Яратилиш санаси 26.06.2025

АЛЛОҲНИНГ НОМИ ИЛА ҲИМОЯЛАНИНГ!

Ислом динида вақтнинг ҳар бир қисмида муайян одоб ва набавий кўрсатмаларга риоя қилиш муҳим саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом ва кечки пайтда айрим эҳтиёт чораларини кўришга буюрганлар. Жумладан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шом вақтида болаларни уйга киритиш, эшикларни ёпиш каби кўрсатмаларни берганлар. Бу кўрсатмаларнинг ортида инсон саломатлиги, тинчлиги ва маънавий муҳофаза масалалари мужассамдир. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:

”إذا كانَ جُنْحُ اللَّيْلِ -أوْ أمْسَيْتُمْ- فَكُفُّوا صِبْيانَكُمْ؛ فإنَّ الشَّياطِينَ تَنْتَشِرُ حِينَئِذٍ، فإذا ذَهَبَ ساعَةٌ مِنَ اللَّيْلِ فَخلُّوهُمْ، فأغْلِقُوا الأبْوابَ، واذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ؛ فإنَّ الشَّيْطانَ لا يَفْتَحُ بابًا مُغْلَقًا، وأَوْكُوا قِرَبَكُمْ واذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ، وخَمِّرُوا آنِيَتَكُمْ واذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ، ولو أنْ تَعْرُضُوا عليها شَيئًا، وأَطْفِئُوا مَصابِيحَكُمْ.“

"Агар кеч кирса, (шом вақти кирса) болаларингизни (кўчагаларга сабабсиз чиқишидан) тийиб туринг, чунки ўша пайтда шайтонлар тарқалади. Бир соат (бир муддат) ўтгач, уларни чиқарсангиз бўлади. Эшикларни Аллоҳни зикр қилиш ила (бисмиллаҳ деб) ёпинг (қулфланг) зеро шайтон ёпилган (қулфланган) эшикни очмайди, сув идишларингизни Аллоҳни зикр қилиш ила (бисмиллаҳ деб) ёпинг, идиш-товоқларингизни Аллоҳни зикр қилиш ила (бисмиллаҳ деб) ёпинг, устига бирор нарсани (чўп каби) қўйиш билан бўса ҳам ва (шам) чироқларни ўчиринг" дедилар.[1]

Бу ҳадисда шом вақти — қуёш ботишидан кейинги дастлабки соат ҳақида гап кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтда шайтонларнинг тарқалишини эслатганлар. Бу пайтда шайтонлар ер юзида одамларга озор бериш, уларни васваса қилиш ёки зарар етказиш мақсадида кўпроқ ҳаракатга келади. Шу сабабли, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни огоҳ қилиб, фарзандларни ҳимоя қилишни, эшик ва идишларни ёпишни буюрганлар.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) ўзининг "Фатҳ ал-Борий" асарида шундай деган: "Шом вақтида шайтонлар тарқалиши табиий бир ҳолат бўлиб, уларнинг таъсири кўпроқ бўлади. Шу боис, болалар ва заифларни бу вақтда эҳтиёт қилиш лозим"[2]

Одатда болалар кечаси кўпроқ қўрқув, тушкунлик ва бошқа салбий ҳислар билан тўқнаш келиши мумкин. Бундай вақтда уларни уйда ушлаш ва хотиржам муҳит яратиш ота-онанинг бурчидир. Бу ҳам исломдаги оилавий тарбиянинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Шом вақтида шайтонларнинг тарқалиши ҳақидаги ҳадис инсонларни руҳий, жисмоний ва маънавий жиҳатдан муҳофаза қилишга қаратилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кўрсатмалари фақат диний эмас, балки тарбиявий ва руҳий жиҳатдан ҳам аҳамиятга эгадир. Мусулмон киши бу ҳадис асосида ўз аҳли ва фарзандлари учун шом ва кеч вақтда хавфсиз ва маънавий соғлом муҳит яратиши керак.

[1] Имом Бухорий “жомиъус саҳиҳ”да 5623-рақамли ҳадис 

[2] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, Фатҳ ал-Борий 10/88

Нуриддин Хошимов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
ислом таълим ўқитувчиси