
Марвон ибн Ҳакам (2-қисм)
684 йили Марвон Мисрга қўшин тайёрлашни буюрди. Ўғли Абдулазиз ва унинг дўсти Мусо ибн Нусайр бошчилигидаги қўшин Мисрга йўл олади, қўшин ортидан Марвоннинг ўзи ҳам Мисрга етиб борди. Абдулазизни волий, Мусо ибн Нусайрни вазир тайинлаб Марвон Мисрни тарк этди.
Марвон ибн Ҳакам жасур, шижоатли, зукко, қизил юзли, паст бўйли, калта сочли, ингичка бўйинли, боши катта ва узун соқолли одам эди. Унга хойта ботил, яъни нимжон ип, деб лақаб қўйишган эди.
Имом Шофеъий айтадилар: “Жамал-Туя куни мағлуб бўлган, яраланган Марвоннинг ҳолати ҳақида Али розияллоу анҳу сўраб, мен Марвонга ҳамдардман, у Қурайш ёшлари саййидидир, деди.
Қобийса ибн Жобир айтади: “Мен Муовияга, халифаликка ўзингдан кейин кимни кўрасан?, дедим.
Муовия баъзи кишиларнинг номларини айтиб, сўнг деди: “Аммо, Марвон қори ва Аллоҳнинг чегараларида турувчи кучли фақиҳдир”.
Абу Муррадан ривоят қилинади: “Марвон Мадина волийси бўлганда, бирор жойга сафар қилса, ўз ўрнига Абу Ҳурайрани қўйиб кетар эди.
Абу Ҳурайра оғир касал бўлиб қолганларида у кишини кўргани Марвон ибн Ҳакам келди. Марвон Абу Ҳурайрага:
“Аллоҳ сизга шифо берсин”, деганларида, Абу Ҳурайра:
“Аллоҳим, Сенга йўлиқишимни севдим, Сен ҳам Сенга йўлиқишимни сев”, дедилар.
Марвон ибн Ҳакам Абу Ҳурайранинг ҳузурларидан чиқиб, бозорнинг ўртасига етмасларидан Абу Ҳурайранинг жонлари узилди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 йили Рамазоннинг бошида, милодий 685 йил апрель ойида вабодан вафот этди.
Абдуллаев Азимхон
Таълим муассасаси ўқитувчиси