Яратилиш санаси 10.10.2021

Мусулмонни кофирга чиқариш

Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. 

Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир.

Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. 

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом Муслим ривояти). 

Муҳаммад Абдураҳманов