Яратилиш санаси 26.05.2025

Имом Шўъба ибн Ҳажжож: Ҳадис илмининг йирик намояндаси.

Имом Шўъба ибн Ҳажжож ибн Вард ал-Басрий (раҳимаҳуллоҳ) ўз даврининг энг машҳур Ислом олимларидан бири, ҳадис илмида "мўминлар амири" унвонини олган буюк муҳаддис ва тобеъут-тобеъинлардандир. У зот Басра аҳлининг олими сифатида ҳам танилган.

Ҳаёти ва илмий фаолияти:

Шўъба ибн Ҳажжож ҳижрий саксон учинчи (мелодий 701-702) санада Ироқнинг Восит шаҳрида таваллуд топган. Кейинчалик Басра шаҳрига кўчиб ўтиб, умрининг асосий қисмини шу ерда ўтказган.

Имом Шўъбанинг илмга бўлган чанқоқлиги ва тиришқоқлиги кўплаб ривоятларда ўз аксини топган. Шуайб ибн Ҳарбнинг сўзларига кўра, Шўъба ибн Ҳажжож шундай деган: "Амр ибн Динорга беш юз марта бордим (яъни, унинг дарсларида қатнадим), ундан юзтагина ҳадис эшитдим". Бу ҳолат унинг ҳадис талабида қанчалик машаққат чекканини кўрсатади. Унинг ўзи ҳам: "Бир кишидан нечта ҳадис эшитган бўлсам, унинг олдига ўша эшитган ҳадисларим сонидан кўпроқ қатнаганман", деган. Бу эса ҳадисларни тўлиқ ўзлаштириш ва илм олишдаги жидду жаҳдидан далолат беради.

Илм талабаларига муносабати:

Имом Шўъбанинг илм талабаларига нисбатан ҳам ўз қарашлари бўлган. Яҳё ибн Абу Толиб Абу Довуддан ривоят қилишича, Абу Довуд бир куни Шўъбанинг эшиги олдида турган пайтида, масжид талабалар билан тўла бўлган. Шўъба чиқиб, унга суяниб: "Эй Сулаймон, буларнинг ҳаммаси муҳаддис бўлиб чиқади, деб ўйлайсанми?" деб сўраган. Абу Довуд: "Йўқ", деганида, у: "Тўғри айтдинг, бештаси ҳам чиқмайди. Улардан бири ёшлигида ёзади, кейин катта бўлгач, уни ташлайди ёки бузуқлик билан машғул бўлади", деган. Абу Довуд кейинчалик улардан бештаси ҳам муҳаддис бўлиб чиқмаганини айтган. Бу Шўъбанинг илм талабалари орасидаги ҳақиқий олимларни ажратишдаги ўткир назарини кўрсатади.

Устозларга ҳурмати:

Имом Шўъбанинг устозларига бўлган ҳурмати ва эҳтироми алоҳида эътиборга лойиқ. Яҳё ибн Саъид ривоят қилишича, Шўъба унга: "Кимдан бир ҳадис ёзиб олган бўлсам, мен унга қулман", деган. Бу унинг устозларининг илмига ва меҳнатига қанчалик юқори баҳо берганини кўрсатади.

Минҳол ибн Баҳрдан ривоят қилинишича, Шўъба шундай деган: "Мен Ибн Авф, Асвад ибн Шайбон, Сулаймон ибн Муғийралардан кўп (ҳадис) олдим. Агар Ибн Авфнинг ҳар куни уловини жиловидан ушлаб етаклашга (яъни, хизматини қилишга) қодир бўлсам, шуни қилардим". Бу сўзлар унинг устозларига нисбатан чуқур миннатдорчилиги ва хизмат қилишга тайёрлигини ифодалайди.

Бишр ибн Умар аз-Заҳронийнинг сўзларига кўра, Шўъба: "Осмондан ёки мана шу қаср устидан қулаб тушишим мен учун Ҳакамдан эшитмаган нарсамни "Ҳакам айтди" дейишимдан яхшироқдир", деган. Бу эса унинг ҳадис ривоятида ниҳоятда эҳтиёткор бўлганини, ҳеч қачон эшитмаган нарсасини бировга нисбат бермаганини кўрсатади.

Вафоти:

Имом Шўъба ибн Ҳажжож (раҳимаҳуллоҳ) ҳижрий бир юз олтмишинчи (мелодий 776-777) санада Басрада вафот этган. У етмиш етти ёшда эди. У зотнинг илмга қўшган ҳиссаси ва ҳадис илми ривожидаги ўрни Ислом тарихида абадий муҳрланиб қолган.

Ҳидоя ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Алишер Муҳиддинов.