
Ҳузайфа ибн Ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг фазллари
Қаҳрамонимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг бошқа саҳобаи киромлардан фарқли бир фазллари бор. У кишини баъзи уламоларимиз муҳожирлардан ҳисоблайдилар, бошқалари эса, ансорийлардан ҳисоблайдилар. Аслида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари у кишига қайси гуруҳни истасалар, ўшанга қўшилиш ихтиёрини берганлар.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг ўзлари Бани Абс қабиласидан бўлганлар. Аммо ансорларнинг Бани Абдулашҳал қабиласига қўшиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Хоҳласанг ансорлардан бўл, хоҳласанг муҳожирлардан бўл», деганлар. Ўшанда Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу:
«Ансорлардан бўламан», деганлар.
«Сен улардансан», деганлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Хўш, нима учун бундоқ бўлди, деган савол туғилади. Бу саволга жавоб топиш учун Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг насабларига, у кишининг оиласи тарихига назар солиш керак бўлади.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямон ибн Жобир ал-Абсий, ал-Маккий, ал-Ямонийдир. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг оталарининг исми аслида Ҳисл бўлган. Ўша Ҳисл бир одамни ўлдириб қўйиб, Мадинага қочиб келган. У ерда Ҳисл Бани Абдулашҳал билан шартнома тузган. Унинг қавми Бани Абдулашҳални «ямонийлар» деб аташар эди. Шунинг учун ҳам Ҳислни улар билан шартнома тузгани ва ҳимояларида яшагани учун Ямон деб атай бошладилар.
Ўша Ямон Бани Абдулашҳал қабиласидан Рибоб бинти Каъб ал-Ашҳалия деган аёлга уйланди. Икковларига Аллоҳ таоло Ҳузайфа, Саъд, Сафвон, Мудлаж ва Лайло деган фарзандларни берди. Рибоб мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилди.
Аввал Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг оталари Ямон Исломга кирди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиши билан ўз қавмининг бир неча одамлари билан тезда Маккага борди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мусулмон бўлди. Сўнгра Ямон Мадинага қайтди. Унинг аҳли ва яқинлари ҳам мусулмон бўлдилар.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу мусулмон оилада ўсдилар. У киши оталари ва қавмининг баъзи кишилари билан Маккага бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиб келдилар. У киши Ислом таълимотлари остида саодатли ҳаёт кечиришни бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг қалблари қувончга тўлди ва у зотнинг мажлисларида доимий равишда ишитирок этиб, баҳраманд бўла бошладилар. У киши набавий дорулфунуннинг мухлис талабасига айландилар. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу набавий дорулфунунда Қуръони Карим, шаръий илмлар билан бир қаторда олиймақом инсоний фазилатларни ҳам ўзларига пухта сингдирдилар. У киши ҳақ йўлида бақувват ҳаким, нифоқ ва алдамчиликни ёмон кўрадиган ростгўй ва шижоатли инсон бўлиб бордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорларни биродарлаштирганларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуни Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.
Муҳиддинов Музаффар
таълим муассасаси ўқитувчиси