Барчага меҳр-шавқат кўрсатиш суннатдир-2
Инсон зурриёди таваллуд топиши биланоқ, унинг маънавий ва ахлоқий таълим-тарбияси ривожланиб боради.
Кишиларга фойда этказиш ва улардан зарарларни даф этиш — раҳмат (меҳрибонлик) дейилади. Кишилар саодати учун интилувчи, уларга бўлажак зарарларни бартараф этиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи шахс марҳаматли инсондир.
Ислом дини ижтимоий ва ахлоқий мукаммал дин бўлганидан гўзал хулқли, марҳаматли ва шавқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун лозимдир. Раҳмдилликнинг кўринишлари жуда ҳам кўп. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар келтирилган.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар: Мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, у киши айтдилар: Аллоҳ табарока ва таоло айтди: “Мен Аллоҳман ва Мен Роҳмандурман, раҳмни яратдим ва уни ўз исмидан иштиқоқ қилиб олдим. Кимки унга боғланса, мен ҳам унга боғланаман, кимки ундан узилса ундан мен ҳам узиламан.“ Абу Довуд ривояти.
Ушбу ҳадиси қудсийдан кўриниб турибдики, раҳмдиллик Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири Роҳман сифатидан олинган экан. Бу ҳадисда яна айтиляптики, кимки раҳмга боғланса, яъни бошқаларга нисбатан меҳрибон бўлса, Аллоҳ таоло у киши билан боғланишлигини айтиб ўтяпти, ва аксинча бўлса Аллоҳ таоло ҳам ўша бандасидан узилишини айтиб ўтмоқда.
Динимиз тотувлик ва иноқликка рахна солувчи ғийбат, ҳасад, кибр, хиёнат каби иллатларни ҳаром қилган. Тотувлик ва иноқликка боис ҳамма хислатларни тарғиб этган, уларни ибодат ҳисоблаган. Меҳр-шафқат, самимий муносабатлар, тотувлик ва иноқликка этказувчи хислатлардир.
Барчага меҳр-шафқат кўрсатиш суннатдир. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди“ – дея марҳамат қилганлар.
Қобилжон Ахунжанов