Яратилиш санаси 27.05.2025

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр­ларида масжид

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди. 

Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари иштирок қилганлар. 

Масжиднинг ҳажми кичик эди. Ёмғир ёғса, хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжид ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.  У зотнинг даврларида ана шундоқ содда ва кичик бўлган. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари: Масжидун Набавий ўзгаришсиз қолди. Чунки ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, вафот этдилар. Ўша оз муддат ҳам ридда урушларига сарф бўлди. Бунинг устига, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсаларнинг ҳеч бирини ўзгартишни хоҳламас эдилар. 

ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давр­лари: Масжидларини айни аввалгидек хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдирдилар. ҳатто масжид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига қаттиқ эътибор бердилар. 

Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари:

Маълумки, ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони жуда ҳам кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар.

Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпи янгилик ҳисобланиб, давр тақозоси ила юзага чиққан янгиликлар эди. Бу янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини янгидан кенгайтириб қуриш ҳам бўлган.

Ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенг ва катта, қолаверса, қурилиш ускуналарини ҳам тамоман бошқача қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан, шифтини эса, хурмо шохлари ўрнига ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бу ишларни милодий 649 – 650 йилларда амалга оширган.

Умавий халифалардан Валид ибн Абдулмалик Масжидун Набавийни кенгайтириш ва биносини янгилаш ишини амалга оширди. Унинг амрига биноан, бу муборак масжидда биринчи бор болахоналар, мезаналар ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилди. Ўшанда оналаримизнинг ҳужралари ҳам масжидга қўшиб юборилди. 

Халифа Валид ибн Абдулмаликнинг даврида масжидга 2369 квадрат метр ер қўшилди.

Аббосий халифалардан Маҳдий даврида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари кенгайтирилиб, баъзи қурилиш ишлари олиб борилди.

Мамлуклар ҳукмронлиги вақтида Султон Қойтбой масжиднинг кўп қисмларини қайтадан қурди ва у зотнинг ҳужралари устига гумбаз қурдирди.

Усмоний халифалардан бўлган султон Маҳмуд иккинчи милодий 1813 санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари устига қўрғошиндан янги қубба қурдирди ва уни яшил рангга бўятди.

Султон Абдулмажид иккинчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларидан бошқа ҳамма нарсани буздириб, қайтадан қурдирди. Бу ишлар ҳижрий 1277, милодий 1861 санада амалга оширилди.

Подшоҳ Абдулазиз ҳижрий 1370, милодий 1951 санада Масжидун Набавийни кенгайтиришга амр қилди. 1955 йили охирига етган мазкур ишлардан кейин Масжидун Набавийнинг ҳудуди 12271 квадрат метрга етди.

Ҳижрий 1405, милодий 1984 йил 2 ноябрда подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз Масжидун Набавийни кенгайтириш бўйича қилинадиган янги ишларга биринчи ғиштни қўйди. ўоят катта ишларни ўз ичига олган бу кенгайтиришда қилинган ўзгаришлардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

Янги бино замонавий меъморчиликнинг энг кўзга кўринган намунасига айланди. Масжидун Набавийнинг атрофига кенг майдонлар қилинди. Масжиднинг эски ва янги бинолари орасига очилиб ёпилиб турадиган иккита катта соябонлар қилинди. Масжиднинг янги қисмига диаметри 18 метр, оғирлиги саксон тоннадан бўлган йигирма саккизта ҳаракатланадиган гумбаз қурилди.

Усманов Абдусамад

таълим муассасаси ўқитувчиси