
Жобир розияллоҳу анҳунинг оталари Абдулло ибн Амр розияллоҳу анҳунинг фазллари
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ал-Ансорий Бани Салама қавмидан бўлиб, аҳли Мадинанинг ичида дастлаб мусулмон бўлган кишилардан эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи «Ақаба» байъатида байъат қилган ва ўн икки нақиблардан бири этиб сайланган эдилар.
У кишининг ана шу тарихий байъат иштирокчиси бўлишларининг ўзи катта фазл эди. Бунинг устига нақиб этиб сайланишлари фазл устига фазл бўлди.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Маккада «Ақаба» байъатида қатнашиб, Мадинага қайтиб келганларидан кейин жонларини ҳам, молларини ҳам, болаларини ҳам Ислом йўлига тикдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин эса, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу у зотнинг суҳбатларида доимий иштирок этадиган бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашиб фидокорлик кўрсатдилар.
Келаси йили мушриклар ўч олиш учун Мадина устига ёпирилиб келишди. Бу хабар шаҳарда тарқалиб, мусулмонлар душманга қарши жангга ҳозирлана бошлашди.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу жуда ҳам хурсанд эди. У киши ўз ўғли Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни ҳузурига чорлаб: «Мен ушбу жангда шаҳид бўлсам керак. Мусулмонларнинг биринчи шаҳидларидан бўлсам керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин энг яхши кўрадиган одамим сенсан. Бўйнимда қарз бор. Сен қарзни адо этгин. Сингилларингга яхши қарагин», дедилар.
Эртасига ҳаёт-мамот жанги бошланди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўлимни бўйниларига олган ҳолда жанг қилдилар.
Жанг тамом бўлиб мусулмонлар шаҳидларини тўплай бошладилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам бошқалар қатори шаҳид бўлган отасини излаб топди ва шаҳидни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди.
3132- عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: أُصِيبَ أَبِي يَوْمَ أُحُدٍ وَجِيءَ بِهِ مُجَدَّعًا بَيْنَ يَدَيِ النَّبِيِّ r فَجَعَلْتُ أَكْشِفُ الثَّوْبَ عَنْ وَجْهِهِ وَأَبْكِي وَهُمْ يَنْهَوْنَنِي وَرَسُولُ اللهِ r لاَ يَنْهَانِي وَجَاءَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ عَمْرٍو وَعَمَّةُ جَابِرٍ تَبْكِيهِ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: تَبْكِيهِ أَوْ لاَ تَبْكِيهِ مَا زَالَتِ الْمَلاَئِكَةُ تُظِلُّهُ بِأَجْنِحَتِهَا حَتَّى رَفَعْتُمُوهُ . رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
3132. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам Уҳуд куни мусибатга учради. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қулоқ-бурни кесилган ҳолда олиб келинди. Мен унинг юзидан кийимни очиб йиғлай бошладим. Одамлар мени бундан қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтармадилар. Фотима бинти Амр келиб, унга йиғлай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен унга йиғлайсанми-йиғламайсанми, барибир. Фаришталар унга қанотлари билан соя солиб турибдилар. Бу уни кўтаргунларингча давом этадир», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Бахтни қаранг!
Саодатни қаранг!
Фазлни қаранг!
Мартабани қаранг!
Ўликнинг устидан фаришталар соя солиб турсалар-а!
Ўша фаришталар соя солиб турган шаҳиди аъло жасади–Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг жасадини у кишининг хотинлари туяга ортдилар. Ўша аёл у кишига қўшиб туяга яна бошқа бир шаҳидни–ўз акаларининг жасадини ҳам ортди ва Мадина томон йўл олди.
Улар йўлда кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жарчилари орқаларидан келиб: «Шаҳидларни қатл қилинган жойларига дафн қилинглар!» деб жар солди. Ҳар ким ўз шаҳидини олиб, ортга қайтди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шаҳидларни дафн қилиш ишларига раҳбарлик қилдилар. Кимни қаерга ким билан кўмиш ҳақида амр қилиб турдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни дафн қилиш навбати келганда, у зот алайҳиссалом: «Абдуллоҳ ибн Амрни Амр ибн Жамуҳ ила бир қабрга дафн қилинглар. Икковлари бу дунёда дўст эдилар», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари бажо келтирилди.
Кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга: «Эй Жобир, Аллоҳ ким билан гаплашган бўлса, ҳижоб ортидан гаплашган. Фақат сенинг отанг билангина юзма-юз гаплашди. У Зот унга: «Эй бандам, сўра берурман», деди. «Эй Роббим, мени дунёга қайтаришингни ва Сенинг йўлингда яна бир қатл қилинишимни сўрайман», деди у. Аллоҳ унга: «Батаҳқиқ, менинг: «улар унга қайтарилмаслар», деган қавлим ўтиб қолган», деди. «Эй Роббим, менинг ортимда қолганларга бизга берган неъматларинг хабарини бер», деди у. Бас, шунда Аллоҳ таоло ушбуни нозил қилди: «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки, улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар.
Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан ўзларига қўшилмаган биродарларига, уларга хавф йўқлигини ҳамда хафа ҳам бўлмасликларининг хушхабарини бермоқдалар.
Улар Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслигининг хушхабарини бермоқдалар».
Бундан ортиқ фазл бўлиши мумкинми?!
Имом Бухорий, Насаий ва Абу Довудлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Отам билан бир одам бирга дафн қилинган эди. Кўнглим тинчимади. Охири уни чиқариб алоҳида қабрга қўйдим».
Абу Довуд: «Бас, уни олти ойдан кейин чиқардим. Унинг соқолининг ерга теккан жойидан баъзи қисмлари бир оз ўзгарган экан, холос», деган гапни зиёда қилган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталари билан бир қабрга кўмилган одам аввал айтилганидек, Амр ибн Жамуҳ Ансорий розияллоҳу анҳу бўлганлар. Икковлари бир қабрга қўйилган эди.
Аммо Жобир розияллоҳу анҳунинг кўнгиллари ҳеч тинчимаган. Шунинг учун олти ойдан кейин қабрни очиб, отасини чиқариб, бошқа қабрга кўмганлар. Жобир розияллоҳу анҳунинг оталари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг таналари кўмилганига олти ой бўлишига қарамай чиримай турган экан. Бу ҳам бежиз эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликларидаги қилинган бу иш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқрорлари билан бўлган. Агар нотўғри бўлса, албатта, тузатар эдилар. Ҳаттоки, баъзи ҳолатлардаги каби Қуръон оятлари нозил бўлиши мумкин эди.
Бу ҳам бир фазл.
Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
Муҳиддинов Музаффар
таълим муассасаси ўқитувчиси