Яратилиш санаси 19.11.2025

ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗИ

فرض الوضوء

 غسل وجهه وهو من قصاص الشّعر إلى أسفل الذّقن وإلى شحمتي الأذن ويديه بمرفقيه ورجليه بكعبيه ومسح ربع رأسه ولحيته.

Юзини (“Юз” деб (узунасига) соч чиққан жойдан то жағ остигача, (энига) бир қулоқ солинчагидан иккинчи қулоқ солинчагигача бўлган жойга айтилади), икки қўлини тирсаклари билан, икки оёғини тўпиқлари билан ювиши ва бошининг ҳамда соқолининг тўртдан бирига масҳ тортиш.

Изоҳ: الغسل [ал-ғаслу] – “ювиш” деганда ювиладиган аъзога томчилайдиган даражада сувни оқизиш ёки сувни оқизиш билан нарсадан кирликни кетказиш тушунилади.

المسح [ал-масҳу] – “масҳ” сўзи луғатда қўлни бирор нарса устидан юргизиш, урфда эса аъзога намликни етказиш деган маънони англатади. 

Муаллиф таҳорат фарзларидан сўнг унинг суннатларини зикр қилиши таҳоратда вожиб амаллар йўқлигига ишорадир. Агар таҳоратнинг вожиблари бўлганида, албатта, уни келтириб ўтган бўлар эди.

سنن الوضوء

ТАҲОРАТНИНГ СУННАТЛАРИ

وسننه غسل يديه إلى رسغيه ابتداءً والتّسمية والسّواك وغسل فمه وأنفه وتخليل لحيته وأصابعه وتثليث الغسل ونيّته ومسح كلّ رأسه مرّةً وأذنيه بمائه والتّرتيب المنصوص والولاء.

Аввал икки қўлни бўғимларигача ювиш, тасмия айтиш, мисвок қилиш, оғиз ва бурунни чайиш, соқол ва бармоқлар орасини хилол қилиш, ювишни уч мартадан қилиш, ният қилиш, бошнинг ҳаммасига ва икки қулоққа бир бора масҳ тортиш, таҳорат борасида Қуръонда келган тартибга риоя қилиш, кетма-кет қилиш(бир аъзони ювгач, бошқа амал аралаштирмасдан, навбатдаги аъзони ювиш. Бунда бир аъзони ювгач, у қуриб қолмасидан, кейинги аъзо ювилади).

Изоҳ: Тасмия айтиш. “Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм” ёки “бисмиллааҳи вал ҳамду лиллааҳи ъалаа дийнил ислаам” деган калималарни таҳорат аввалида айтмоқлик.

Мисвок қилиш. Суннатга кўра, мисвок узунлиги инсон қаричидек, йўғонлиги эса жимжилоқ бармоқдай келадиган, арок номли дарахт илдизидан олинган новда. Таҳоратдан олдин ёки оғиз чайқаётган вақтда мисвок қилиш суннат. Мисвок топилмаган вақтда бармоқлар билан тишлар ишқалаб ювилади.

Оғиз ва бурунни чайиш. Оғиз ва бурун алоҳида-алоҳида ювилади. Оғизга сув олинади, ичига тўла етказилади ва ғарғара билан муболаға қилинади. Бурунга ҳам алоҳида сув олинади,  бурунни қаттиқ қисмигача сув етказилади.

Соқол ва бармоқлар орасини хилол қилишСоқолни хилол қилишда соқолнинг пастки орасига нам қўл киритилади ва устки қисми томон тортилади. Бармоқларни хилол қилишда эса икки қўл бармоқлари бир-бирига киритилади.

Ювишни уч мартадан қилиш. Бунда биринчиси фарз, иккинчиси суннат, учинчиси суннатни комил қилиш учун бўлади.

Бошнинг ҳаммасига ва икки қулоққа бир бора масҳ тортишБошга масҳ тортишнинг кўриниши – бармоқ ва кафт ҳўлланади, бош ва кўрсаткич бармоқдан ташқари бармоқларнинг ички қисми бошнинг олд қисмига қўйилади, ана шу учта бармоқни теккизган ҳолда бошнинг тепасидан орқа қисмигача юргизилади. Орқа қисмига кафт ичи қўйилади, бошнинг ён тарафлари орқали олд қисми томон тортилади. Кейин қулоқ ичи кўрсаткич бармоқ билан, ундан сўнг қулоқнинг орқа томони бош бармоқ билан масҳ қилинади. Бундан бошқа кўнишлар ҳам мавжуд...

Таҳорат борасида Қуръонда келган тартибга риоя қилиш. Аввал юз, кейин икки қўл тирсаклари билан ювилади, кейин бошга масҳ тортилади, ундан сўнг эса оёқ ювилади.

Кетма-кет қилиш. Бир аъзони ювгач, бошқа амал аралаштирмасдан, навбатдаги аъзони ювиш. Бунда бир аъзони ювгач, у қуриб қолмасидан, кейинги аъзо ювилади.

 Саминов Азамхон,

таълим муассасаси ўқитувчиси