Яратилиш санаси 11.06.2025

МАРВОН ИБН ҲАКАМ (1-қисм)

 

(Ҳижрий 64–65 (милодий 684–685) йиллар.)

Тўлиқ исми шарифи Марвон ибн Ҳакам ибн Абил Ос Ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдиманоф Абу Абдилмалик Қурайший Умавий.

Улуғ тобиъийнлардан бўлмиш Марвон ибн Ҳакамнинг куняси Абулқосим, Абулҳакам бўлиб, 623 йили Макка шаҳрида туғилган. Имом Заҳабий “Сияр”ида уни Абдуллоҳ Ибн Зубайрдан тўрт ой кичик бўлган деган. Маълумки, мусулмонлар Мадинага кўчиб келганда илк туғилган чақалоқ Абдуллоҳ эди.

Марвон Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Аби Толиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан ҳадис ривоят қилган.

Саҳл ибн Саъд, Саъид ибн Мусайяб, Али ибн Ҳусайн, Урва ибн Зубайр, Абу Бакр ибн Абдирраҳмон ва Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ, Мужоҳид ибн Жабр ва унинг ўғли Абдул Малик у зотдан ҳадис ривоят қилганлар.

Марвон амакиваччаси халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг котиби бўлиб, муҳр унда турган. Мовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳу томонидан у Мадинага бир неча марта ҳоким этиб тайинланган.

Марвоннинг отаси Ҳакам ибн Абил Ос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан Тоифга сургун қилинган эди, кейин амакиси халифа Усмон розияллоҳу анҳу томонидан у Мадинага қайтарилди.

Марвон ибн Ҳакам 684-685 йиллари, Муовия ибн Абу Суфён – 661-680, Язид ибн Муовия – 680-683, Муовия II ибн Язид – 683-684дан кейин уммавийларнинг тўртинчи халифаси бўлди, ундан сўнг Абдулмалик ибн Марвон – 685-705 мусулмонларга раҳбарлик қилди.

Марвон ибн Ҳакам Умавийларнинг 8-халифаси Умар ибн Абдулазизнинг бобоси ҳисобланиб, кетма-кет келган тўртта халифанинг аждоди бўлгани учун тарихда “халифалар отаси” номи билан машҳур.

Язиднинг ўғли вафот этганида Марвон келиб Умавийлар ва бошқаларни бирлаштирди, Даҳҳокул Фиҳрийга қарши жанг қилди ва уни ўлдирди, Дамашқни эгаллаб, халифаликка даъво қилди.

Абдуллаев Азимхон

Таълим муассасаси ўқитувчиси