Яратилиш санаси 15.10.2021

Суннат ва ҳадис

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари давомида айтган гаплари ҳамда қилган ишлари “ҳадис”дир.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “шамоил”лари – хулқ-атвори ҳамда тузулишлари ҳақидаги гап-сўзлар ҳам “ҳадис”дир.

Ул зоти шарифнинг ҳаётлари ва умрлари давомидаги воқеа ва ҳодисалар – “сийрат”лари ҳам “ҳадис”дир.     Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “тақрир”лари – бошқалар айтган ёки қилган ишларини ул зоти шариф маъқуллаган бўлсалар, унга бирорта фикр билдирган ѐки умуман билдирмаган бўлсалар, бу ҳам “ҳадис”дир.

Яна эътибор беринг, ул зоти шарифдан кейинги саҳобаи киромлар ва энг катта тобеъинларнинг гап-сўзлари – “асор”лар, буларнинг барчаси “ҳадис” деб аталади.

Улар ҳадис китобларига жуда катта эътибор ва диққат билан киритилган бўлади. Албатта, буларнинг ҳаммаси “ҳадис”дир, лекин, уларнинг ҳаммаси “суннат” эмас, уларнинг барчаси ҳам уммат бажариши керак бўлган шаръий ҳукмлар эмас. Уларнинг орасида амалдан қолган, бутун бошли уммат амалга оширмаётган, ҳукми бекор қилинган ёки маълум бир ҳолатга қайд қилинган ҳадислар ҳам бўлиши мумкин.

Муҳаммад Абдураҳманов