Яратилиш санаси 13.10.2021

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ахлоқлари-2

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Батаҳқиқ, сизлар учун; Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган (21-оят).

Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. 

Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. 

Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин.

Бу оятда «Аллоҳни кўп зикр қилганлар» деб келишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб У зотнинг хулқлари билан хулқланиш борасида кўп зикр шарт эканини билиб оламиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш учун Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини яхшилаб ўзлаштириш керак. У зотнинг хулқлари Қуръон эди.

Қобилжон Ахунжанов