
НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ЗИКРЛАР ВА УЛАРНИНГ ЎРНИ
Ҳар бир мамлакатнинг ўзига яраша урф-одатлари, анъаналари, ўзларининг миллий кўринишлари бўлади. Шариати исломиййа эса ана шундай миллийликда агар Аллоҳ ва унинг расулига осийлик бўлмайдиган бўлса, уни қўллаб-қувватлайди. Уни йўққа чиқармайди. Балки, урф-одатларни ҳам шариатнинг бир масдари ўлароқ шаръий ҳукмларни олиш дастурларига киритади. Хусусан, бу нарса бизнинг Ҳанафиййа мазҳабимизда – Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабларида яққол ўз аксини кўрсатган. Агар ўша урф-одат оят ёки ҳадисда зикр этилган бўлса ёки гарчи ўша урф-одат жуда заиф ҳадисларга суянаётган бўлса ҳам, ана унда Ҳанафий мазҳаб уни мутлақо қўллайди. Агар улар аҳод, аммо саҳиҳ ҳадисларга эътимод қилаётган бўлса, демак, унда Ҳанафий мазҳаби уларни суннат даражасига кўтаради.
Ана шундай амаллардан бири намоздан сўнг тасбеҳ айтиш ва оятал курсийни ўқиш масаласи бўлиб, бу амалларни намоздан сўнг бажариш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, тасбеҳ ва оятал курсийни ўқиш мустаҳаб даражасидаги амаллардир. Уларга доимий амал қилиб юриш катта савоб ва ажрларга эга бўлишга сабаб бўлади.
Мана шу зикру тасбеҳларни “Оят ал-курсий”ни қачон айтилади, фарздан кейин дарҳолми ёки намознинг охиридами эканлиги борасида ихтилоф қиладилар. Қуйида шу масалани ўрганиб чиқамиз. Намоздан кейинги дуо ва истиғфор айтиш борасида Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَقْعُدُ إِلَّا بِمِقْدَارِ مَا يَقُولُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَام رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ والامام الترمذي
Яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат "Аллоҳумма антассалам ва минкас салам табаарокта я залжалали вал икром", дейдиган миқдорича ўтирардилар”Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни озод қилган мавлолари Савбон розияллоу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда намоздан сунг қанча миқдорда туриш ва дуо истиғфор айтиш зикр қилинади :
عن ثَوْبَان رضي الله عنه قال: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا انْصَرف من صلاته اسْتَغْفَر ثلاثا، وقال: اللهُمَّ أنت السَّلام ومِنك السَّلام، تَبَارَكْتَ يا ذا الجَلال والإكْرَام رواه مسلم
Савбон розизияллоҳу анҳудан ривоят қилинади айтадиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг уч марта “Астағфируллоҳа” дер эдилар сўнг "Аллоҳумма антассалам ва минкас салам табаарокта я залжалали вал икром", дердилар. Муслим ривояти.
Яъни: Фарз намозини ўқиб бўлганидан сўнг юқорида келтирилган дуо ва истиғфор айтиш билан чекланади бунга зиёда қилинмайди сўнг туриб суннат намози ўқилади агар фарз намозидан сўнг суннат намози ўқиладиган намоз бўлса, масалан пешин, шом ва ҳуфтон намозлари каби.
Намозлардан кейин тасбеҳ ўқиш борасида Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шарифлар ворид бўлган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: قال رسول الله صل الله عليه وسلم: مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ قَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ رواه الامام مسلم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар : Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта "Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллаҳ, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса бу тўқсон тўққизта бўлади, юзинчисида “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодийр”, деса, агарчи гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади дедилар.” Имом Муслим ривояти.
Демак, намоздан кейинги зикру тасбеҳлар тилга осон бўлишига қарамай, қиёмат куни амаллар тарозусини тўлдириб, оғир келади. Бу Аллоҳ таолонинг биз Ислом умматига берган катта имтиёзи ва марҳаматидир.
Мана шу зикр ва тасбеҳларни масжидларда фарз намозлардан сўнг жамоа бўлиб айтиш мумкинлигига қуйидаги ҳадиси шарифни келтириш мумкин:
وعن أنس - رضي الله عنه - ، قال : قال رسول الله - صلى الله عليه وسلم : " إذا مررتم برياض الجنة فارتعوا " قالوا : وما رياض الجنة ؟ قال : " حلق الذكر " رواه الترمذي .
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади айтадиларки : Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат боғлари, гулзорларига дуч келиб қолсангизлар, бемалол ўтлангизлар! (бориб ҳузур қилингизлар!)”. Асҳоби киромлар сўрашди: “Жаннат боғлари, гулзорлари деганингиз нима у?” Ул зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жавоб бердилар: “Зикр ҳалқалари”. Термизий, ривояти.
Имом ат-Тийбий бундай деган: “Зикр”дан мурод тасбиҳ, таҳлил, тамжид (“Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллоҳ, Аллоҳу акбар”) каби зикр калималаридир.
Имом Термизий Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат боғлари деб масжидларни таърифлайдилар. Боғларида ўтламоқ, ҳузур қилмоқ ва маза қилмоқликни эса: “Субҳоналлоҳ ва-л-ҳамдулиллоҳ ва ло илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деб тасбиҳ айтмоқ” деб баҳолаганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан “зикр ҳалқалари” ўлароқ намоздан кейинги тасбиҳотларни жамоат бўлиб ўқишнинг фазилатли эканлиги келиб чиқмоқда. Бизнинг юрт аҳли асрлар давомида ана шундай ҳадиси шарифларга амал қилиб келишган. Диёримизда қадимдан ушбу гўзал Набавий тавсияларга амал қилиб келинмоқда ва бунинг баъзилар даъво қилгани каби шариатимизга зид келадиган жойи йўқ.
“Оят ал-курсий”ни ўқиш борасида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шарифлар келган:
عن الحسن بن علي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صل الله عليه وسلم: مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ فِي دُبُرِ الصَّلَاةِ الْمَكْتُوبَةِ كَانَ فِي ذِمَّةِ اللَّهِ إِلَى الصَّلاةِ الأخرى رواه الامام الطبراني).
Ҳасан ибн Али Розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам :Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади дедилар” Имом Табароний ривояти.
Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ مَكْتُوبَةٍ لَمْ يَمْنَعْهُ دُخُولَ الْجَنَّةِ إِلَّا أَنْ يموت رواه الامام النسائي
Абу Умома розияллоҳу анҳидан ривоят қилинади айтдилар:“ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради дедилар.” Имом Насоий ривояти.
Юқоридаги ҳадиси шарифлар намоз сўнг тасбеҳ айтиш ва “Оят ал-курсий”ни ўқиш мустаҳаб амал эканлигига далил бўлади.
Мана шу тасбеҳ ва “Оят ал-курсий”ни ортидан суннат намози ўқиладиган пешин, шом ва хуфтон намози каби намозларда аввал тасбеҳ ва “Оят ал-курсий”ни ўқиб сунг суннат ўқиладими ёки суннатлардан сўнг ўқилади.
Бу борада Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда :
عن حذيفة رضي الله عنه عجِّلُوا الرَّكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ لِيُرْفَعَا مَعَ الْعَمَلِ رواه الامام البيهقي
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : “Шомдан кейинги икки ракат суннатни шошилтиринглар. Тоинки, фарз билан суннат биргаликда Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилсин!” Имом Байҳақий ривоятлари.
Қуйидаги ҳадис ҳам юқоридаги маънони қўллаб қувватлайди:
مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يَتَكَلَّمَ كُتِبَنَا فِي عِلِّيِّينَ (رواه الامام عبد الرزاق عن مكحول مرسلا).
Яъни: "Ким шомдан кейин (одамлар билан) гап-лашишдан аввал икки ракат (суннат) намоз ўқиса, ўша икки ракат Иллийинга ёзилади" (Имом Абдур-раззоқ ривоятлари).
«Иллиййин» - аршга осилган лавҳ бўлиб, унга бандаларнинг амаллари ёзилади («Тафсири Қуртубий» китоби, Ибн Аббосдан ривоят қилинган).
Бу ҳадисни шарҳлаб Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: "Ҳадисдаги "гаплашишдан аввал" ибораси зикрми, одатий сўзларми ҳаммасини ўз ичига олади (яъни, фарздан кейин туриб дарҳол суннат ўқиш керак, деган маъно келиб чиқади).
Лекин юқорида Оиша онамиздан ривоят қилинган миқдорда фарз ва суннат ўртасини бўлиш истисно қилинади (яъни, жоиз бўлади). Фарз ва суннатнинг ўртасини ажратиш мазкур миқдордан ошиб кетса, мана шу ҳадис сабабли ман қилинади. Агарчи ҳадис шом намозининг суннати ҳақида хос бўлиб келган бўлса ҳам, унинг ҳукмига пешин ва хуфтон намозларининг суннатлари ҳам кўшилади. Чунки суннат намозларининг умумий ўхшашли-ги бор, у ҳам бўлса фарзни тўлдирувчи сифатида унга тобеъ (эргашувчи) қилиб қўйилганидир”.
Бундан ташқари фарз билан суннатларни орасида фосила бўлиши лозим бўлади бунга қуйидаги ривоят ҳам далил бўлади. Тобиъийнлардан бўлган Азрақ ибн Қайс айтадилар. Бизга Абу Римса деб куняланган зот имом бўлиб намоз ўқиб бердилар. У деди: Бу намозни ёки шу намозга ўхшаш бир намозни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқиган эдим. Абу Бакр ва Умардек зотлар олдинги сафда Расуллуллоҳнинг ўнг тарафида туришган эди. Бир киши намоздан такбирати уло (такбири таҳрима)га гувоҳ бўлди. Бас, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, сўнг ўнг ва чап тарафларига салом бердилар, ҳатто юз чаккаларининг оқлигини кўрдик. Сўнг худди Абу Римса ўгирилганидек, Расулуллоҳ ҳам ўгирилдилар. Шунда ҳалиги такбирати улони топган киши икки ракъат намоз ўқиш учун туриб кетаётган эди, Ҳазрати Умар ўрнидан сакраб туриб, унинг елкаларидан ушлади ва тортди. Сўнг деди: “Ўтир! Чунки аҳли китоблар намозлари орасида фосила бўлмаганлиги учун ҳалок бўлишди”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларини кўтариб, дедилар: “Эй Хаттобнинг ўғли, Аллоҳ сени ҳақиқатга тўғрилади”. Ушбу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Юқоридаги ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўлмоқдаки, фарз билан унинг суннати орасида бир оз муддат фосила – ажратиб ўтириш мавжудлиги маълум бўлмоқда. Шунга кўра намозхон фарз билан суннат намозларини орасидаги фосилани жуда ҳам қисқа ва узун қилиб юбормаслиги келиб чиқади.
Демак юқоридаги ҳадиси шарифлардан суннатлардан сўнг тасбеҳ оятал курсий каби зикр ва дуоларни ўқиш мумкинлиги ва уларни жамоа бўлиб ўқиш мумкинлиги келиб чиқади. Ва яна фарздан кейин суннатда келган дуоларни суннат намозлардан олдин қилиш лозим деган масала келиб чиқмайди айрим кимсалар ўйлаганлари каби.
Бу мавзуда Аллома ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:
وَأَمَّا مَا وَرَدَ مِنْ الْأَحَادِيثِ فِي الْأَذْكَارِ عَقِيبَ الصَّلَاةِ فَلَا دَلَالَةَ فِيهِ عَلَى الإتيان بها قبل السُّنَّةِ ، بَلْ يُحْمَلُ عَلَى الْإِبْيَانِ بِمَا بَعْدَهَا ؛ لِأَنَّ السُّنَّةَ مِنْ لَوَاحِقِ الْفَرِيضَةِ وَتَوَابِعِهَا وَمُكَمِّلَاتِهَا فَلَمْ تَكُنْ أَجْنَبِيَّةً عَنْهَا ، فَمَا يُفْعَلُ
بَعْدَهَا يُطْلَقُ عَلَيْهِ أَنَّهُ عَقِيبَ الْفَرِيضَةِ .
Яъни: “Намоздан кейинги зикрлар ҳақидаги ҳадисларда уларни суннатдан аввал қилиш кераклигига далолат йўқ. Балки суннатдан кейин зикр қилиш кераклиги тушунилади. Чунки суннатлар фарзларга қўшилувчи, эргашувчи ва уларни мукаммал қилувчидир. Суннатлар фарзлардан айро эмас. Суннатдан кейин қилинган зикрларни ҳам, фарздан кейин бажарилган ҳисобланади" ("Раддул муҳтор" китоби). Баъзи ҳадисларнинг зоҳиридан тушунилган фарз намозларидан кейин дарҳол зикрлар қилиш масаласини уламоларимиз юқоридаги кўринишда, суннатдан далил келтириб ҳал қилганлар. Бу каби масалаларда фуқаҳоларимиздан ҳеч ким ҳадисни қўйиб, ўз фикрини олға сурмаган. Шундай экан, фарзу суннатларни тугатгандан кейин зикр қилиш ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларию феълларига мос келиб турганда, одамлардан ажралиб қолиб, улар суннат намозини ўқишга турганда анчагина ўтириб қолиш, натижада турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқариш ибодатнинг савобини кетказиб қўяди. Бу масалада нафсу хоҳишимиз билан эмас, балки суннатга мувофиқ йўл тутсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ишанов Исмоилхон,
Таълим муассасаси ўқитувчиси