ва тақво эгаси бўлган олим Абдулғонийал-Ғунаймий ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳ масжидлар қурилиши, камбагалларга ёрдам бериш каби савобли ишлар билан шуғулланган.
Абдулғоний ал-Ғунаймий ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳнинг ёзган баъзи машҳур асарлари:
«Ал-Лубоб»
– фиқҳий асар бўлиб, Қудурийнинг матнига шарҳ сифатида ёзилган;2.
«Кашфул илтибос»
(қўлёзма) – Саҳиҳ Бухорийга шарҳ;3.
«Шарҳул Ақийда ат-Таҳовия»
– ақийдага оид машҳур асарга шарҳ;
Шунингдек, у зотнинг сарф ва хат (расм, яъни ёзув қоидалари) мавзуларида ҳам рисолалари ва шарҳлари мавжуд.
Абдулғоний ал-Ғунаймий ал-Майдоний роҳимаҳуллоҳ 1298 йил 4 Рабиул аввалда (1881 йил 4 февраль) Дамашқда вафот этган. Унинг қабри шаҳар шарқий қисмидаги Бобуллоҳ қабристанидадир. Аллоҳ таоло раҳматига олган бўлсин!
Калимуллоҳ домла Маҳмудов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси